Абдувоҳид Оҳтоев: "Ғазалкент" бизга қарши юқори прессингда ўйнаган илк жамоа бўлди"

Sherzod Nurmatov
27 апр 2026, 15:15
Пролиганинг навбатдаги турида "Лочин" Тошкентда "Ғазалкент" меҳмони бўлди ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ўйиндаги голлардан бирига ўтган мавсумда Биринчи лигада тўпурарликка эришган Абдувоҳид Оҳтоев муаллифлик қилди. Биз беллашувдан сўнг унинг фикрлари билан қизиқдик.

​— "Ғазалкент" билан ўйин аввалгиларидан қандай фарқ қилди ва ғалабада асосий омил нима бўлди?

​— Бу мавсумда "Ғазалкент" бизга қарши юқори прессинг билан ўйнаган биринчи рақиб бўлди. Иккала жамоа ҳам ғалабага муносиб иштиёқ кўрсатди, деб ўйлайман. Ғалабамизнинг асосий омиллари — мураббийларнинг кўрсатмалари ва йигитларнинг ғалабага бўлган юқори истаги бўлди. Ўйин анча қийин, шу билан бирга жуда қизиқарли кечди.

4.JPG

​— Голни нишонламаганингизнинг ўзига хос сабаби бор, ахир Зайниддин Тожиев қўл остида ўйнагансиз. Голдан сўнг қандай ҳиссиётларни бошдан кечирдингиз?

​— Ўтган йили "Замин" жамоасида Зайниддин Тожиев ва Жаҳонгир Усмонов каби мураббийлар билан ишлаш имконига эга бўлганман. Улар менга янги қирраларимни очишга ва футболдан янада кўпроқ завқ олишга ёрдам беришган. Мураббийлар мендан ҳеч қачон ёрдамларини аяшмаган, шу сабабли уларга бўлган ҳурматим чексиз. Шу боис, гол нишонламасликка ўйиндан олдин қарор қилгандим. Гол урганимдан сўнгги ҳиссиётларимга келсак, "Ғазалкент" сафида мен билан бирга ўйнаган кўплаб дўстларим борлиги учун ўзимни худди собиқ жамоамга гол ургандек ҳис қилдим.

​— Ўтган йили "Биринчи лига"да тўпурар бўлгансиз. Пролига билан Биринчилигани солиштира оласизми?

​— Пролигада гол уриш анча қийинроқ. Лекин бу ердаги голларнинг қиймати ҳам юқорироқ. Менимча, икки лига ўртасидаги асосий фарқ жамоаларнинг ўйинларга бўлган ёндашувида. Аммо бу Биринчи лига да гол уриш осон дегани эмас, у ерда ҳам доимо кучли футболчилар бўлган.

2.jpg

​— Ҳозирда "Лочин" шарафини ҳимоя қиляпсиз. Жамоа, мураббийлар ва яратилган шароитлар ҳақида фикрингиз қандай?

​— Йил бошида Пролиганинг бошқа жамоаларидан ҳам яхши таклифлар бўлганди. Легионер бўлишни режа қилгандим, аммо трансфернинг сўнгги босқичида менга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра амалга ошмай қолди. Ўзбекистонга март ойида қайтдим, бу пайтда эса кўплаб жамоалар таркибини шакллантириб бўлганди. Шунга қарамай, "Лочин" жамоаси менга имконият берди. Жамоамиз ўрта ёшли, иқтидорли футболчилардан йиғилган. Мураббийлар билан муносабатларимиз жуда яхши, улар биздан доим ўсишни ва ўз даражамизни кўрсатишимизни талаб қилишади. Шароитларга келсак, жамоанинг илк бор Пролигада қатнашаётганини ҳисобга олсак, барчаси талаб даражасида.

​— Бу йилги мавсум ҳозиргача бўлган ўйинлар орасида энг қийини қайси бўлди?

​— Мавсумдаги барча ўйинларимизнинг ўзига хос қийинчиликлари бор. Менимча, "Шўртан"га қарши ўйинда камида дурангга лойиқ эдик. Аммо бу — футбол, мағлубиятлар ҳам бўлиб туради. Энг муҳими, хатоларимиз устида ишлашдан тўхтамаслик.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Championat.asia