

“Ўйинни яхши бошладик. Илк гол қарши ҳужумда киритилди. “Ғазалкент” жамоасидаги ўйинчиларнинг ёши… тўғрисини айтсам улар мени ҳайратда қолдирди. Уларнинг ёши шунчаки қоғозда, аммо уларнинг фикрлаши ва ўйин жиҳатдан ҳар қандай жамоани қийнайди. 2:0 ҳисобида ғалаба қозондик, аммо баҳс қийин ўтди”, — дея гап бошлади мутахассис.
— “Лочин” бугун ўз ўйинини рақибга ўтказа олдими ёки бугун шунчаки “Ғазалкент”нинг куни эмасмиди?
— Биз ўйлагандек қарши ҳужумда гол урдик. Биринчи бўлимда гол урганимиздан сўнг ўйинимизда пасайиш кузатилди. Аммо, иккинчи бўлимда тўпни кўпроқ назорат қилдик ва прессинг уюштирдик. Рақибнинг ёш ўйинчилари ҳар бир қарич ер учун курашди ва бизга ўйлашга ортиқча вақт беришмади.
— Жароҳат олган Илҳом Алижоновнинг қачон майдонга қайтиши борасида янгилик борми?
— Йўқ, ҳали аниқ эмас. Бугун Тошкентда текришувдан сўнг аниқ бўлади.
— Кўплаб клублар Суперлигага чиқиш мақсадлари эканлигини таъкидлашди. “Лочин”да ҳам шундай мақсад борми?
— Мақсадимиз Суперлигага чиқиш эмас. Биз ҳар бир жамоага қарши чиройли ўйнаб, мухлисларимизни хурсанд қилмоқчимиз. Яна бир мақсадимиз Суперлига даражасида футболчиларни етиштириш. Жамоамиздаги ўйинчилар Суперлигага ўта олмай қолганлар, аммо уларнинг иқтидори ва фикрлаши ҳеч кимникидан паст эмас. Фақатгина ўша пайтда кучсизроқ бўлишган бўлиши мумкин. Ҳозирда уларга иккинчи имконият берилмоқда. Ректоримиз Дилмурод Ҳамидуллаевичга шундай жамоа тузгани учун раҳмат айтмоқчиман.
— Ишлаган жамоаларингизда кўпроқ натижа қайд этишга ҳаракат қиласиз. Жамоага муносабат бўйича принципларингиз қандай?
— Ҳар бир мураббийнинг ўз йўналиши бўлади. Аввало, ҳар бир жамоани қабул қилиб олганимизда футбол ўйнашга, тезроқ фикрлашга, ўйлашга ҳаракат қилдирамиз. Шунингдек, тўпсиз ҳолатда ҳам фикрлаб футбол ўйнашни тарғиб қиламиз. Ҳар бир футболчи билан индивидуал ҳаракат қилиб, уларнинг ўзларига бўлган ишончини орттириб боришга ҳаракат қиламиз.
— Ҳозирда боксинг-дэй бўлиб ўтмоқда ва бу ҳолатда иккита таркиби бор жамоаларга осонроқ. Бу борада “Лочин”да вазият қандай?
— Охирги пайтларда ҳимоячиларимиздан Олим Каримов қўли синиб қолди ва Илҳом Алижоновнинг оёғида жароҳат бор. Шунингдек, Ферузнинг ҳам оёғида жароҳат бор. Ҳимояда ротация қилишнинг иложи йўқ, аммо буни ярим ҳимоя ва ҳужумда қиляпмиз.
— Олдин Суперлигада ўйнаб, ҳозирда Пролигада ҳаракат қилаётган Жавоҳир Ҳасановнинг бугунги ўйинига қандай баҳо берасиз?
— Жавоҳир бугун ўзини яхши томонлама кўрсатди. Унинг имкониятлари бундан ҳам юқори. Яна ўзига ишончни орттира олса, бундан ҳам чиройли ўйин кўрсата олади. Унда бор тезлик ва дриблинг кам сонли ўйинчиларда бор. У агар ўзига бўлган ишончни орттира олса, бемалол Суперлигада ўйнай олади.
— Жамоанинг молиявий ҳолати қандай?
— Бизда молиявий муаммолар йўқ. Ҳамма маошлар ва мукофот пуллари вақтида бериляпти.



