Яман узоқни кўзлаб иш қилди: U-17 терма жамоаси катта мусобақаларда ўзини кўрсатишга тайёр

Nadirkhuja Yuldashev
16 апр 2026, 13:45
2025 йил Саудия Арабистонида бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё Кубогида Яман терма жамоасининг 23 талик таркибида 10 нафар 2009 йилда таваллуд топган футболчи рўйхатдан жой олган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас — якуний қайдномага киритилган яна 6 нафар футболчи 2010 йилда туғилган. Бор-йўғи 7 нафар футболчигина 2008 йилда таваллуд топган.

Яман U-17 жамоаси тез кунда старт оладиган Осиё Кубогининг “E” гуруҳидан ўрин олган ва улар Ўзбекистоннинг “D” гуруҳидан чиққан жамоага қарши баҳс олиб борадилар. Катта эҳтимол билан 1/4 финалда биз Яман — Ўзбекистон ўйинига гувоҳ бўламиз. Агар шундай бўлса, бу ўйинда аниқ фаворит бўлмайди.

Ўзбекистон Осиё Кубогини ютган мусобақада яманликлар ЖЧ йўлланмасини қўлга киритишга жуда яқин келган эди. Сўнгги турда улар Жанубий Кореяга қарши баҳс олиб боришди. Бу ўйинда ким ғалаба қозонса, гуруҳда иккинчи ўринни эгалларди. Кореяликлар қийинчилик билан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Гуруҳда эса Индонезия биринчи ўринни олганди.

Келаётган Осиё Кубогида Яман гуруҳ ғолиби бўлиши ҳам мумкин. Бу сафар уларнинг гуруҳида Вьетнам, БАА ва яна Жанубий Корея бор. Бир йил аввал шу таркиб билан яманликлар 2008 йилда таваллуд топган шарқий осиёликларга қарши ўйнаган бўлса, эндиликда таркиб деярли ўзгармаган ҳолда 2009 йилликларга қарши баҳс олиб борадилар.

image_2026-04-16_12-51-08.png

Сўнгги йилларда Осиё футболи Африкадан қолишмай бормоқда. Шу билан бирга, Яқин Шарқда узоқ йиллар давом этаётган нотинчликлар сабаб айрим ҳолатларда ҳужжатларни текшириш масаласи ҳам мураккаблашган. Ким қачон туғилгани ҳақидаги маълумотлар доимо ҳам шаффоф эмас. Аммо бу биз учун баҳона бўлмаслиги керак. Чунки тинч ва имкониятлар етарли бўлган шароитда ҳам бизнинг футболда ёшни сохталаштириш каби иллатларга барҳам берилмаяпти. Ва бу нарсани қўшни давлатларимизда ҳам оммавий бўлаётганини кўряпмиз. Шунинг учун ҳам Марказий Осиё футболи ўсмирлар ўртасида яхши натижаларга эришаётган бўлсада Япония ва Жанубий Корея каби ривожланиб кетмайди. Шунинг учун ўсмирлар терма жамоасида жавлон урганлар, кейин катта футболда йўқ бўлиб қоладилар.

Қисқача айтганда, Яман 2 йил аввал нафақат 2026 йилги U-17 Осиё Кубоги, балки 2027 ва 2028 йилларни ҳам ҳисобга олган ҳолда режа тузган. Таркибдаги 2010 йиллик футболчилар бунинг тасодифий эмаслигини кўрсатади. Яқин кунларда, 5 май куни бошланадиган Осиё Кубоги учун терма жамоанинг кенгайтирилган таркиби эълон қилинади — кўрасиз, у ерда камида 4 нафар 2011 йилда таваллуд топган футболчи ҳам бўлади.

image_2026-04-16_12-50-09.png

Хулоса қилиб айтганда, ҳар йили U-17 ЖЧ мусобақасининг ўтказилиши бошқа мамлакатларни ҳам жиддий тайёргарликка ундамоқда.


Nadirkhuja YuldashevМуаллиф
Манба: Championat.asia