

Айниқса, "Нефтчи" — "Навбаҳор" тўқнашувлари авжига чиққан, муросасиз кураш, кетма-кет голлар ва шижоатга бой кечган даврлар мухлислар ёдида ўчмас из қолдирган.
Тарихда шундай беллашувлар бўлганки, ишқибозлар дарвозаларга урилган нақд 7 та голга гувоҳ бўлишган.
2010 йилги мавсумда ўтган ўша унутилмас учрашувда Мансур Саидов 10-дақиқадаёқ ҳисобни очади. Унга жавобан, 39-дақиқада Элёр Жаҳонов мувозанатни тиклайди. Аммо бу ҳали "денгиздан томчи" эди. 45-дақиқада Алишер Холиқов яна "Нефтчи"ни ҳисобда олдинга олиб чиқади. Буёғига очиқ футбол бошланди — жамоаларни фақат ҳакамнинг хуштагигина тўхтата оларди.

"Лочинлар"нинг украиналик легионери Евгений Сайко танаффусдан сўнг гол уриб, мувозанатни яна тиклашга эришади. Кейинроқ Анвар Бердиев пенальтини аниқ амалга ошириб, Фарғона клубини яна олдинга етаклайди. Голлар шоусини "Навбаҳор"дан Ғайрат Жўраев давом эттиради. Ваҳоланки, учрашувдаги якуний нуқтани "Нефтчи" ҳужумчиси Шерзод Ҳакимов қўяди — 4:3.

Ўша мавсум "Навбаҳор" учун анча яхши бошланган, Виктор Жалилов муносиб кураша оладиган жамоа шакллантирган эди. Наманганликлар дастлабки 7 та турда атиги 1 бор мағлубиятга учраб, чемпионат стартида ижобий натижалар кўрсатишган. Кейинчалик, афсуски, молиявий муаммолар фонида жамоа натижаларида пасайиш кузатилган.
"Нефтчи"ни эса ўша пайтда тажрибали Юрий Саркисян бошқараётган эди. Ислом Тўхтахўжаев, Сардор Мирзаев каби ёш ва иқтидорли футболчиларнинг катта саҳнага чиқиб келиши айнан шу мавсумларга тўғри келади.
Суннатилла Мамадалиев ("Навбаҳор"нинг собиқ ярим ҳимоячиси):
"Фарғонадаги дерби барибир дерби-да. Бундай ўйинларда жамоангиз турнир жадвалининг нечанчи ўрнида бораётгани умуман аҳамиятсиз бўлиб қолади. Қайси рақибни енгишингиздан қатъи назар, энг муҳими — дербида ғалаба қозониш. Босим жуда юқори бўларди.
Мавсум бошида жуда яхши таркибимиз бор эди, кейинчалик молиявий муаммолар юзага кела бошлади. Жамоани Сергей Ковшов бошқарган. Шу таркиб билан ҳам 3:4 ҳисобида бой берган бўлсак-да, майдонда ҳақиқий кураш кечган. Мухлислар жой етмаганидан дарахтларга чиқиб олишарди, кимнингдир қўли синган, кимдир лат еган... Қисқаси, дербилар доимо қизиқарли ва эсда қоларли ўтган".

Маълумот учун, 2010 йилги Олий лигада 14 та жамоа иштирок этган. Мавсум якунларига кўра "Навбаҳор" 9-ўринни, "Нефтчи" эса 10-ўринни эгаллаган.
Суперлига-2010. 16-тур
"Нефтчи" - "Навбаҳор" 4:3
Голлар: Мансур Саидов 10, Алишер Холиқов 45, Анвар Бердиев 54, Шерзод Ҳакимов 83 - Элёр Жаҳонов 39, Евгений Сайко 48, Ғайрат Жўраев 67
"Навбаҳор": Олег Горвиц, Раҳматилло Бердимуродов, Дониёр Усмонов, Михаил Денисов, Евгений Сайко, Суннатилла Мамадалиев, Элёр Жаҳонов, Тимур Айзатулов, Максим Кривой, Отабек Валижонов, Ғайрат Жўраев
Захирадан тушганлар: Иван Нагаев, Илҳом Бойдадаев, Абдумалик Абдуллаев
"Нефтчи": Юрий Цой, Владимир Радкевич, Иқбол Бобохонов, Мансур Саидов, Иқбол Акрамов, Сардор Мирзаев, Санжар Асқаралиев, Бахтиёр Ёқубов, Анвар Бердиев, Алишер Холиқов, Ойбек Нурбоев
Захирадан тушганлар: Дилёрбек Эрматов, Ислом Тўхтахўжаев, Шерзод Ҳакимов.



