Венсан Компани: ПСЖ – сўнгги йиллардаги Европанинг энг кучли жамоаси, аммо "Бавария" ўз кучига ишонади"

Aslanov Jasurbek
5 май 2026, 22:19
"Бавария" бош мураббийи Венсан Компани Чемпионлар Лигаси ярим финали доирасида ПСЖга қарши бўлиб ўтадиган жавоб ўйини олдидан ўз кутишлари билан ўртоқлашди (илк ўйин – 4:5).

– Сиз яна очиқ футбол кутяпсизми?

– Бу доим ҳар икки жамоага боғлиқ. Агар кимдир орқага чекиниб, кўпроқ ҳимояланишни истаса, ўйинда хотиржам паллалар бўлиши мумкин. Аммо ҳар икки жамоа ўзларини шу босқичгача олиб келган услубдан воз кечишини тасаввур қилиш қийин. "Бавария" ўз уйида ўйнайди, биз ғалаба қозонишни истаймиз ва бунинг учун бор кучимизни ишга соламиз.

– Бу ҳафта шаҳарда ўзгача муҳит сезиляптими?

– Ҳа. Жамоа ва мухлислар ўртасида яхши алоқа бор. Балки мавсум бошида ҳамма ҳам бизда ЕЧЛ финалига чиқиш имконияти бўлишига ишонмагандир, лекин мана биз шу ердамиз, биргаликда кўплаб ажойиб лаҳзаларни бошдан кечирдик. Ўйлайманки, мухлислар финалга чиқа олишимизга ишонишади, биз эса бу лаҳзани унутилмас қилмоқчимиз.

– Кўп гол ўтказиб юборилгани сизни хафа қилдими? Ёки бу шунчаки ўйин услубингизнинг бир қисмими?

– Бизнинг вазифамиз – ўйинларда ғалаба қозониш ва бунда бизга ёрдам берадиган ғояларимиз бор. Биз кўплаб ўйинларда ютишимиз мумкинлигини кўрсатдик, ПСЖ ҳам буни исботлади. Якунда ҳаммаси рақибдан битта кўп гол уришга бориб тақалади. Агар буни гол ўтказмасдан амалга оширсак – бу энг яхшиси бўларди.

– Пенальтилар сериясига тайёргарлик кўряпсизларми?

– Албатта, ўйиндан кейинги серия учун тепувчилар рўйхатимиз бор. Аммо бирор футболчи ўзини тайёр ҳис қилмаса ёки истамаса, уни нуқтага яқинлаштирмаймиз. Бу ҳақда Германия Кубоги ўйинлари олдидан ҳам гаплашгандик. Пенальти – мавсумнинг иккинчи ярмидаги машғулотлар жараёнининг бир қисми. Агар эртага иш шунгача борса, бу тасодиф бўлмайди.

– ПСЖ – сиз мураббий сифатида тўқнаш келган энг кучли жамоами?

– Менга бундай рейтинглар тузиш ёқмайди. Улар сўнгги икки йилда Европанинг энг кучли жамоаси бўлишди, Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқишди. Улар томонда нафақат футболчилар ва мураббийларнинг сифати, балки жамоанинг ёши ҳам бор. Улар ўрганишда ва яхшироқ бўлишда давом этишмоқда.

ПСЖ – биз ҳурмат қиладиган жамоа, уларга қарши ўйнаш жуда қийин. Шунга қарамай, биз ўз кучимизга ва эртага уларни мағлуб эта олишимизга ишонамиз, – деди Компани.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Bayern & Germany в X