"Узр сўрайман". Саудия Арабистони футбол федерацияси раҳбари ЖЧ сабабли истеъфога чиқди

29 июн 2026, 10:30
Саудия Арабистони футбол федерацияси президенти Ясер Аль-Мисхаль миллий терма жамоанинг 2026 йилги жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсиз иштирокидан сўнг лавозимини тарк этишини эълон қилди.

"Биз, мен ва директорлар кенгашидаги ҳамкасбларим Саудия футболини ривожлантириш учун барча имкониятларни ишга солдик ва мамлакатимиз ҳамда мухлисларимиз ишончини оқлашга интилдик. Бироқ, миллий терма жамоанинг жаҳон чемпионатининг кейинги босқичига чиқа олмагани — умумий мақсадларимизга мос келмайдиган натижадир. Мен бунинг учун тўлиқ масъулиятни ўз бўйнимга оламан ва терма жамоани янада муносиброқ мавқеда кўришни умид қилган барчадан узр сўрайман.

Масъулият янги босқич учун имконият яратиб беришни талаб қилади, деган ишончдан келиб чиқиб, мен амалдаги муддатим якунига етгунга қадар фаолиятимни давом эттирмасликка қарор қилдим. Амалдаги тартиб-қоидаларга мувофиқ, директорлар кенгашининг янги таркибини сайлаш жараёни бошланади.

Мен ўз лавозимимни тарк этяпман, лекин Ватанимга хизмат қилишда ва Саудия спортининг ривожланиши ҳамда зафарларига ҳисса қўшадиган барча нарсани қўллаб-қувватлашда давом этаман. Ушбу йўлда бизни қўллаб-қувватлаган барчага, шунингдек, мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман. Агар умидларингизни оқлай олмаган бўлсак, узр сўрайман", — деб ёзди Аль-Мисхаль ижтимоий тармоқларда.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони терма жамоаси гуруҳ босқичида бор-йўғи икки очко жамғариб, ўз квартетида сўнгги ўринни эгаллаган ҳолда турнирнинг плей-офф босқичига чиқа олмади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: Championat.com