Усмон Тошев: "Ёш мураббийларга ишонч ва тизимли ёндашув муҳим ҳисобланади"

9 июл 2026, 11:50
Ёшлар терма жамоалари бош мураббийлари ва уларни тайинлаш механизми юзасидан берилган бир қатор саволларга Терма жамоалар маркази раҳбари Усмон Тошев жавоб бериб ўтди

ОАВ вакиллари ва мухлисларимизнинг терма жамоаларга бош мураббийларни тайинлаш тизими қандай ишлашига қизиқишлари муҳим ва бу бизни хурсанд қилади. Шу боис ушбу мавзуни кўтарган журналистларга ҳам миннатдорчилик билдираман.

Терма жамоаларга бош мураббийлар терма жамоалар маркази тавсиясига асосан мураббийлар кенгаши томонидан тайинланади. Бу жараёнда шаффоф тизим йўлга қўйилган бўлиб, тайинловлар ҳеч қандай ташқи аралашувларсиз амалга оширилади. Мураббийларни танлашда, биринчи навбатда, уларнинг билим ва салоҳиятига, замонавий футболни тушуниш даражасига, таҳлилий фикрлаши ва интеллектига алоҳида эътибор қаратамиз.

Шу билан бирга, инсоний фазилатлари, футболчилар, мухлислар, журналистлар ҳамда футбол муҳитидаги барча билан самарали ишлай олиш қобилияти ҳам муҳим мезонлардан бири ҳисобланади. Мураббийлар таълими жараёнида кўплаб истиқболли мутахассислар билан ишлайман. Уларнинг назарий ва амалий тайёргарлиги, билим даражаси ҳамда салоҳиятидан келиб чиқиб, Терма жамоалар маркази томонидан Мураббийлар кенгашига тавсиялар берилади. Худди шу тамойил аёллар футболи терма жамоаларида ҳам қўлланилади. Шуни унутмаслик керакки, клуб ва терма жамоа мураббийлиги ўртасида катта фарқ бор. Терма жамоада талаб ва масъулият анча юқори. Шу сабабли ҳар бир номзод узоқ муддат кузатилади, таҳлил қилинади ва шундан кейингина тавсия этилади.

Сўнгги йилларда кўплаб ёш мутахассисларга ишонч билдирдик ва улар бу ишончни оқлаб келмоқда. Ёшлар ҳамда ўсмирлар терма жамоаларимиз Осиё кубокларида совриндор бўлди, Жаҳон чемпионатларида муносиб иштирок этмоқда. Бу натижалар ёш мураббийларга имконият бериш ва уларни қўллаб-қувватлаш тўғри йўл эканини кўрсатмоқда. Шу давр мобайнида бирор мураббийни шошма-шошарлик билан алмаштириш йўлидан бормадик, аксинча, уларга ишонч билдириб, ривожланишлари учун шароит яратишга ҳаракат қилдик.

Биз замонавий футбол талаблари асосида ишлашга алоҳида эътибор қаратамиз. Миллий футбол марказида мураббийлар мунтазам равишда учрашиб, ўзаро тажриба алмашади, машғулотларни муҳокама қилади ва бир-бирининг ишини кузатиб боради. Барча ёш тоифаларидаги жамоалар бир марказда фаолият олиб бораётгани бу борада катта устунлик беради.

U-14 терма жамоаси бош мураббийи Абдумажид Тоиров ҳам айнан шу мезонлар асосида танланган. У футболчи сифатида яхши жамоаларда тўп сурган, малакали мутахассислар қўл остида ишлаган. Замонавий футбол бўйича қарашлари, янги технологиялар билан ишлаш кўникмаси ва энг муҳими, болалар билан ишлаш тажрибаси бизни қониқтирди. Республикадаги академиядаги фаолияти ҳам ижобий баҳолангани учун унга U-14 терма жамоаси ишониб топширилди. Бундан ташқари, ёшлар терма жамоалари мураббийларининг аксарияти Республика футбол академиясида ҳам айнан ўша ёш тоифаси билан ишлайди. Бу уларга футболчиларни яқиндан билиш, уларнинг ривожланишини мунтазам кузатиб бориш ва терма жамоага тайёрлаш имконини беради.

Илгари Корея ва Японияни ўзимиз учун намуна сифатида кўрардик. Бугунги кунда эса ёшлар терма жамоаларимиз ушбу мамлакатларга қарши муносиб натижалар қайд этмоқда. Сўнгги йилларда Корея терма жамоаларини бир неча бор мағлуб этдик. Япония билан учрашувларда ҳам тенгма-тенг кураш олиб боряпмиз. Сўнгги U-17 Осиё кубогида ҳам 90 дақиқа давомида ҳисобда олдинда бориб, фақат учрашувнинг сўнгги дақиқаларидагина ғалабани бой бердик. Бу ёшлар футболидаги ўсиш ва мураббийларимиз меҳнатининг самарасини кўрсатади. Албатта, камчиликларимиз ҳам бор ва уларни бартараф этиш устида ишлашда давом этамиз.

Бунга Ислом Исмоилов мисолини ҳам келтириш мумкин. Уни терма жамоага жалб қилганимизда ҳам турли фикрлар бўлганди. Аммо у ўз меҳнати ва натижалари билан ишончни оқлади, Осиё кубогида ғолиб бўлди. Бугунги кунда эса Суперлигада пешқадам жамоалардан бири бўлган "Нефтчи"ни бошқариб келмоқда. Бу эса ёш мураббийларга ишонч билдириш ўз самарасини бераётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир мураббийни терма жамоага жалб этишда унинг билим ва тажрибаси, замонавий футболни тушуниши, инсоний фазилатлари, ёш футболчилар билан ишлаш кўникмаси ҳамда босим остида ишлай олиш қобилияти ҳар томонлама ўрганилади. Шундан сўнг Терма жамоалар маркази томонидан тавсия берилади ва Мураббийлар кенгаши қарори билан тасдиқланади. Яна бир бор таъкидламоқчиманки, бугунги кунга қадар терма жамоаларимизга жалб этилган мураббийларимиз ўзларига билдирилган ишончни амалда оқлаб келмоқда ва ўз устиларида ишлашни давом эттиришмоқда.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: Uzbekistan FA

Сўнгги янгиликлар

Барча ›