

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Учрашувни яхши бошладик, тезкор вазият содир этиб гол урдик. Иккинчи тайм бошида ҳам тезкор тўп киритдик, учинчи голни урганимиздан сўнг енгил ўйинга ўтдик. Шундан сўнг "Машъал" ҳам ўз имкониятидан фойдаланди. Рақиб қанотлар орқали қарши ҳужумда ўйнашини билардик ва шунга кўра ҳозирлик кўргандик. Иккита кетма-кет мағлубиятдан сўнг ютиб олганимиз яхши бўлди. Футболчиларимиз руҳи кўтарилди, турнир жадвалида ўз мавқеимизни яхшилаб олдик. Жамоамиз мухлисларини ғалаба билан табриклайман.
- "Машъал"нинг ҳисобга олинмаган голида ён ҳакамга кўп эътироз билдирдингиз ва натижада сариқ карточка олдингиз. Нима учун айанан қанот ҳакамига кўп эътирозлар бўлди?
- Менга ҳолат шундай кўриндики, "Машъал"нинг ҳужуми пайтида рақиб ўйинчиси тўпни қўли билан ўйнади. Бу вазиятда ўйинни тўхтатиш керак бўлади, лекин баҳс давом эттирилди ва "Машъал" гол урди. Шу боис мен ҳакамга ўз фикримни айтдим.
- Майдонга ёшларни ўйин тугашига кам вақт қолганида туширдингиз. Ўйин амалиёти учун бу камлик қилмайдими?
- Суперлигада ўйнаш учун аввало буни исботлаш керак. Биз мураббийлар футболчиларни кузатиб борамиз ва шунга қараб уларнинг майдонда ҳаракат қилишини белгилаймиз. Ким нимага лойиқ бўлса, шуни олади. Шунинг учун бугун баъзиларга дам бердик, баъзилар кўп ўйнади, баъзилар кам. Бу борада иш кетяпти. Тўғри, ҳамма кўпроқ ўйнашни хоҳлайди, лекин ҳар бир хато голга олиб келиши мумкин. Шу боис ҳар қандай рақибни ҳурмат қилган ҳолда ўйин кўрсатамиз. Шунингдек, таваккал қилишни хоҳламайман.
- Дориевнинг клуб билан қанча муддат шартномаси бор ва келаси йил ҳам жамоада қоладими?
- Дориев яқинда клуб билан шартномасини узайтирди. Адашмасам, уч-тўрт йилга узайтирди. Унинг ўйинга ўзини бағишлаши, маҳорати бизга қўл келяпти. Дориев кўзи ёниб футбол ўйнайди. Шу қаторда ёшларга ўрнак бўлиб келяпти ва легионер сифатида майдонда ўзини намунали тута оляпти.




