"Тоттенхэм" ижтимоий тармоққа психолог излаётгани ҳақида эълон жойлаштирди. "Шпорлар" АПЛнинг хавфли зонасида бормоқда

Administrator
22 апр 2026, 21:55
"Тоттенхэм" футболчилар учун психолог қидираётгани ҳақида эълон берди.

Роберто де Дзерби "менталитетни ўзгартириш" кераклигини айтганидан сўнг, "Тоттенхэм"асосий жамоа учун психолог изламоқда.

"Шпорлар" чемпионатнинг 15 ўйинида бирорта ҳам ғалаба қозона олмай, Премьер-лигадан чиқиб кетиш зонасига тушиб қолди. Де Дзерби март ойи охирида клубнинг учинчи бош мураббийи этиб тайинланган, унинг қўл остида лондонликлар иккита ўйинда атиги бир очко ишлади.

"Тоттенхэм"нинг LinkedIn ижтимоий тармоғида жойлаштирган эълонида айтилишича, клуб "профессионал ўйинчиларига далилларга асосланган психологик кўмак" кўрсатадиган психолог изламоқда.

"Бу вазифа футболчиларни индивидуал қўллаб-қувватлаш, мураббийлар штаби ва натижалар учун масъул ходимлар билан тизимли ишлаш, шунингдек, бутун жамоада психологик самарадорлик маданиятини доимий ривожлантиришни ўз ичига олади.

Бу лавозим мутахассисдан Премьер-лига шароитида обрўли, муомалали ва юқори самарали бўлишни, ўйинчилар ва мураббийларнинг ишончини қозона олишни, шу билан бирга, ўйиннинг энг юқори даражасида кутиладиган касбий қатъият билан ишлашни талаб қилади", — дейилади эълонда.

Чемпионат якунланишига беш тур қолганда "Тоттенхэм" турнир жадвалида 18-ўринни эгаллаб турибди. Жамоани АПЛда қолишни таъминлайдиган ўриндан икки очко ажратиб турибди.


AdministratorМуаллиф
Манба: BBC