⭐️ Тўпни дарвозага "михлаган" ярим ҳимоячи, камида 5 марта жамоасини муқаррар голдан қутқарган дарвозабон. Пролигада 2-турнинг энг яхшилари аниқланди

Sherzod Nurmatov
14 апр 2026, 11:30
10-12 апрель кунлари Ўзбекистон Пролигасида 2-тур ўйинлари бўлиб ўтди.

Championat.asia сайти турнинг энг яхшиларини аниқлади.

Тур голи - Диёрбек Тожиев (“Ғазалкент”)

Pro liga eng Tur goli копия.jpg

“Ғазалкент” бу тур “Жар”да “Олимпик-MobiUz” билан тўқнаш келиб, жанговар дуранг ўйнади (2:2). Баҳснинг 35-дақиқасида ярим ҳимоячи Диёрбек Тожиев ўнг оёқдаги кучли зарбаси орқали дарвоза бурчанини нишонга олди. Дарвозабон бу зарба олдида шунчаки ожиз қолди. Мазкур гол Championat.asia сайти талқинида тур голи сифатида эътироф этилди.

Тур дарвозабони — Алишан Абдутолипов (Республика ФА)

Республика футбол академияси ортда қолган турда Бекободда “Металлург” меҳмони бўлди (1:1). Учрашув давомида меҳмонлар посбони Абдутолипов бир қатор сэйвларни амалга оширди, жумладан, 5 марта жамоасини муқаррар голдан қутқарди. 18 ёшли  посбон ҳақли равишда тур дарвозабони номига лойиқ кўрилди. 

photo_2026-04-14_11-38-09.jpg

Тур мураббийи — Асрор Алиқулов (“Шўртан”)

“Шўртан” тур марказий учрашувида “Каттақўрғон” билан рўбарў келиб, ишончли ғалабага эришди (2:0). “Бунёдкор” стадионида кечган баҳс ғузорликлар устунлигида кечди ва рақиб ҳар тарафлама таслим этилди. Бунда Алиқуловнинг ўйинга танлаган тактикаси ва режалари сабаб бўлди. Шундай қилиб, Championat.asia сайти айнан Алиқуловни тур мураббийи деб топди. 

photo_2026-04-14_11-39-21.jpg

Тур футболчиси — Зулпуқар Куанишбаев (“Арал”)

“Арал” якунига етган турда “БухДУ” меҳмони бўлиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Баҳсда Зулпуқар Куанишбаев 10 дақиқада 2 марта ўз номини таблога ёздириб қўйди. Унинг голлари ва ажойиб ҳаракатлари орқали меҳмонлар ишончли тарзда зафар қучди. Шу тариқа, сайтимиз айнан 22 ёшли хавбекни тур футболчиси дея эътироф қилди. 

photo_2026-04-14_11-40-06.jpg


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Championat.asia