

"Наманган аҳлини ғалаба билан табриклайман. Дерби эди ва ўйин даражасини ўзингиз кўрдингиз. Мухлислардан миннатдорман. Бизни қўллаб-қувватлаб туришди. Ўйин давомида хатолар ва яхши вазиятлар кўп бўлди. Икки жамоа ҳам максимал тарзда ҳаракат қилди, аммо ғалаба якунда бизга насиб этди. "Андижон"га омад", - деди Тимур Кападзе матбуот анжуманида.
- Забиҳилло Ўринбоевнинг ҳолати қандай?
- Қовурғасида иккита синиш бор дейишди. Бироз вақт керак бўлади. Футболда жароҳатлар одатий ҳол. Ваҳимали жойи йўқ. Барча футболчиларимиз тез орада сафга қайтишади деган умиддаман. Барчани ғалаба билан табриклайман. Ўйин ҳиссиётли ва ўта оғир кечди. Андижонда ўйнаш осон эмас. Рақиб жамоа майдонда борини беришини билардик. Биз ўз вазиятимизни кутдик ва ўйин якунида нуқта қўйдик.
- Етакчи клубларимиз Эрондаги йигитларимиз билан шартнома тузишга интилмоқда. Асосий фаворитлар "Навбаҳор", "Нефтчи" ва "Пахтакор" дейилмоқда. "Навбаҳор"да ҳам айни дамда марказий ҳимоячилар кетма-кетлик билан жароҳат оляпти. Рустам Ашурматовни "Навбаҳор" сафида кўришимиз мумкин-ми?
- Сиз учта клубни санаб ўтдингиз. Биз ҳам улар қаторидамиз ва ҳаракатдамиз. Футболчилар билан музокарадамиз. Эрондаги йигитлар ҳар бир жамоани кучайтира олади. Кўрамиз, якуний қарорни йигитларнинг ўзи қабул қилади.

- Бугунги ғалабани олти очколик деб ҳисоблайсизми?
- Олти очколик демаган бўлардим. Бугун навбатдаги уч очкони қўлга киритдик. Ҳали олдинда ўйинлар кўп. Ҳар бир учрашув муҳим. Янги жамоа ва янги футболчиларимиз бор. Ўйиндан ўйинга секин асталик билан ўйинимизни яхшилаб боряпмиз. Энг асосийси шу. Якунда мусобақа жадвалининг юқорисида бўлсак, олти очколик ўйин бўлган экан десак бўлади. Ҳозир бир нарса дейиш қийин. Дерби барибир дерби. Бугунги ўйиннинг аҳамияти катта эди. Ёшликда "Нефтчи" ўйнаганимда "Навбаҳор" - "Андижон" дербисини сезардим. Кейин эса ушбу ўйиндан узоқлашиб кетибман. Бугун икки жамоа мухлислари ўз суюклиларини ажойиб тарзда қўллаб-қувватлади. Жамоаларнинг даражаси ҳам юқори эди.
- Бугунги ўйин тақдирини бир гол ҳал этишини сезганмидингиз?
- Дербида ғалаба қозониш асосийси. Ҳеч ким мағлуб бўлгиси келмайди. Жамоалар охиригача курашди. Бор имкониятларимиздан фойдаланишга ҳаракат қилдик ва стандартдан гол уриб кетдик.
- Иккинчи даврада қайси позицияларни кучайтиришни кўзлаяпсиз?
- Иккинчи даврагача ҳали анча бор. Ҳозир ўз майдонимизда ўйнамаяпмиз. Тошкентда яшаяпмиз, нейтрал зонада. Бу ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Мухлисларимиз ҳар бир ўйинга келмоқда, лекин уйда ўйнаш барибир бошқача. Бу ҳам вақтинчалик.



