"Тезкор студия": Шомуродов "Фенербахче" билан келиша олмаяпти, Мбаппе Мессидан илҳом оляпти

Iskandarov Abdulaziz
11 июл 2026, 11:41
"Тезкор студия"нинг Жаҳон чемпионатига бағишланган қизғин муҳокамалари давом этади.

Кўрсатувнинг навбатдаги эфирида экспертлар Камолиддин Алимов, Толибжон Қосимов ва Миркомил Мусаев Франция — Марокаш учрашуви, Килиан Мбаппенинг феноменал рекорди ҳамда ўзбекистонлик мухлислар учун энг шов-шувли трансфер янгиликларини таҳлил қилишди.

504816.jpg

Марокашнинг мағлубиятига нима сабаб бўлди: Чарчоқми ёки рақибнинг кучи?

Толибжон Қосимов: — Марокаш терма жамоаси бу сафар кўпчилик кутгандек мазмунли ўйин кўрсата олмади. Менимча, бунинг бош сабаби — оддий чарчоқ. Бош мураббий ҳам ўйиндан олдин айрим футболчиларнинг баҳсга жисмонан тайёр эмаслигини таъкидлаганди. Марокашликлар аввалги учрашувларда жуда катта куч сарфлаб, кучли рақибларга қарши юқори темпда ҳаракат қилишганди. Мана шундай қисқа ва йирик мусобақаларда кучни тўғри тақсимлаш қанчалик муҳимлигини Марокаш мисолида яққот кўрдик.

Аслида жамоанинг ишончсиз ўйинидан дарак берувчи илк сигнал Канада билан баҳсдаёқ кўзга ташланганди. Ўшанда марокашликлар биринчи бўлимда рақиб дарвозасига бирорта ҳам аниқ зарба йўллай олишмаган, Канада тўлиқ устунлик қилганди. Тўғри, иккинчи бўлимда ўйинни кескин ўзгартиришганди, аммо Францияга қарши бундай тактика ўтмади. Дарвозабон Яссин Буну бир нечта сейвлар ижро этди, ҳатто пенальтини қайтарди, аммо асосий ҳужумчи Сайбарининг йўқлиги ва рақибнинг ҳаддан ташқари кучлилиги ўз сўзини айтди. Бугунги Францияни тўхтатиб қоладиган куч бормикан ўзи?

52445fe6-40d2-47d3-81a7-946d3b000fe5.png

Миркомил Мусаев: — Франциянинг кучи бошқа жамоалар фонида янада яққолроқ кўзга ташланмоқда. Улар мусобақа бошидан буён захира кучларини жуда оқилона тежаб ишлатишди. Марокаш эса худди ўйиндан олдин таслим бўлиб қолгандек таассурот қолдирди. Биринчи бўлимда фақат ҳимояланган Марокашни кўрдик. Улар худди Канада билан ўйиндаги каби биринчи бўлимда эҳтиёткорлик қилиб, иккинчи бўлимда вазиятга қараб ўзгариш киритмоқчи бўлишди. Бироқ Франция учрашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ назоратни ўз қўлига олди. Эътиборлиси, биз бу баҳсда гуруҳ босқичидаги жанговар Марокашни кўрмадик. Агар Буну қутқарма органида, ҳисоб янада йирик бўлиши мумкин эди. Улар худди пенальтилар сериясини кўзлаб, қарши ҳужумга таянгандек ҳаракат қилишди.

Иштаҳа овқат пайтида келади, деганларидек, Франция ўз ўйин тизимини мукаммал даражага олиб чиқди. Бошқа томондан, Мессининг мундиалдаги ёрқин ўйини Мбаппени ҳам руҳлантириб юборди, у майдонда икки ҳисса куч билан ҳаракат қилмоқда.

6c8a649e-31ea-400f-91a8-650cd83c20b8.png

Мбаппе — Пеленинг йўлидан

Толибжон Қосимов: — Ушбу Жаҳон чемпионати ҳақиқий маънода Мбаппенинг турнирига айланмоқда. У бир марта чемпион бўлди, ўтган мундиалда финалгача борди, мана энди яна чўққи сари одимлаяпти. Вақтида афсонавий Пеле Жаҳон чемпионатларида қандай доминантлик қилган бўлса, Мбаппе ҳам ҳозир шундай даражада. У навбатдаги рекордни расмийлаштирди: кетма-кет иккита мундиалда "гол+пас" тизимида 10 дан ортиқ очко жамғарган тарихдаги ягона футболчига айланди. Олдинда уни яна иккита муҳим ўйин кутиб турибди.

Камолиддин Алимов: — Франция терма жамоасида авлодлар алмашинуви шу қадар текис ва оғриқларсиз кетяптики, бу жараён умуман сезилмаяпти. Аксинча, улар ҳар бир Жаҳон чемпионатида фақат кучайиб бораётгандек таассурот қолдирмоқда.

Снимок экрана (432).png

🚨 ЭКСКЛЮЗИВ: Элдор Шомуродов Саудия Арабистонига йўл олиши мумкин!

Кўрсатув якунида студия меҳмонлари ўзбекистонлик футбол мухлислари учун кутилмаган эксклюзив инсайдни бўлишишди.

Толибжон Қосимов: — Ҳамюртимиз Элдор Шомуродовга Туркиянинг "Фенербахче" клуби жиддий қизиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бизга етиб келган сўнгги маълумотларга кўра, Элдор "Фенербахче" раҳбарияти билан молиявий шартларни келиша олмаган ва катта эҳтимол билан бу трансфер амалга ошмайди.

Ҳозирда Шомуродовда бошқа жиддий вариантлар пайдо бўлган. Терма жамоамиз сардори фаолиятини Саудия Арабистони чемпионатида давом эттириши мумкин. Саудия клубларидан футболчимизга расмий ва молиявий жиҳатдан жуда манфаатли таклифлар бор. Вазиятлар ривожини кузатишда давом этамиз.

Толибжон Қосимов
: — Жаҳонгир Ўрозовни "Боруссия М"га ўтмаслигини айтган эдик. Лекин унинг агентини маълум қилинишича, Ўрозовга Германия визаси тайёрланяпти экан. Балки тез орада янгилик бўлиши мумкин.

Снимок экрана (441).png

Ҳомийларимиз: CAU, “InfinBank”, “AKFA”“Ucell” “TT LLC”“Black Cofee”“OfoTour”

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia