Суперлига 19-тур превьюси. "Қалдирғоч"нинг қаноти Қаршида қайриладими?

Iskandarov Abdulaziz
22 сен 2023
ФИФА кунларидан сўнг яшил майдон ишқида юраги оловдек ёниб турган жамоаларимиз бугундан Суперлигага қайтишади.

Яхши дам меҳнатга ҳамдам. Лекин бу кимга фойда? Буни тез орада билиб оламиз. 


"Сурхон" - "Қизилқум"

- "Қизилқум" ўз тарихида меҳмонда ҳали "Сурхон"ни мағлуб эта олмаган. "Сурхон" ўзаро ўйинларда уйда навоийликларга қарши 9 маротаба майдонга чиққан ва 7та учрашувда ғалабани бегона қилмаган, 2та ўйинда дуранг қайд этилган. 

- "Қизилқум" 19 йилдан бери "Сурхон" дарвозасига йўл топа олаётгани йўқ. Сўнгги бор "олтин изловчилар" 2004 йил термизликлар посбонини ранжитган (1:2)

- "Қизилқум" Суперлигада иккинчи даврада ҳали ғалаба қозонгани йўқ, 4 мағлубият, 1 дуранг. 

- "Сурхон" бу мавсум уйда очко жамғариш бўйича кучли учликда кетмоқда. Термизликлар 9та учрашувнинг 6тасини ўз фойдасига ҳал қилган, 1та ўйинда дуранг, 2та учрашувда мағлубиятга учраган. 

- "Қизилқум" бу мавсум Суперлигада меҳмонда ғалаба қозонмаган ягона жамоа бўлиб турибди. Кўрсаткич шунчаки дахшатли: 2 дуранг, 7 мағлубият, 1-15. Жамаоа сафарда фақат "Пахтакор"га гол урган. 

- Биринчи даврадаги учрашувда ғолиб номи аниқланмаган (0:0). 


"Андижон" - "Навбаҳор"

- "Андижон" ўз майдонида 7 йилдан бери "Навбаҳор"ни мағлубиятга учрата олаётгани йўқ. "Бургутлар" сўнгги маротаба 2016 йил Рўзимбой Аҳмедовнинг ягона голи эвазига ғалаба қозонган. 

- Александр Хомяков шогирдларининг уйдаги мағлубиятсиз серияси 5тага етган. Жамоа охирги маротаба 5 май куни "Сўғдиёна"га уч очкони совға қилган. 

- "Навбаҳор" Суперлигада 4та ўйиндан буён майдонни ғалабасиз тарк этмоқда. "Лочинлар" сўнгги бор Суперлигада 30 июль куни 14-турда "Қизилқум"ни мағлуб этган. 

- Александр Хомяков бош мураббий сифатида "Навбаҳор"ни сўнгги маротаба 2017 йил "Машъал" устози сифатида таслим қилган (2:1). 

- Жамоаларнинг биринчи даврадаги ўйинида "лочинлар"нинг қўли баланд келган (1:0)

ОКМК - "Металлург"

- Олмалиқликлар 2 йилдан буён "Металлург"дан 3 очко тортиб олишни уддасидан чиқмаяпти. Ушбу жамоалар ўртасида ўтган сўнгги 3 ўйиннинг барчаси бекободликлар фойдасига ҳал бўлган.

- "Металлург" меҳмондаги сўнгги 4та ўйиннинг 3тасида мағлубиятга учраган. 

- Олмалиқда бу жамоалар ўртасида мухлислар доим гол гувоҳига айланишган ва 0:0 ҳисоби қайд этилмаган. 

- ОКМК ўз майдонидаги ўзаро учрашувларда катта устунликка эга, 11 ғалаба, 2 мағлубият, 2 дуранг. 

"Сўғдиёна" - "Пахтакор"

- "Пахтакор" 2019 йилдан буён Жиззахдан ортга ғалабасиз қайтмоқда. 

2020. "Сўғдиёна" - "Пахтакор" 1:0

2021. "Сўғдиёна" - "Пахтакор"  1:0

2022. "Сўғдиёна" - "Пахтакор" 2:2

Бу оралиқда жамоани Питер Хюистра, Славче Войнески ва Максим Шацких бошқаришга улгурди. 

- "Пахтакор" бу йил меҳмонда энг кўп очко қўлга киритган жамоа ҳисобланади ва бу форматда ҳам жамоа етакчиликни қўлга олган. Натижалар: 7 ғалаба, 1 дуранг, 1 мағлубият, тўплар нисбати 16-8, 22 очко. Рақиб майдонидаги ягона мағлубият 2-турда "Нефтчи"дан қабул қилиб олинган. 

- Иван Бошкович мураббий сифатида "Пахтакор"га қарши 3 маротаба жамоасини майдонга бошлаб тушган ва 3тасида ҳам мағлубиятга учраган. Демак черногориялик мураббий ишлаган жамоаларида "шерлар"ни таслим қила олгани йўқ. 

"Насаф" - "Бунёдкор"

- "Бунёдкор" 2018 йилдан буён Қаршида ғалаба қозона олмаяпти. Бу борада Миржалол Қосимов "Насаф"ни сафарда ютган сўнгги "қалдирғоч" бўлиб турибди. 

2019. "Насаф" - "Бунёдкор" 3:1

2020.  "Насаф" - "Бунёдкор"  2:2

2021.  "Насаф" - "Бунёдкор" 5:0

2022.  "Насаф" - "Бунёдкор" 1:1

- Пойтахт клуби "Насаф" билан ўйинлардаги сўнгги ғалабасини 2021 йил ўз майдонида Шуҳрат Мақсудов мураббийлигида нишонлаган (2:0). 

- "Насаф" ўз майдонида 8та ўйиндан бери мағлубиятга учрамаяпти. "Андижон" "аждарлар"ни сафарда таслим қила олган ягона жамоа бўлиб турибди. 

- Раҳимбек Каримов бу йил "Бунёдкор" - "Насаф" ўртасидаги 2-ўйинда ҳам ишлайди. Жамоаларнинг биринчи даврадаги ўйинида у бош ҳакам сифатида учрашувни бошқарган бўлса, 24 сентябрь куни бўладиган ўйинда ВАРда ишлайди.



Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: championat.asia