UZ

Сўнгги янгиликлар

14:10"Челси" Мудрикнинг келажаги борасида бир қарорга келди  0 14:00Суперлига учун ўтиш ўйини: "Шўртан" - "Олимпик" (онлайн ҳисоб)  3 13:45Сергей Лушчан "Навбаҳор"да қолади  4 13:29Жаҳонгир Ортиқхўжаев: "Биз янги бош мураббийнинг ишига аралашмаймиз"  1 13:05Жаҳонгир Ортиқхўжаев "Пахтакор"да қилинган фитнага изоҳ берди  6 12:40Жаҳонгир Ортиқхўжаев, "Пахтакор" янги бош мураббийи ва Максим Шацких иштирокидаги матбуот анжумани (тўлиқ)  14 12:35"Пахтакор" янги устози: "Футбол мухлисларини чиройли ўйин орқали трибуналарга қайтаришга ҳаракат қиламиз"  1 12:00"Кейинги йил Черанни "Пахтакор"да кўрмаяпмиз" - Жаҳонгир Ортиқхўжаев  9 11:42"Пахтакор" стадиони тақдири қандай бўлади? Жаҳонгир Ортиқхўжаев жавоб берди  1 11:35Жаҳонгир Ортиқхўжаев Йоахим Лёв билан учрашув ҳақида гапирди  3 11:21Olamsport: Бугун 5 нафар боксчимиз Осиё чемпионатида жанг қилади, Мадримов чемпионлик учун жанг қилади ва бошқа хабарлар  0 10:55Эрик тен Хагга Германия клуби қизиқиш билдирмоқда  2 10:44"Пахтакор"нинг португалиялик мураббийи 4 нафар ёрдамчиси билан келади  10 10:26XXI асрининг энг яхши футболчилари рейтинги тузилди. Учинчи ўринда ким?  25 09:51Клублар ўртасидаги ЖЧ қуръаси олдидан саватчалар маълум қилинди  5

Стул атрофида нишонланган гол, Лушан, Бобоев, "Бунёдкор" ҳақида - Ўзбекистон чемпионатида ўйнаган тунислик ягона легионер Шакер Зуаги билан интервью Янгиликлар

Стул атрофида нишонланган гол, Лушан, Бобоев, "Бунёдкор" ҳақида - Ўзбекистон чемпионатида ўйнаган тунислик ягона легионер Шакер Зуаги билан интервью

Олдин ваъда қилганимиздек, Ўзбекистон чемпионатида ўйнаб кетган, ўзларидан яхши хотиралар қолдирган легионер футболчилар билан суҳбатларни кўпайтиришни мақсад қилгандик.

Давом эттирамиз. Бу сафар АГМК ва "Бунёдкор" жамоалари таркибида ҳаракат қилган, Ўзбекистон чемпионатида ўйнаган тунислик ягона легионер Шакер Зуагига саволларни ёғдириб ташладик. Албатта, XXI асрда исталган футболчини интернет орқали топиш мумкин бўлмоқда. Демак, имкониятлардан максимал равишда фойдаланамиз.

- Салом Шакер, ишлар қандай кетмоқда, карантинда нималар билан бандсиз? Сиз "Бунёдкор" клуби мухлислари қалбидан умрбодга жой олган футболчилардан бирисиз.
- Аввало, сизга катта раҳмат айтаман. Кутилмаган ҳолат бўлди. Одамни жинни қиладиган карантин бўлмоқда. Тунис ва Дубайда уйим бор. Бир у ерда, бир бу ерда яшаяпмиз. Карантинни оилам билан ўтказяпман. Кўриб турган ҳар бир нарсамдан, лаҳзамдан завқ олишга ҳаракат қиляпман. Йўл-йўлакай овқат қилишни ўрганяпман.

- Сиз ҳақингидаги интернетдаги маълумотлар 2017 йилда қолиб кетган. Ҳозирда қайси жамоада ўйнаяпсиз?
- 2017 йили фаолиятимни якунладим. "Бунёдкор"дан кейинги "Ал Ҳалиж" жамоаси фаолиятимдаги сўнггиси бўлди.

- Бугун эътиборимиз "Бунёдкор"даги фаолиятингизга қаратилади. Жамоа таркибида 2 мавсум ўйнадингиз. Сергей Лушаннинг фаолияти, мураббийлик даражасига қандай баҳо бера оласиз?
- Сир эмаски, фаолиятим давомида кўплаб жамоалар таркибида ўйнаганман ва Роже Лемерр каби машҳур инсон билан ишлаганман. У ўз вақтида Европа ва жаҳон чемпиони бўлган. Сергей Лушан ҳам фаолиятимдаги энг яхши мураббийлардан бири. Натижалар зўр бўлмагандир, лекин у ёшлар билан ишлаб, келажак учун катта пойдевор қуриб кетди. Қаранг, у кашф қилган Рустам Ашурматов, Элдор Шомуродов, Достонбек Ҳамдамовлар ҳозир қандай даражада. У майдонга тушурган йигитлар ўсиб-улғайиб, яхши жойларда ўйнашмоқда, клуб уларнинг ортидан пул ишлаб олмоқда.

- 2015 йили "Бунёдкор" Осиё чемпионлар лигасида яхши ўйин кўрсата олмади. Буни нима билан изоҳлашингиз мумкин?
- Жамоа яхши эди. Саралашда кўплаб юлдузлари бор "Ал Жазира"ни мағлуб этгандик. Гуруҳ босқичида эса рақиблар бизга қарши ёпиқ ва ҳимоявий ўйин ташкил қилиб, ҳужум қилишимизга кўп ҳам имконият беришмади. Бўлган имкониятлардан фойдаланиш қийин кечди. Рақиблар эса гол уриб кетаверди. ОЧЛ даражасидаги турнирларда рақиблар кичик хатоларни кечиришмайди. Шундай кичик хатолар туфайли биз мағлуб бўлавердик. Муваффақиятсизликни шундай изохлайман.

- Умуман олганда жамоа кетма-кет икки мавсум давомида ОЧЛда ғалабага эриша олмади.
- Рақиблар ҳам кучли эди. Легионер ҳужумчилар, бюджети йирик клублар, юлдузли жамоалар. 2015 йилги мавсумдан кейин жамоа янада ёшарди, 2016 йилга келиб, таркибда тажрибали футболчилар жуда кам эди, кўплаб етакчилар жамоани тарк этди. Мавсумни яхши бошлагандик, бироқ таркиб борасида муаммолар кўп бўлгани, захира эса торлиги натижаларга жиддий таъсир кўрсатди. Ўша икки мавсум клуб учун катта дарс бўлди ва кейинчалик натижалар яхшиланиб борди.

- 2016 йили "Бунёдкор" билан шартномани бекор қилдингиз. Бунга клубнинг молиявий ҳолати сабаб бўлдими?
- Оилам туфайли шу қарорга келдим, бу ерда клубнинг пулга тақаладиган ишлари сабаб бўлмаган. 3 йил давомида оиладан узоқда бўлиш осон эмас. Жуда қийналаётгандим. БААга оиламнинг олдига қайтишга қарор қилгандим.

- Интервьюларингиздан бирида "Бунёдкор"дан бошқа жамоада ўйнамайман дегандингиз. "Бунёдкор"дан кетганингиздан кейин Ўзбекистон клубларидан таклифлар бўлдими?
- "Бунёдкор" жуда аҳил оила. Ҳозиргача у ердаги дўстларим билан гаплашиб тураман. "Бунёдкор"ни тарк этганимдан кейин АГМКдан таклиф тушди. Уларга футболдаги фаолиятимни тугатганимни айтиб ўтдим. Олмалиқдан ҳам яхши хотиралар қолган.

- "Бунёдкор"да ўзбек тилини ёки сўзларини ўргандингизми?
- Ўрганмоқчи бўлдим, бироқ жуда қийин экан. "Раҳмат" сўзини ҳали ҳам ишлатиб тураман.

- "Бунёдкор"дан кетганингиздан кейин жамоанинг ўйинларини кузатяпсизми?
- Ҳа. Доимий равишда. Ушбу жамоа таркибида ўйнаб кетган кўпчилик билан ҳали ҳам алоқадаман. Улар ҳам жамоанинг ўйинларини ва натижаларини кузатиб боришади.

- "Бунёдкор"дан кетганингиздан кейин Ўзбекистонга келдингизми?
- Йўқ, бора олмадим. Аммо бу режада бор эди. Буни ташкиллаштиришда муаммолар юзага келди. Карантин қоидалари юмшаганидан кейин оилам билан Ўзбекистонга бориб келиш режамда йўқ эмас.

- "Бунёдкор"даги энг муҳим инсонингиз сифатида кимни айтган бўлардингиз?
- У ерда ҳамма бир тан-у бир жон бўлган. Ҳаммага бир хил эътибор ва шароит яратилган. Бирор кимни ажратиб кўрсатсам, кимдир мендан ҳафа бўлиб қолиши мумкин.

- "Машъал" дарвозасига урилган голингизни стул атрофида нишонлагандингиз. Бунинг сабаби нимада эди?
- Ҳали ҳам ёдимда. Жамоанинг руҳий ҳолатида тушкунлик ва ғамгинлик бор эди. Машғулотимизга чиройли рухшунос аёл ташриф буюрди ва у стуль атрофида айланиб, одамнинг миясини жойига келтирувчи фикр-мулоҳазалар билдирди. Ушбу машғулот якунланганидан кейин жамоадагилар билан урадиган голимни стул атрофида нишонлашни келишиб олгандик. Ўйин куни ўша рухшунос аёл ҳам трибунада эди ва у бундан хурсанд бўлганди.

- Ўзбекистонда янада кўпроқ қолиб, "Бунёдкор" шарафини ҳимоя қила олармидингиз?
- Юқорида айтганимдек, оилам мени чақираверди. Қизим француз-араб мактабига бораётганди, у ҳам мени соғинаётганлигини тезроқ қайтишимни сўраганди. Менимча Ўзбекистонда қололмасдим.

- "Бунёдкор"да ўзингизда нимани кашф қилдингиз?
- Мен ўйнаган бошқа клубларда ҳаёт ўзгача бўлган. Машғулот қиласан, уйингга борасан, дам оласан, ўйинлар ўйнайсан. "Бунёдкор"да ҳамма бир-бирига жуда яқин бўлар экан. У ерда мен ҳамма билан дўст бўла олишимни ўзим учун кашф қилдим, у ердаги оддий ҳайдовчидан то клуб президентига қадар.

- Кейинчалик Бахтиёр Бобоев ҳам жамоани бошқарди. Унинг мураббийлик ишига қандай баҳо берасиз?
- У клуб учун кўп ишларни қилган. Клубнинг муаммолари кўплигидан жамоага бош мураббий олиб келиш ҳам қийин бўлганди. Бахтиёр акани "Бунёдкор"ни қийин вазиятда елкасида кўтариб юрган инсон сифатида ҳурмат қиламан. Унинг ўрнида бўлганида ҳаётини қил устига қўйиб, бундай таваккал қиладиган инсонни топиш иложсиз эди. Тушуняпсизми, гап фақатгина мураббийликда эмас, унинг ортида айтилмайдиган ва футболчилардан ҳам сир тутилган кўплаб гаплар талайгина.

- Жамоадаги асосий рақобатчингиз ким эди?
- Бизнинг пайтда таркибда кўплаб экспериментлар амалга ошириларди. Қандай тушунтирсам бўларкин, бу навбатдаги мавсум учун тайёргарликнинг бир қисми десаммикин. Майдонга доим ҳар хил таркибни тушириб, иложи борича барчага ўйин амалиёти тақдим қилиниши керак эди. Лушан ҳам Бобоев ҳам шунинг йўлидан борди ва уларнинг ортидан ёш йигитлар анчагина тажриба тўплаб олишди. Ёмон ўтган бир мавсумдан кейин жамоа яхши ўйин кўрсата бошлади, ёшлар ҳам тажрибаларини ишга солишди. Буни ижобий ҳолат деб ҳисоблайман.

- Мухлисларга тилакларингиз.
- Клуб мухлисларига унутилмас онлар учун раҳмат айтаман. Уларни ёддан чиқариб бўлмайди. Албатта, имконият бўлиши билан уларнинг олдига бориб, кўришиб суҳбатлашиб қайтаман. Бунга ваъда бераман. Барчага раҳмат.

Миржалол Норматов суҳбатлашди

Рейтинг: +15   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика