Спорт ҳуқуқшуноси Эронда тўп тепаётган Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари қандай қилиб Суперлигага қайтиши мумкинлигини айтди

Оқил Абдубарноев
24 мар 2026, 18:55
"Финт Тураева" подкастида спорт ҳуқуқшуноси Юрий Зайцев ("Sila Lawyers" халқаро юридик компанияси) Эронда тўп тепаётган ўзбекистонлик футболчилар Суперлигага қайтиш имконияти учун нималар қилиши мумкинлиги ҳақида гапириб берди.

– 2022 йил ФИФА "Annex 7", яъни Футболчилар мақоми ва трансферлари бўйича регламентнинг 7-иловасини чиқарди. Унда хорижлик ўйинчиларнинг Украина клублари билан шартномалари автоматик тарзда тўхтатилиши, Россия клубларига эса футболчилар билан келишиб олиш учун бир ой муҳлат берилиши кўрсатилган эди.

Эрон билан боғлиқ вазиятда ФИФА худди шундай йўл тутиши керак эди. Масалан, ҳозир у ерда Ўзбекистондан беш нафар футболчи ўйнамоқда. Кўплаб хорижлик футболчилар қийин аҳволда қолишди. Хайриятки, уларнинг барчаси мамлакатдан чиқиб кетишга муваффақ бўлишди, аммо улар тўлиқ ноаниқлик ҳолатида қоляпти. ФИФА қандайдир чора кўришга шошилмаяпти ва ўйлашимча, энди бирор нарса қилиши даргумон.

ФИФА ўзининг сиёсий интригалари қурбонига айланди. Афтидан, Эрон билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Шу билан бирга, Яқин Шарқда, масалан, Саудия Арабистони бор, у ерда ҳам хавфсизлик кафолатланмаган. Агар ФИФА Россия ва Украина бўйича қабул қилган қарорига ўхшаш қарор чиқаради деб фараз қилсак ҳам, бу қарор "учинчи мамлакатлар"га ҳам татбиқ этилиши керак эди. ФИФА бир минтақа ичидаги низони ҳар бир мамлакат учун турли хил шартлар билан тартибга солишни хоҳламайди, чунки бу бошқаларга нисбатан адолатсизлик бўлади. Тасаввур қилинг, агар ФИФА Саудия клубларидаги футболчиларга ҳам ўз шартномаларини тўхтатиб туришга рухсат берса, нима бўларди.

ФИФАда бунга ўхшаш бир нечта қарорлар мавжуд. Улардан бири – яқиндагина фуқаролар уруши бўлиб ўтган Судан бўйича қабул қилинган. Айрим ўйинчилар шартномаларини бекор қилишди, клублар бунга рози бўлишмади ва якунда томонлар ўзаро судлашишди. ФИФА охир-оқибат бу шундай вазиятки, унда клуб ўйинчидан қолишни талаб қила олмайди, ўйинчилар ҳам клублардан шартнома бекор қилингани учун бирон-бир товон пули талаб қила олмайди, деб ҳисоблади.

Ҳозирда Эронда тўп тепаётган хорижлик футболчилар ҳам худди шундай қилишлари мумкин. Бироқ ўйинчилар олдида дарҳол бир савол туғилади: улар Эрондаги каби маош шароитларини топа олишадими? Бундай "муаллақ ҳолатда" қолар экан, улар ҳеч бўлмаганда эртами-кечми ўз пулларини олишларини тушунишади, чунки улар клублар билан шартномага эга. Шартномани бекор қилиш орқали эса улар ҳеч вақосиз қолиш хавфи остида қолади.

Иккинчи жиҳат – янги клубларда рўйхатдан ўтиш. Айтайлик, ўйинчи Эрон клуби билан шартномани бекор қилди. Уни янги чемпионатда рўйхатдан ўтказа оладими? "Annex 7"нинг ўзига хослиги шунда эдики, бундай футболчилар учун трансфер ойнаси бир ойга "узайтирилган" эди. Россия ва Украинада тўп тепган ўйинчилар якунда Италия, Франция ва бошқа кучли чемпионатларга йўл олиши мумкин эди. Эрон мисолида эса ҳеч ким футболчилар учун трансфер ойнасини очмайди ва улар то ёзгача "муаллақ" қолиб кетишади.

Эркин агентларни рўйхатдан ўтказиш мумкин бўлган мамлакатлар бор. ФИФА регламентида шундай банд борки, унга кўра шартномаси йўқ ёки шартномаси асосли сабабларга кўра / томонларнинг келишувига биноан бекор қилинган ўйинчи, мусобақанинг "спорт яхлитлиги"ни ҳисобга олган ҳолда, трансфер ойнасидан ташқари вақтда ҳам рўйхатдан ўтказилиши мумкин. Бундан буёғига ҳар бир мамлакат "спорт яхлитлиги" улар учун нимани англатишини ўзи белгилайди. Россияда клублар учун трансфер ойнаси ёпилгандан сўнг бунинг учун 14 кун вақт берилади.

Ўзбекистонда, масалан, бор-йўғи тўртта тур ўтди. ЎФА айнан мана шу ўйинчилар учун махсус тартиб ўрнатиши мумкин, яъни клублар "спорт яхлитлиги"ни сақлаб қолган ҳолда уларни рўйхатдан ўтказиши мумкин. Аммо бунинг учун Эрон клублари билан амалдаги шартномаси бўлган футболчилар аввало уларни бекор қилиши керак. Тўғри, ФИФА буни тасдиқлаши лозим, лекин буларнинг барчаси TMS тизими (халқаро трансферларни расмийлаштириш учун ФИФА онлайн-платформаси) ва ФИФАнинг "Legal & Compliance" (футбол федерациялари фаолиятини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, ахлоқ меъёрларига риоя этиш, футболнинг ҳалоллиги ҳамда барча жараёнларнинг ички уставлар ва халқаро ҳуқуққа мослиги учун жавобгар бўлинма) деб номланган профиль департаменти орқали жуда осон амалга оширилади. Бу мазкур вазиятда тўлақонли реал ва амалга оширса бўладиган моделдир.

Юрий Зайцев иштирокидаги "Финт Тураева" подкастининг тўлиқ версиясини қуйидаги ҳавола орқали топишингиз мумкин (рус тилида):


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›