Сўнгги ўриндаги клуб энг "пушкачи", қоидасевар "Турон" — Суперлиганинг ортда қолган беш тури бўйича энг юқори ва энг қуйи кўрсаткичлари
13 апр 2023 03:18
Янгиликлар
Сўнгги ўриндаги клуб энг "пушкачи", қоидасевар "Турон" — Суперлиганинг ортда қолган беш тури бўйича энг юқори ва энг қуйи кўрсаткичлари
Coca Cola Суперлигасининг беш тури ортда қолди. Дастлабки турларда ёқаларни ушлашга мажбур қилган етакчилар аста-секинлик билан ўз ўрниларига қайтаётган бўлса, илк ўйинлардаёқ қақшатқич зарбалар қабул қилиб олган ўртамиёна саналган жамоалар ўзларини ўнглаб олишга қийналишмоқда. Шунга қарамасдан, турнир жадвалининг пастки поғонларида бораётган жамоалар ҳам айрим кўрсаткичлар бўйича фахрий ёрлиқ олишга даъвогар бўлиб турибди. Бир қўлимиздаги бармоқлар сонига тенг учрашувлардан сўнг рақамларга қизиқадиган биродарларимиз учун ПФЛ сайтидаги статистика асосида энг яхши кўрсаткичларни тузиб чиқдик.
Зарбалар
Рақиблари дарвозасини ўққа тутиш бўйича на "Пахтакор", на етакчи бўлиб турган "Нефтчи" ва "Бунёдкор" пешқадам бўлиб турибди. Аксинча, турнир жадвалининг энг қуйи поғонасида бораётган "Сўғдиёна" бу борада томоқ қириб қўядиган рақамларга эга чиққан. Жиззахликлар рақибларига қарши нақ 68 маротаба зарба ижро этган. Бироқ гол уришга келганда, "бўрилар" "ювош мушукча"га айланиб қолишмоқда. Иван Бошкович шогирдлари ҳозирча атиги 4 маротаба рақиб дарвозасини ишғол қилган. Энг кам зарбани эса "Олимпик" футболчилари йўллаган. Тимур Кападзе қўл остидаги футболчилар 28 марта рақиб дарвозасини мўлжалга олишга журъат этишган.
Аниқ зарбалар
Зарба берганда ҳам оёғига тўп келганда дуч келган тарафга тепадиган эмас, балки мўлжалга олиш борасида жиззахликлар мақтана олмайди. Бу борада турнир жадвалида етакчилик қилаётган "Нефтчи" устунлик қилмоқда. Фарғоналиклар 31 маротаба нишонни тўғри топишган, бироқ улар томонидан юборилган "посилкалар"нинг 11 таси кўзланган манзилга етиб борган. Менинг илк бора қўлимга ТИР милтиғини ушлаган ҳолда кўзлаган нишонларим қай даражада йўналиш олган бўлса, аниқлик борасида шунга ўхшаш кўрсаткич борасида бухороликлар тенгма-тенг турибди. Яқиндагини Улуғбек Бақоевни таклиф қилган клуб атиги 10 та аниқ зарба йўллаган ва уларнинг иккитаси голга айланган.
Бурчак зарбаси
Қўлида доим байроқча ҳилпираб турадиган ҳакам қаршисидан тўпни ўйинга киритиш бўйича қаршиликларга қаршилик қиладиган жамоа топилмаяпти. "Насаф" футболчилари нақ 34 маротаба бурчак зарбасини амалга оширишган. Қизиқ томони, геометрик нуқтадан тўпни ўйинга киритишни унчалик хушламайдиган жамоа "Бунёдкор" бўлиб турибди. Мурод Отажонов шогирдлари бир қўл билан санаганда ҳам бармоқлар ортиб қоладиган бурчак зарбаси амалга оширган — 3 та (агарда статистика нотўғри кўрсатилмаган бўлса).
Ўйиндан ташқари ҳолат
Оффсайдда қолиш борасида ҳам яқинда Иван Бошкович бошқарувга келган "Сўғдиёна" илғор бўлиб турибди. Ҳа, латифа айтаётганим йўқ. Жиззахликлар 12 маротаба ёрдамчи ҳакам байроғини тўғрига кўтаришига сабабчи бўлган. Ассистентни энг кам безовта қилган клуб эса ОКМК саналади, олмалиқликлар 3 маротаба ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетган.
Фоллар
Ўйин қоидасини бузиш бўйича пешқадамликни чемпионлик пешқадамлиги йўлида кураш олиб бораётган "Навбаҳор" эгаллаб турибди. Самвел Бабаян шогирдлари беш тур давомида 79 маротаба қўполлик ишлатган. Қоидалар доирасидан четга чиқмасликка ҳаракат қилувчи жамоа эса "Турон" бўлиб турибди. Турнир жадвалидаги натижаси ҳавас қилгудик бўлмас-да, яйпанликлар 44 марта фоль қайд этган ҳолда бу борада энг кам кўрсаткичга эга чиққан.
Карточкалар
Ҳакам томонидан энг кўп сариқ рангли "эсдалик совғаси" билан тақдирланган жамоа "Қизилқум" бўлиб турибди. Навоийлик футболчилар 17 маротаба огоҳлантирилган. "Насаф" ва "Бухоро" ўйинчилари эса нисбатан камроқ бундай туҳфага сазовор бўлишган (8 тадан). Ундан ҳам қўрқинчлироқ ҳамда келгуси ўйинга дам олиш путёвкасини тақдим этадиган карточка соҳибига айланиш бўйича андижонликлар олдинда бормоқда. Уларга 5 ўйинда 3 маротаба қизил карточка кўрсатилган. Суперлигадаги 6 жамоа эса ҳозирча бундан бебаҳра бўлиб турибди.
Coca Cola Суперлигаси. 5-турдан кейинги қизиқарли маълумотлар
Фикрлар