

Бунда "Ҳавоқанд" бош мураббийи Самандар Мелибоев иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- "Насаф"дек кучли жамоага қарши баҳс олиб бордик. Ўзбекистон Кубогида иштирокни саралаш босқичидан бошладик ва шу ергача етиб келдик. Биз учун Кубокнинг гуруҳ баҳсларида иштирок этиш катта ютуқ деб ўйлайман. "Ҳавоқанд" - янги жамоа, таркибимизда ёшлар кўп. Меҳнат қилиб келажакда яхши футболчиларни тарбиялашни мақсад қилганмиз. "Насаф" - Ўзбекистондаги энг кучли жамоалардан бири, ўйин услуби ўзимга ҳам ёқади. Кўп йиллардан бери бир мураббий бошқаряпти ва яхши тизим йўлга қўйилган. Клубнинг футбол мактаби ҳам яхши ишлайди.
- Жамоангиз олдига қандай вазифа қўйилган?
- Уч йил Иккинчи лигада ўйнаб, бу мавсум Биринчи лигага чиқдик. Биринчи навбатда ўйинни яхши шакллантиришимиз керак. Келажакда ҳам катта ниятларимиз бор. Пролигага чиқишни хоҳлаймиз ва секин-аста шунга ҳаракат қиламиз. Барқарорликни йўқотмасликка ҳаракат қиламиз.
- Таркибдаги йигитлар асосан қайси футбол мактаблардан келган?
- 60-70 фоиз ўйинчилар ўзимизнинг йигитлар. Ўтган йил Иккинчи лигада ва ҳаваскор жамоаларда ўйнаган футболчилар ҳам бор. Ҳозирча шу орқали селекция қилдик. Маҳаллий ёшлар бизда ўйнаяпти.
- "Ҳавоқанд" хусусийми ёки бирон бир ташкилотга бириктирилганми?
- Жамоамиз хусусий. "Ҳавоқанд" фирмаси бор, бизга ҳомийлик қилади. Қўқонда яна "Беназир" фирмамиз бор, улар ҳам ёрдам беряпти. Хусусий клубларни шакллантириш режасига кўра клубни ташкил этганмиз.
- Дарвозабонингиз 6та гол ўтказиб ҳам яхши таассурот қолдирди, 4-5та чиройли сейвни амалга оширди.
- Дарвозабон ҳам ўзимизнинг маҳаллий йигит. Мен ҳам уни яхши турди деб ўйлайман. Тўпга чиқишда камчилик бор, Худо хоҳласа буни тўғрилаймиз. 25 йилдан бери футболдаман ва ҳаммамиз футболни яхши кўрамиз. Мен ҳам яхши ўйинчиларни тарбиялаб беришга ҳаракат қиляпман.
- "Ҳавоқанд" неча дақиқа максимал ўйин кўрсата олди деб ўйлайсиз?
- Ўйин томонлама "Насаф"га тенг эмаслигимизни билардик. Тезкор гол режаларимизни ўзгартириб юборди. Стандартларга эътибор беришни мақсад қилгандик. 20-25 дақиқа нимадир қила олдик, кейин эса кучимиз етмади. Барибир таркибимизнинг кўпчилиги ярим проофессионал ва ҳаваскорлардан иборат. Бу ҳам билинди.



