Рўзиқул Бердиев: "Икки марказий ҳимоячимизнинг йўқлиги ҳимояда анчагина заиф бўлиб қолаётганимизни кўрсатмоқда"

23 апр 2026, 21:50
Суперлиганинг 9-тури доирасида "Насаф" - "Локомотив" (2:3) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида қатнашди.

- Бизнинг икки марказий ҳимоячимизнинг йўқлиги ҳимояда анчагина заиф бўлиб қолаётганимизни кўрсатмоқда. Чунки фактларни олсак, биз марказий ҳимоячиларимиз борлигида 6та ўйинда 3тагина гол ўтказган эканмиз. Ҳозир эса улар йўқлигида икки ўйинда 5та гол қўйиб юбордик. Ушбу марказий ҳимоячиларимизнинг тажрибаси бизга жуда ҳам зарур эди. Бугунги ўйинга аҳамият берган бўлсангиз, биринчи бўлим бизнинг назорат остида ўтди. Биринчи бўлим охирида рақиб гол уриб олди ва бу уларни ўйинга қайтарди. Шу орқали улар иккинчи бўлимда қарши ҳужумлар ва стандартларда хавфлироқ ўйнашди. Икки марказий ҳимоячимизнинг йўқлиги ўз таъсирини ўтказмоқда.

- Захирадан тушган футболчилар ўйинни кучайтира олишмади.
- Захирадан тушган футболчилар жуда ёш ва тажрибаси кам. Шунга қарамай битта гол уришга муваффақ бўлдик. Улар фаолроқ бўлишга ва ўйинни ўз томонига оғдиришга ҳаракат қилишди. Тажриба ҳам бизнинг устувор вазифамиз. Ушбу ёшлар кўпроқ тажрибага эга бўлишса, бундан хурсанд бўламиз.

photo_2026-04-23_21-24-43.jpg

- Суперлигамизда Boxing Day бўлмаганди. Бу биз учун қанчалик фойдали ва бунга тайёрмизми?
- Бунга кўникиш керак. Агарда Сизда иккита таркиб бўлса, ушбу босқичдан ўтиб олса бўлади. Кимда захира кам бўлса, футболчилар сони камроқ бўлса, муаммоли ўтади. Бир хил таркиб билан ҳаракат қилинаверса, тикланиш қийин бўлади.

- Марказий ҳимоячилар кейинги турда сафга қайтадими?
- Билмадим. Алибек Давронов жароҳат олган ва учинчи ўйинда ҳам ўйнамаяпти. Умар Эшмуродовнинг нечта ўйинга четлатилганини билмадим. Шу сабабли ҳозир биргина марказий ҳимоячи билан қолганмиз - Ғолиб Ғайбуллаев. У ҳар бир ўйинга укол билан чиқяпти. Шунга мажбур бўляпмиз. Кўрамиз, "Пахтакор" билан ўйинга қадар нечта футболчимиз сафга қайтаркан.


Манба: championat.asia