Роналдо: "Мен кучли депрессиядан азият чекдим"

11 июл 2026, 09:40
Бразилия терма жамоасининг собиқ форварди Роналдо футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг дарҳол бошланган ҳаёти даври ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди.

"Фаолиятни якунлашга қарор қилганингда, бу гўё яқин инсонларингдан кимдир вафот этгандек туюлади. Мен жуда кучли депрессиядан азият чекдим, сезиларли даражада вазн ортирдим. Катта футболдан кетиш жуда қийин бўлди. Бошқа майдонга тушмаслигим ҳақидаги фикр чидаб бўлмас эди.

Вақт ўтиши билан ҳаётда бошқа ишлар ҳам борлигини ва ўзингни қайтадан тиклашинг мумкинлигини англайсан. Бироқ бошқа мусобақаларда қатнашмаслигим ҳақидаги ўй мени ҳали узоқ вақт тарк этмади", – дея Роналдонинг сўзларини келтиради Mundo Deportivo Football Legends Talks подкастига таяниб.

Роналдо фаолиятини 2011 йилда якунлаган. У клуб миқёсида "Крузейро", ПСВ, "Барселона", "Реал Мадрид", "Интер", "Милан" ва "Коринтианс" каби жамоаларда тўп сурган. Ҳужумчи клубдаги фаолияти давомида жами 499 та учрашувда майдонга тушиб, 330 та гол ва 83 та ассист қайд этган. Шунингдек, ҳужумчи Бразилия термаси сафида 99 та ўйинда ҳаракат қилиб, 62 та гол ва 32 та ассист қайд этган. У терма жамоа сафида икки марта ЖЧда ғалаба қозонган.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: Mundo Deportivo

Сўнгги янгиликлар

Барча ›