

“Тажрибали қанот ҳимоячиси Коффи Коуао эндиликда жамоамиз шарафини ҳимоя қилади”, – дейилади хабарда.
Тўлиқ исми: Коффи Франcк Коуао
Туғилган санаси: 1998 йил 20 май
Туғилган жойи: Абиджан, Кот-д’Ивуар
Фуқаролиги: Кот-д’Ивуар
Бўйи: 1,73 метр
Асосий позицияси: Ўнг қанот ҳимоячиси
Қўшимча позициялари: Чап қанот ҳимоячиси, ўнг қанот ярим ҳимоячиси
Оёғи: Ўнг

Коффи Коуао футболчилик фаолиятини Кот-д’Ивуарнинг “ASEC Mimosas” академиясида бошлаган. Кейинчалик Португалиянинг “Визела” клубига кўчиб ўтган ва айнан шу ерда профессионал фаолиятини бошлаган. Фаолияти давомида “Мореиренсе” ҳамда “Фамаликао” клубларида ижара асосида тўп тепган. 2022 йилда Франциянинг “Мец” клубига трансфер қилиниб, жамоанинг асосий ҳимоячиларидан бирига айланган.
Коуао Кот-д’Ивуар U-23 терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган ва ёшлар ўртасидаги халқаро мусобақаларда иштирок этган.
Футболчи 2026 йилнинг ёзида “Мец” билан шартномаси якунлангач, эркин агент мақомига эга бўлди. Профессионал фаолияти давомида Франция ва Португалия чемпионатларида 200 дан ортиқ расмий учрашувларда майдонга тушган тажрибали ҳимоячи ҳисобланади.
Айни пайтда Transfermarkt портали Коффи Коуаонинг трансфер қийматини 2,5 миллион евро этиб баҳоламоқда. Мазкур кўрсаткич уни Ўзбекистон футболидаги энг қиммат трансфер қийматига эга футболчига айлантиради. Шунингдек, Коуао трансфер қиймати бўйича Ўзбекистон Суперлигаси тарихида тўп тепган энг қиммат футболчилар қаторидан жой олмоқда.



