

Унда "Яйпан" бош мураббийи Рашид Ғофуров иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Авваламбор мухлисларимизни ва йигитларни ғалаба билан табриклайман. "Ғазалкент" билан баҳсдан кейин чуқурга тушиб қолгандек эдик. Аввалги тонусга қайтиш учун бизга битта ғалаба керак эди. Берилган кўрсатмаларни футболчиларимиз тўлиқ бажаришди. Асосий таркибда ўйнаганлар ҳам, захирадан тушганлар ҳам - ҳамма ўз вазифасини бажарди. Шундан менинг кўнглим тўлди.
- Аввалги турда жамоангиз "Пахтакор"га қарши баҳс олиб бориб, 1:4 ҳисобида мағлуб бўлди. Бу ўйинда дарвозани Мирзоҳид Жалилов қўриқлади. Кучли рақиб билан ёш футболчини дарвозага қўйиш ёш дарвозабонни "синдириб" қўймайдими?
- Ёш футболчи деганда ким? Дарвозабонми? Биринчидан, Мирзоҳид бошқа дарвозабонимиз Озодбек Маруповдан катта. Шундай ўйинларда унга амалиёт бермасак ва таркибда ротация қилмасак чемпионатда бизга қийин бўляпти. Биз учун Кубокдан кўра Пролига муҳимроқ. Агар "Каттақўрғон" устидан қозонилган ғалабани чемпионатдаги уч очкога алмаштирган бўлармидингиз дейишса, Ҳа деб жавоб берардим. "Пахтакор"дан учралган мағлубият айбдори фақат дарвозабон эмас, ҳаммадан хато ўтди. Ўша учрашувда ҳам бошқа футболчиларни синаб кўрдик. "Пахтакор" фонида ўз хатоларимизни кўриб олдик. Тажрибамиз камлиги сабаб йирик мағлубият қайд этилди.
- Кубок ўйинларида Суперлига клублари гуруҳдан чиқишни уддалай олмаяпти. "Ғазалкент", "Мобиуз" каби Пролига жамоалари эса гуруҳдан чиқди. Суперлига клублари Кубокка унчалик эътибор бермаяптими?
- Ҳамма ўзининг кучига қараб имкониятини давом эттиради. Суперлига жамоалари ҳам Кубокда ротация қиляпти. Ҳаммага ўйин амалиёти бериш мақсадида Суперлига жамоалари шу йўлни тутган. Лекин бу дегани Суперлига иштирокчилари кучсиз дегани эмас. Барибир Суперлиганинг ўз номи бор. Фақат ҳамма ўз олдига турлича вазифаларни қўйиб ҳаракат қиляпти.
- Бугун киритилган гол жуда ажойиб кўриниш олди. Неча балл қўйган бўлардингиз?
- Чиндан ҳам чиройли гол урилди. Голгача бўлган вазиятни эсдан чиқармаслик керак. Агар ўша вазиятда Музаффарга тўп узатиб берилмаганида гол ҳам бўлмасди. Шу боис голгача бўлган ҳаракатни ҳам эътироф этиш керак. Баллга келсак аъло баҳо қўйган бўлардим. Чунки бу гол ўйин тақдирини ҳал қилди.



