"Рақиблар бироз кучлироқ эди, аммо бизда бошқа устунликлар бор". Сергей Чигодаев — Ўзбекистон U-16 терма жамоасининг Европа турнеси ҳақида
26 сен 18:44
Янгиликлар


"Рақиблар бироз кучлироқ эди, аммо бизда бошқа устунликлар бор". Сергей Чигодаев — Ўзбекистон U-16 терма жамоасининг Европа турнеси ҳақида
Хабарингиз бор, терма жамоа Черногория ва Венгрияга қарши иккитадан ўйин ўтказди.
- Жамоангизнинг Черногория ва Венгрияга қарши ўйинлардаги умумий ўйинини қандай баҳолаган бўлардингиз?
- Ижобий. Йигитлар ҳар бир ўйинда кучаймоқда ва ўйинимиз яхшиланиб бормоқда. Черногория ва Венгрия каби жамоаларга қарши ўйнаш – биз учун катта тажриба.
- Европа жамоаларига қарши ўйнаш сизни хавотирга солмайдими? Жисмоний куч жиҳатидан рақиблар жамоангиздан устунроқ бўлиши мумкин...
- Хавотирлар бор эди, лекин жисмоний тарафлама жиддий фарқни сезмадик. Ҳа, балки рақибларимиз қайсидир томондан бироз кучлироқдир, аммо бошқа жиҳатларда биз ютқазмадик. Яккама-якка курашларда бироз қийин кечди, лекин бизда бошқа кучли жиҳатлар бор – тезлик, чаққонлик ва техника.
- Финалда мағлуб бўлган CAFA Cup мусобақасидан кейин жамоангиз қанчалик ўсди?
- Ўша турнирдан кейин анча вақт ўтди, кўплаб учрашувлар ўтказилди. Йигитлар тажриба орттиришди, индивидуал ва жамоавий ўсиш кузатилди. Умид қиламанки, биз ҳар бир йиғинда кучайиб борамиз. Устида ишлашимиз керак бўлган камчиликлар ҳам мавжуд.
- Келаси йили бўлиб ўтадиган U-17 Осиё Кубоги учун таркиб шакллантириб олдингиз, десак бўладими? Ёки қандайдир ўзгаришларни кутиш мумкинми?
- Жамоа ўзаги шаклланди. Менимча, жамоамиз тахминан 80% га тайёр. Аммо биз ҳали ҳам терма жамоага қўшилиш эҳтимоли бор футболчиларни кузатиб боряпмиз. Бу ёшда ўйинчилар тез ўзгаради – баъзилари кучаяди, баъзиларда пасайиш рўй беради. Келаси йилги турнир – U-17 Осиё Кубогига яхши тайёргарлик кўрганлар боради.
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар