

Бунга омиллар кўп. Унинг сабабларини излаш эса алоҳида мавзу ҳисобланади. Биз эса биринчи даврада ижобий таасурот қолдирган ҳужумчи Қадамбой Нурметов билан суҳбатлашиб, ўзимизни қизиқтирган саволлар билан юзландик.
- Аввало “Динамо”нинг жорий мавсум Суперлигадаги иштирокига тўхталиб ўтсангиз. Биринчи даврани жамоа ажойиб тарзда ўтказганди. Лекин, футболчилардаги ўзига бўлган ишонч ва куч иккинчи даврага келиб йўқолди...
- Ўзимни фикримни билдирсам. Бизга шижоа ёки ишонч эмас, барқарорлик етишмади. Битта ўйинимизни ва услубимизни ушлай олмадик. Кетма-кет мағлубиятлардан сўнг босим юзага келди. Оғир вазиятдан чиқиб кета олмадик. Ўзимизга бўлган ишончни йўқотиб қўйдик.

- Балки, мураббийлар футболчиларни руҳий томонлама яхши тайёрлай олмагандир. Одатда жамоа қийин вазиятга тушиб қолганида, мураббийларнинг махорати асосий планга чиқади...
- Мураббийлар яхши ишлашди. Уларга айбни ағдариш нотўғри. Ҳамма айб биз футболчиларда. Руҳий тушкунликка тушиб қолганимиздан сўнг, уни енгиб ўтиш қийин бўлди. Тажрибасизлигимиз панд берди.
- “Сўғдиёна”, “Навбаҳор” ва "Локомотив" жамоаларига қарши кечган учрашувларда муҳим голларни урдингиз. Ўша пайт қалбингиздан қандай ҳислар кечди?
- Тўғриси, буни сўз билан ифодалаб беролмайман. Ўша онларда мендан бахтли инсон йўқ эди. Гол уриб, жамоангга оз бўлсада фойда келтиришнинг завқи бошқача бўлади.
- Янги клублардан чорловлар бўляптими? Ўзингизни юқори даражадаги жамоаларда синаб кўриш орқали тажрибангизни янада ошириш имконияти бўлиши мумкин...
- Ҳозирча кучли жамоалардан таклифлар йўқ. Агарда, бўлса ўзимни синаб кўришга тайёрман.
Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди



