Покерга эришган ҳужумчи, фантастик гол урган ҳимоячи, ассист қайд этган дарвозабон — Суперлигада 15-тур лауреатлари

Sherzod Nurmatov
4 авг 2026, 15:40
Championat.asia сайти Ўзбекистон Суперлигаси 15-турининг энг яхшиларини аниқлади.

15-турнинг энг яхши дарвозабони — Абдувоҳид Неъматов (“Насаф”)

“Насаф” бу турда Олмалиқда ОКМК меҳмони бўлиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Эътиборлиси, учрашувдаги дастлабки голга айнан дарвозабон Абдувоҳид Неъматов ассистентлик қилди. 8-дақиқада унинг узун пасидан кейин тўпни қабул қилиб олган ҳужумчи Бобир Абдихолиқов тўпни дарвозабоннинг устидан ошириб қўйиб, ҳисобни очди. Бундан ташқари, Абдувоҳид баҳс мобайнида муҳим паллаларда жамоаси жонига ора кирди ва муносиб равишда тур дарвозабони деб топилди.

darvozabon (8).png

15-турнинг энг яхши мураббийи — Рўзиқул Бердиев (“Насаф”)

Юқорида таъкидланганидек, Рўзиқул Бердиев жамоаси бу тур Олмалиқда Миржалол Қосимов қўл остидаги ОКМК билан рўбарў келди (2:1). Тур марказий беллашувларидан бирида Бердиевнинг ишланмалари иш бериб, қаршиликлар олмалиқликларнинг тинимсиз босимига қарамай, ҳимояда тартибли ҳаракат қилишди ва ғалабани сақлаб қолишди. Шундай қилиб, тажрибали мутахассис тур мураббийи сифатида эътироф этилди.

murabbiy (7).png

15-турнинг энг яхши футболчиси — Ҳусайн Норчаев (“Навбаҳор”)

Яқин-яқингача оғир жароҳатдан тикланиш билан банд бўлган ҳужумчи Ҳусайн Норчаев ўзининг зўр спорт формасига қайтиб бормоқда. У “Хоразм” билан баҳсда шунчаки яйради ва нақд 4 та тўп киритди. “Навбаҳор” унинг покери эвазига рақибни 5:1 ҳисобида тор-мор келтирди. Championat.asia сайти 24 ёшли футболчини тур футболчиси номига лойиқ кўрди.

futbolchi (7).png

15-турнинг энг чиройли голи муаллифи — Азизбек Чориев (“Машъал”)

“Машъал” бу турда ўз майдонида “Сўғдиёна”ни меҳмон қилиб, 1:3 ҳисобида мағлубиятга учради. Муборакликларни бу ўйинда хурсанд қилган жиҳат захирадан қўшилган ҳимоячи Азизбек Чориевнинг олис масофадан урган супер голи бўлди. Унинг 90+3-дақиқада берган зарбаси олдида тажрибали посбон Милат Митрович ожиз қолди. Қуйида голни кўринг ва шунчаки завқланинг.

gol (7).png

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Championat.asia