

Павлодардаги баҳс мезбонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. "Иртиш" ўйиндан олдин турнир жадвалида сўнгги ўринни эгаллаб, Премьер-лигада жон сақлаб қолиш учун курашаётганди, "Оқжетпес" эса учинчи поғона ҳамда еврокубокка даъвогарлик қилаётганди.
Мазкур учрашув бир қатор ҳолатлар сабаб алоҳида эътибор марказига тушди. Биринчи бўлимда "Иртиш" рақиб дарвозаси томон 13 марта зарба берган бўлса, "Оқжетпес" бирорта ҳам зарба йўлламади. Ўйиндан кейин иштирокчиларнинг эҳтимолий ташқи алоқалари борасида ҳам саволлар туғилди. "Оқжетпес" бош мураббийи Ринат Алюетов муқаддам "Иртиш"ни бошқарган ва Павлодар клубини Премьер-лигага олиб чиққан эди. Ҳозирги "Оқжетпес" таркибида ҳам илгари "Иртиш" шарафини ҳимоя қилган футболчилар бор.
Эндиликда ўйин атрофидаги ҳолатлар ҚФФ томонидан ўрганилмоқда. Иш доирасида Қозоғистон терма жамоасининг собиқ футболчилари У.А. ва Р.А. номлари тилга олинган.
Якуний хулосалар федерация текшируви якунланганидан сўнг эълон қилиниши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, "Оқжетпес" таркибида ўзбекистонлик футболчилар Бектемир Абдуманнонов ва Шаҳбоз Умаров ҳаракат қилади.



