

2026 йилнинг 9 май куни Ар-Риёд шаҳридаги тарихий Салва саройида мусобақанинг гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Аслида ушбу маросим жорий йилнинг 11 апрель санасига белгиланган эди, бироқ Яқин Шарқдаги мураккаб геосиёсий вазиятлар ва минтақавий можаролар сабабли барча миллий ассоциациялар вакилларининг тўлиқ иштирокини таъминлаш мақсадида тадбир қарийб бир ойга кечиктирилди. Ушбу қуръа натижалари Осиё қитъасининг энг кучли 24 та терма жамоасини олтита гуруҳга тақсимлаб берди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси мусобақанинг "B" гуруҳидан жой олди ва унга Иордания, Баҳрайн ҳамда Шимолий Корея терма жамоалари рақиблик қиладиган бўлди. Жанубий Корея спорт таҳлилчилари томонидан "ўлим гуруҳи" дея баҳоланаётган ушбу тўртлик ўзининг тактик ранг-баранглиги, жамоаларнинг ўзаро тарихий қарама-қаршиликлари, ва юқори рақобати билан ажралиб туради.

Мусобақа формати
Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан тасдиқланган регламентга кўра, мусобақа формати 24 та жамоани олтита гуруҳга бўлишни назарда тутади. Ҳар бир гуруҳдан биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар (жами 12 та жамоа), шунингдек, гуруҳларда энг яхши кўрсаткич қайд этган тўртта учинчи ўрин эгалари автоматик равишда 1/8 финал (плей-офф) босқичига йўл олади. Ушбу тизим гуруҳ босқичидаги ҳар бир очко, ҳатто ҳар бир урилган ёки ўтказиб юборилган голнинг нақадар аҳамиятга эга эканлигини англатади. Қуръа жараёнида адолатни таъминлаш мақсадида жамоалар 2026 йил 1 апрель ҳолатидаги ФИФА рейтингига асосан тўртта саватчага (ҳар бирида олтитадан жамоа) ажратилди.
Ушбу гуруҳнинг хусусияти шундаки, унда Осиё қитъасининг уч хил фарқли минтақаси вакиллари жамланган: Марказий Осиёнинг консерватив ва техникага асосланган футболи (Ўзбекистон), Яқин Шарқнинг прагматик футболи (Иордания ва Баҳрайн) ҳамда Шарқий Осиёнинг жисмоний курашларга асосланган изоляцион футболи (Шимолий Корея). Тактик нуқтаи назардан бу ҳолат турли хил ўйин фалсафаларининг тўқнашувини юзага келтиради. Ўзбекистон ва Иордания 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этиш орқали тарихий мақом ва улкан тажрибага эга бўлган ҳолда ушбу турнирга етиб келишса, Баҳрайн ва Шимолий Корея ўз мухлислари олдида мундиалдаги муваффақиятсизлик компесацияси сифатида бор кучини Осиё Кубогига ташлайди.
Ўзбекистон: Пешқадамликка даъвогар, янги давр ва Каннаваро фактори
"Оқ бўрилар" мазкур турнирга юқори позицияда ташриф буюради. ФИФА рейтингида 50-ўринни эгаллаб турган ва қуръада 1-саватчадан жой олган Ўзбекистон гуруҳнинг яққол фаворити ҳисобланади.
Ўзбекистон терма жамоаси узоқ йиллик тарихи давомида илк бор Жаҳон Чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. ва Марказий Осиё минтақасидан мундиалга чиққан илк давлатга, собиқ Иттифоқ ҳудудидан эса Россия ва Украинадан кейинги учинчи давлатга айланди. Бу муваффақият жамоани ЖЧ-2006 ва ЖЧ-2014 саралашларининг плей-офф босқичларида айнан шу гуруҳдаги рақиблари – Баҳрайн ва Иорданиядан учралган аламли мағлубиятлар туфайли пайдо бўлган тарихий тушкунликдан халос этди. Саралашнинг учинчи босқичида Ўзбекистон 10 та ўйинда 6 та ғалаба, 3 та дуранг ва бор-йўғи 1 та мағлубият қайд этиб, Эрондан кейинги иккинчи ўринни эгаллади.
Жамоани ЖЧ-2026 га олиб чиққан маҳаллий мутахассис Темур Кападзе ўрнини 2025 йилнинг октябрь ойида италиялик афсонавий ҳимоячи, 2006 йилги жаҳон чемпиони ва "Олтин тўп" соҳиби Фабио Каннаваро эгаллади. Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси томонидан Каннаваро олдига жамоани Жаҳон Чемпионатига тайёрлаш ва Осиё Кубогида чемпионлик учун курашиш вазифаси қўйилди. Май ойида Каннаваро кенгайтирилган таркиб билан йиғинга киришди.
У ҳимоявий тартиб-интизом (анъанавий италянча catenaccio элементларининг замонавий кўриниши), позицион жойлашувда бехато ҳаракатланиш ва тактик мослашувчанликка кўпроқ урғу бериши табиий. Қолаверса, унинг штабидан италиялик малакали мутахассислар ўрин олган.

Иордания: Тизимли ривожланиш
Иордания терма жамоаси сўнгги 5 йил ичида Осиё футболидаги энг катта сенсацияларни яратиб келаётган жамоа ҳисобланади. ФИФА рейтингида 63-ўринни эгаллаб турган ушбу терма жамоа қуръа пайтида 2-саватчадан жой олди ва Ўзбекистоннинг гуруҳдаги биринчи рақамли рақобатчиси саналади.
Иордания терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичида "B" гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаб, тарихда илк бор Мундиал йўлланмасини қўлга киритди. 2025 йилнинг 5 июнь куни Маскат шаҳрида Ўмонни 3:0 ҳисобида мағлуб этиши ва паралел кечган ўйинда Ироқнинг Жанубий Кореядан мағлубиятга учраши Иордания учун тарихий эшикларни очди.
Уларнинг Осиё Кубогидаги сўнгги натижаси эса феноменалдир. 2023 йилги Осиё Кубогида Иордания турнир кашфиётига айланиб, плей-офф босқичида Ироқ ва Жанубий Корея каби қитъа грандларини мағлуб этган ҳолда финалга қадар етиб борди ва фақатгина мезбон Қатарга имкониятни бой берди. Ушбу натижа жамоанинг руҳий жиҳатдан қанчалик кучли эканлигини ва босим остида ўйнай олишини кўрсатади. Иордания Жаҳон чемпионатидаги дебютида Жазоир ва Австрия каби кучли жамоаларга, қолаверса амалдаги чемпион Аргентинага қарши кураш олиб боради.
Жамоани айни пайтда марокашлик 55 ёшли мутахассис Жамол Селлами бошқармоқда. Селлами Марокашнинг "Ража Касабланка" клуби билан КАФ Конфедерациялар кубогида зафар қучган ва ўз ўтмишдоши ҳамда ҳамюрти Ҳусайн Аммута яратган тактик пойдеворни сақлаб қолган ҳолда, жамоанинг прагматик ўйинини янада такомиллаштирди.
Иорданиянинг асосий тактик қуроли – тўпни назорат қилишни онгли равишда рақибга бериб қўйиб, ҳимояда зич жойлашиш ва ўта тезкор қарши ҳужумга ўтиш орқали рақибни жазолашдан иборат Селлами одатда 3-4-3 ёки унинг ҳимоявий варианти бўлган 5-2-3 схемасидан фойдаланади.
Ҳимоя чизиғи тажрибали ўйинчилардан ташкил топган. Дарвозада Язид Абулайла, ҳимоя марказида Абдуллоҳ Насиб, Язан Ал-Араб (Сеул ФК) ва жамоа сардори Иҳсон Ҳаддад каби футболчилар ўйнайди. Бу чизиқдагиларнинг термадаги умумий халқаро ўйинлари сони 300 тадан ошади. Иорданиянинг ҳақиқий "ўлдирувчи" кучи унинг ҳужум учлигидадир. Язан Ал-Наймат, Али Олван ва Европада (Франциянинг "Ренн" клубида) тўп тепаётган Муса Тамари Осиё қитъасидаги энг кучли қарши ҳужумчи трио ҳисобланади. Иордания ўйиннинг позицион қисмида, яъни тўпга эгалик қилиб, ёпиқ ҳимояни бузиш талаб этиладиган вазиятларда муаммоларга дуч келади, аммо улар рақиб ҳужумга ўтиб, орқа чизиқда бўш зоналар қолдирганда бехато ҳаракат қилишади.
Ўзбекистон – Иордания: Тарихий қарама-қаршиликлар
Ўзбекистон ва Иордания терма жамоалари ўртасидаги тарихий ўйинлар статистикаси рақамлар нуқтаи назаридан Ўзбекистоннинг сезиларли устунлигини кўрсатса-да, бу баҳслар доимо асабий, драматик ва жисмоний курашларга бой ўтган. Жамоалар шу кунга қадар барча мусобақаларда 15 марта тўқнаш келишган.
Энг баҳсли ва эсда қоларли қарама-қаршиликлардан бири 2013 йилнинг сентябрь ойида ЖЧ-2014 саралашининг бешинчи (плей-офф) босқичида юз берган. Ушбу қарама-қаршилик ғолиби қитъалараро плей-оффга йўл олиши керак эди. Амман шаҳрида ўтган дастлабки ўйин 1:1 ҳисобида якунланган. Тошкентдаги жавоб учрашувида ҳам 1:1 ҳисоби сақланиб қолган. Пенальтилар сериясида эса Иордания 9:8 ҳисобида ғалаба қозониб (ўзбекистонлик ҳимоячи Анзур Исмоиловнинг ҳал қилувчи хатоси эвазига), Ўзбекистонни мундиал йўлланмасидан маҳрум қилган эди.
Шунингдек, 2011 йилги Осиё Кубоги чорак финалидаги ўзаро қарама-қаршиликда Ўзбекистон Улуғбек Бакаевнинг дубли эвазига 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган.
Иордания Ўзбекистон учун гуруҳдаги энг асосий ва тактик жиҳатдан энг ноқулай рақобатчи ҳисобланади. Иордания билан ўйинда Ўзбекистон катта эҳтимол билан тўпга кўпроқ эгалик қилади, бироқ бу ҳолат Жамол Селлами жамоаси учун энг қулай сценарийдир. Фабио Каннаваро ҳимоя чизиғини марказга қараб қанчалик юқорига кўтариши Муса Тамари ва Язан Ал-Найматнинг ҳимоячилар ортидаги бўш зоналарга тезкор кириб бориши учун имконият яратиб бериши мумкин. Ушбу ўйинда прессингни тўғри ташкил этиш ва тўп йўқотилган вазиятда тактик фоллар орқали рақибнинг қарши ҳужумини бошланғич фазасидаёқ бузиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
Баҳрайн: Интизом, мудофаа ва ҳужумдаги инқироз
Форс кўрфази вакиллари саналмиш Баҳрайн терма жамоаси ФИФА рейтингида айни пайтда 91-ўринда бормоқда ва қуръа жараёнида 3-саватчадан жой олди. Баҳрайн Марказий Осиё жамоалари учун энг қийин рақиблардан бири саналади.
Баҳрайн 2027 йилги Осиё Кубогига саралашнинг иккинчи босқичи орқали йўлланмани нақд қилди. Бу уларнинг қитъа биринчилигидаги кетма-кет еттинчи ва умумий ҳисобда саккизинчи иштироки бўлади. Бироқ уларнинг 2026 йилги жаҳон чемпионати саралашидаги иштироки муваффақиятсизлик билан якунланди.
Саралашнинг учинчи босқичида Баҳрайн ҳужумкорлик ва креативлик борасида жиддий инқирозга юз тутди. Улар ўз гуруҳида кетма-кет тўртта ўйинда бирорта ҳам гол ура олишмаган (жумладан, Саудия Арабистонига ўз уйида 0:2 ҳисобида ютқазишган). Баҳрайн жами 5 та гол урган ҳолда гуруҳда энг ёмон ҳужум кўрсаткичини қайд этди ва сўнгги ўринни эгаллаб, мундиал билан хайрлашди. Ушбу муваффақиятсизликдан сўнг, мамлакат футбол ассоциацияси ва жамоа бор эътиборини 2027 йилги Осиё Кубоги ва кузда бўлиб ўтадиган Форс кўрфази кубогига қаратган бўлиб, ушбу турнирда улар амалдаги чемпион сифатида иштирок этади.
Баҳрайн терма жамоасини 60 ёшли хорватиялик мутахассис Драган Талажич бошқармоқда. Талажич Осиё ва Яқин Шарқ футболида улкан тажрибага эга бўлиб, у ўта интизомли ва прагматик ҳимоявий ўйин кўрсатиш тарафдоридир.
Талажич асосан 4-2-3-1 тактик схемасидан фойдаланади ва майдон марказида иккита таянч ярим ҳимоячиси орқали зичликни ҳосил қилиб, рақибнинг ҳужум чизиқларини блоклашга эътибор қаратади.
Мураббийнинг фалсафаси "футбол бу – 11 га 11 ўйналадиган ўйин ва унда фақат жамоавий бирдамлик орқалигина кучлироқ рақибларни мағлуб этиш мумкин" деган концепцияга асосланади. Талажич Баҳрайн терма жамоасида шаклланган психологик тушкунликни йўқотиш, мухлислар ишончини қайтариш ва ҳукуматнинг спортга қилаётган сармояларини оқлаш учун қаттиққўл тактик интизом ўрнатган.
Жамоанинг етакчи ўйинчилари қаторига ярим ҳимоячи Али Мадан (жамоанинг асосий креатив плеймейкери), ҳужумчи Маҳди Абдулжаббор ҳамда тажрибали Комаил Ал Асвад ва Муҳаммад Марҳунларни киритиш мумкин. Жамоадарвозабони ва сардори Сайид Муҳаммад Жаффар эса 163 та халқаро ўйин билан терма жамоа тарихидаги энг тажрибали ўйинчи ҳисобланади. Баҳрайн терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар эса Исмоил Абдуллатифдир (48 гол). Баҳрайннинг ҳимоявий блогини марказдан ёриб ўтиш жуда қийин бўлиб, улар асосан стандарт вазиятлар, жарима зарбалари ёки узоқ масофадан йўлланган кутилмаган зарбалар орқали хавф туғдиришади.
Ўзбекистон – Баҳрайн: Оғриқли хотиралар
Ўзбекистон ва Баҳрайн терма жамоалари ўртасидаги ўйинлар тарихи ўзбек мухлислари учун унутилмас ва ўта оғриқли хотираларни ўз ичига олади. Жамоалар шу кунга қадар расмий ва ўртоқлик ўйинларида жами 11 марта тўқнаш келишган. Ўзбекистон 4 ўйинда ғалаба қозонган ва 2 беллашувда ютқазган. Яна 5 учрашувда кучлар тенг келган.
Энг машҳур, можароли ва трагик қарама-қаршилик 2005 йилнинг сентябрида 2006 йилги жаҳон чемпионати саралашининг қитъавий плей-офф босқичида юз берган. Тошкентда ўтган дастлабки ўйинда Ўзбекистон 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб турган вақтда, япониялик бош ҳакам Тошимицу Йошида пенальтини ижро этиш вақтидаги қоидабузарлик учун (ўзбекистонлик футболчининг жарима майдонига эрта кириб кетиши) пенальтини қайта тептириш ўрнига, ФИФА қоидаларига зид равишда Баҳрайн фойдасига эркин зарба белгилаган. Ўзбекистон томонининг шикоятидан сўнг, ФИФА ўйин натижасини (1:0) бекор қилган ва ўйинни қайтадан ўтказишга қарор қилган эди. Қайта ўтказилган ўйин Тошкентда 1:1, Манамадаги жавоб учрашуви эса 0:0 ҳисобида якунланиб, Баҳрайн сафарда урилган гол қоидасига кўра адолатсиз тарзда кейинги босқичга йўл олган. Шунингдек, 2004 йилги Осиё Кубогининг чорак финалида ҳам пенальтилар сериясида Баҳрайн Ўзбекистонни турнирдан чиқариб юборган эди.
Бироқ, сўнгги ўн йилликдаги натижалар Ўзбекистоннинг тўлиқ устунлигини кўрсатмоқда. Жумладан, 2015 йилнинг октябрида ЖЧ-2018 саралаши доирасида сафарда Ўзбекистон йирик – 4:0 ҳисобида зафар қучган бўлса, 2016 йилнинг мартида Тошкентда ўтган жавоб учрашувида Сардор Рашидовнинг голи эвазига 1:0 ҳисобидаги ғалаба қайд этилган.
Баҳрайн турнирдаги энг ёпиқ, позицион ҳимояланувчи ва ўйин темпини атайлаб пасайтирувчи жамоалардан бири бўлади. Мураббий Драган Талажич Ўзбекистонга қарши ўйинда ўз жарима майдончаси атрофида чуқур ҳимояга ётиб, ҳудудни максимал даражада торайтиришга ва дуранг натижани сақлаб қолишга ҳаракат қилиши эҳтимоли жуда юқори. Ўзбекистон учун бундай зич ҳимояни ёриб ўтишда қанот вингерларининг тезлиги, марказдан бериладиган ностандарт диагонал узатмалар ҳамда жарима майдончаси ичида жисмоний курашларда устунлик қила оладиган баланд бўйли ҳужумчиларнинг (масалан, Элдор Шомуродовнинг) роли беқиёс бўлади. Шунингдек, стандарт вазиятлардан фойдаланиш коэффициенти ушбу ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин.
Шимолий Корея: Изоляциядаги "Чхоллима" ва жисмоний куч
ФИФА рейтингида айни пайтда 118-ўринда бораётган ва қуръа ташлаш маросимида энг сўнгги 4-саватчадан жой олган Шимолий Корея терма жамоаси "B" гуруҳининг энг сирли, ахборотдан холи ва олдиндан айтиб бўлмайдиган иштирокчисидир. "Чхоллима" (Афсонавий қанотли от) лақабига эга ушбу жамоа геосиёсий вазиятлар сабабли тез-тез халқаро мусобақалардан четда қолади, аммо иштирок этган пайтларида ўзининг муросасизлиги, тартиб-интизоми ва сўнгги дақиқагача курашиши билан ажралиб туради. Уларнинг паст рейтинги жамоанинг реал кучини эмас, балки халқаро ўртоқлик ўйинларида кам иштирок этиши оқибатида рейтинг очколарининг йўқотилишини кўпроқ акс эттиради.
Шимолий Корея ЖЧ-2026 саралашининг иккинчи босқичида муваффақиятли иштирок этиб, ҳам Жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичига, ҳам Осиё Кубогига йўлланма олди. Бироқ ҳал қилувчи учинчи саралаш босқичида улар кучли қаршиликка дуч келишди ва гуруҳда сўнгги ўринлардан бирини эгаллашди. Жумладан, жамоа Ўзбекистондан ташқари Қатар (1:5), БАА (1:2) ва Эрон (0:3) каби кучли жамоаларга мағлуб бўлди. Гуруҳдаги бошқа бир марказий осиё жамоаси – Қирғизистон билан улар 2:2 ҳисобида жанговар дуранг ўйнашди. Натижада, шимолликлар ЖЧ-2026 га чиқиш имкониятини бутунлай бой беришган.
Бош мураббий Син Йонг-нам қўл остидаги жамоа совет даврига хос бўлган қаттиққўл мураббийлик диктатураси, бенуқсон тактик интизом ва ўта юқори даражадаги жисмоний тайёргарликка асосланган футбол намойиш этади. Уларнинг ўйин услуби тўпга эгалик қилиш ёки комбинацион футбол қуришдан кўра, рақибни тинимсиз, агрессив прессинг остида ушлаб туриш, майдоннинг ҳар бир қаричи ва ҳар бир тўп учун курашиш ҳамда ўйин темпини жисмоний тўқнашувлар орқали бузишга қаратилган.
Жамоа таркибида кўпчилик футболчилар маҳаллий, ёпиқ лигада ("Хваэбул", "Римёнгсу", "Сонбонг" каби клубларда) тўп тепади, бу эса уларни ўрганишни қийинлаштиради. Уларнинг энг кўзга кўринган ўйинчиси – бир вақтлар Италия А Сериясида ("Кальяри") ва ҳатто "Ювентус" тизимида тўп тепган, ҳозирда эса жамоанинг асосий креатив кучи ҳисобланган Хан Кванг Сонгдир (унинг ҳисобида ЖЧ саралаш босқичида 3 та ассист мавжуд). Шунингдек, терма жамоа тарихидаги энг яхши тўпурар Жонг Ил-гван (31 та гол) ҳамда марказий ярим ҳимоячи ва сардор Жанг Кук-чол жамоанинг ўзагини ташкил этади. Шимолий Корея ҳимояда позицион хатоларга йўл қўяди (улар ҳал қилувчи саралашда ҳар ўйинда ўртача 2.5 тадан гол ўтказиб юборишган), аммо уларнинг чарчамасдан 90 дақиқа югура олиши рақиблар учун катта жисмоний синов ҳисобланади.
Ўзбекистон – Шимолий Корея: Мутлақ гегемонлик
Ўзбекистон ва Шимолий Корея ўртасидаги учрашувлар сўнгги ўн йилликда Ўзбекистоннинг тўлиқ гегемонлиги остида ўтмоқда. Икки жамоа ўртасидаги сўнгги 5 та ўйиннинг барчасида Ўзбекистон ғалаба қозонган.
Шулардан энг сўнггилари 2024 йилнинг кузида ЖЧ-2026 саралашининг учинчи босқичи доирасида бўлиб ўтган. Тошкентда кечган ўйинда Жалалиддин Машариповнинг голи эвазига 1:0 ҳисобида ғалаба қозонилган бўлса, Лаосда ўтган нейтрал майдондаги жавоб ўйинида ҳам Ўзбекистон худди шундай ҳисобда зафар қучди. 2024 йил 19 ноябрь куни бўлиб ўтган ўша асабий ўйинда Аббосбек Файзуллаевнинг 44-дақиқада Бобур Абдихолиқовнинг узатмасидан сўнг урган ягона голи эвазига ғалаба қозонилган. Ўйиннинг 83-дақиқасида Умар Эшмуродов қизил карточка олиб майдондан четлатилган, 85-дақиқада эса Шимолий Корея ҳужумчиси Жонг Ил-гван пенальтини аниқ амалга ошира олмаган эди (Ўткир Юсупов ҳар икки ўйинда рақиб пенальтисини бартараф этиб, қаҳрамонлик кўрсатган). Мазкур ўйин Шимолий Кореянинг қанчалик қайсар рақиб эканлигини яна бир бор исботлади.

Статистика, маҳорат ва тажриба Ўзбекистон томонида бўлса-да, Шимолий Корея билан ўйин ҳеч қачон осон кечмаган. Одатда бу жамоа билан расмий ўйинлар 1:0 кўринишидаги минимал ҳисобларда ва катта асаббузарлик остида якунланади. Бундай ўйинларда биринчи голни тезроқ уриш ва ўйин тақдирини эртароқ ҳал қилиш ўта муҳим, чунки вақт ўтган сари ва ҳисоб тенг бўлиб турган ҳолатда Шимолий Корея ҳимояга чуқурроқ ўрнашиб олади ва фоллар, қўполликлар орқали ўйин ритмини бузади. Мусобақанинг гуруҳ босқичида бундай рақиб билан ўйнаш катта энергия талаб қилади, бу эса асосий футболчиларнинг чарчашига ёки турнирнинг кейинги босқичлари олдидан жароҳат олишига олиб келиши мумкин.
Тақвимнинг ўзига хослиги шундаки, Ўзбекистон турнирни энг кучли ва тактик жиҳатдан ноқулай рақиб – Иорданияга қарши бошлайди. Одатда, йирик мусобақаларда биринчи ўйин бутун турнирнинг руҳиятини белгилаб беради. Агар Каннаваро шогирдлари Иорданиянинг хавфли триосини зарарсизлантириб, ғалаба қозона олса, жамоа катта психологик устунликка эга бўлади ва кейинги икки ўйинда таркибни қисман ротация қилиш имкониятига эга бўлади.
Муҳим логистик жиҳат шундаки, Ўзбекистон биринчи ўйинни Қизил денгиз бўйидаги Жиддада ўтказиб, сўнг иккинчи тур учун мамлакат марказидаги Ар-Риёдга сафар қилади ва учинчи тур учун яна Жиддага қайтишга мажбур бўлади. Иқлимий ўзгаришлар ҳамда сафарлар тикланиш жараёнига таъсир қилиши мумкин.

Иккинчи турда Шимолий Кореянинг зич ҳимоясини ёриб ўтиш талаб этилади. Бунда майдон марказида креативлик ва стандарт вазиятлар муҳим. Учинчи турда эса Баҳрайн билан дурангга рози бўладиган ёки қарши ҳужумга таянадиган Талажичнинг прагматик тизимига қарши бош қотириш керак бўлади. Агар Ўзбекистон сўнгги турга қадар плей-офф масаласини ҳал қила олмаса, Баҳрайн каби рақибга қарши ҳал қилувчи ўйин ўтказиш катта асаббузарликни келтириб чиқаради.
Гуруҳдан чиқиш имкониятларини математик ва тактик моделлаштириш асосида кўриб чиқсак, Ўзбекистон ва Иордания терма жамоалари яққол фаворитлардир. Мазкур турнир форматида 3 та ўйиндан камида 4 очко тўплаган жамоанинг кейинги босқичга (ҳатто энг яхши учинчи ўрин орқали бўлса ҳам) чиқиш эҳтимоли 90% дан юқори бўлади.
Ўзбекистоннинг гуруҳдан биринчи ўрин билан чиқиш эҳтимоли Фабио Каннаваронинг жамоани қисқа муддатли турнирга қандай тайёрлашига, ҳимоя чизиғининг Иордания тезлигига дош беришига ва жамоанинг ЖЧ-2026 дан кейинги эмоционал барқарорлигига боғлиқ. Агар ҳимоя чизиғида индивидуал хатоларга йўл қўйилмаса, Ўзбекистон гуруҳни 7 ёки 9 очко билан пешқадам сифатида якунлаш учун барча ресурсларга эга.
Иордания эса ўзининг "иккинчи рақам" бўлиб ўйнаш услуби орқали ҳам Ўзбекистонга, ҳам бошқаларга катта муаммо туғдиради ва камида иккинчи ўринни нақд қилиши кутилмоқда. Баҳрайн Иордания ёки Ўзбекистондан камида битта очко тортиб олиб, Шимолий Кореяни минимал ҳисобда мағлуб этган ҳолда 4 очко билан учинчи ўрин орқали плей-оффга илиниб қолишга (ёки Иордания хато қилса иккинчи ўринни олишга) ҳаракат қилади. Шимолий Кореянинг имкониятлари эса объектив сабабларга кўра энг паст баҳоланмоқда, улар гуруҳда очко улашувчи вазифасини бажариб беришлари кутилмоқда, аммо улар билан ўйинларда йўқотилган энергия плей-офф босқичида бошқа жамоаларга панд бериши мумкин.



