

1994 йили Хиросимада ўтказилган Осиё ўйинларида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тарихий ғалабаси бутун халққа улкан ғурур бағишлади. Аммо бу юксак чўққидан сўнг, ўзбек футболининг етакчи намояндалари – мураббий ва футболчиларнинг хорижга йўл олиши ўша давр матбуотида кескин норозилик ва баҳсларга сабаб бўлди.
Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган мақола парчаси айнан ўша мураккаб ўтиш даври руҳиятини ўзида акс эттиради. Унда 1994 йилги зафарли юриш меъмори бўлган мураббий Рустам Акрамовнинг 1995 йили Ҳиндистон терма жамоасини бошқариш учун кетгани, шунингдек, ўша вақтда Россиянинг "Алания" клуби етакчисига айланган истеъдодли футболчимиз Миржалол Қосимовнинг фаолияти кескин, ҳатто аёвсиз танқид остига олинади. Муаллиф уларнинг хориждаги фаолиятини ватан манфаатларидан чекиниш, миллий ғурурни "моддий манфаатлар"га алмашиш сифатида кескин қоралайди.
Бугунги глобаллашув даврида спортчиларимизнинг хориж майдонларида тўп суриши тажриба ошириш ва юрт номини дунёга танитишнинг энг яхши йўли сифатида қабул қилинади. Бироқ, ушбу тарихий матн бизга чорак аср муқаддам ватанпарварлик ва спортчи масъулияти тушунчаларига қандай радикал ва ҳиссиётли ёндашилганини, "бизга фақат ўзимизда ўйнайдиган қаҳрамонлар керак" деган қараш қанчалик кучли бўлганини яққол кўрсатиб беради.
АГАР ҚИЛМАДИ ЭЛ ҲИМОЯТ СЕНГА...
Ўзингдан керакдир шикоят сенга
...Қаҳрамонлик, мардликнинг икки тоифаси бор: бири лаҳзанинг ўзида қаҳрамонликни намойиш этиш, иккинчиси доимий мардлик кўрсатиб яшаш. Иккинчисининг юки нақадар оғир эканлиги ҳар куну ҳар соатда, ҳар бир ҳолатда чидам билан матонат кўрсатиш зарурлигидан билса бўлади. Оллоҳга ҳам ана шундай инсонлар хуш келади. Биринчи хил қаҳрамонликни барча дарҳол олқишлайди, ҳурмат-эътибор кўрсатади, лекин иккинчи хил мардлар эса ўзларини «манаман» деб кўрсатмай вазминлик билан яшайдилар. Улар учун турли дабдабалар бегона. Шукрки, бундай инсонлар орамизда кўп. Бизнинг юксалишимиз ана шундай инсонлар заҳмати, матонати орқали бўлаётганини чуқур англаш лозим. Лекин ўзбек футболини Осиё ўйинларида ғалабага олиб келган миллий команда мураббийларидан бири Рустам Акрамов ана шундай «бир лаҳзалик» қаҳрамонлардан бўлиб чиқди. Ўзбекистон Осиё чемпиони бўлгандан сўнг у Осиёда иккинчи энг кучли тренер деб тан олинди. Лекин унинг футболчиларимизни чемпион бўлишларидаги ҳиссаси қандай эканлиги тўғрисида сўз айтмай туриб, унинг миллий ғурур, ватанпарварлик борасидаги қалб уриши ҳақида гапирмоқчимиз.
Бу футбол мураббийси Хиросимадаги ғалабамиздан сўнг ўзбек футболи довруғини янада юқори кўтаришга бел боғлаши керак эди. Чунки тоққа чиққан чўққини кўзлайди. Кўплаб иқтидорли футболчиларимиз унинг қўлига ишониб топшириб қўйилган эди. Ана шу эришилган ғалаба шитоб билан футболимизни янада юксакка олиб чиқиши мумкин эди. Афсуски бундай бўлмади. Ўзбек футболининг мана шу юксак шоҳсупадан янада юқорига кўтариш учун барча моддий ва маънавий шароитлар яратилган эди. Лекин қалбан ногирон, миллий ғурур тушунчасида ожиз бу киши тақдир насиб этган ва ҳукуматимиз томонидан яратилган шароиту имкониятлардан фойдаланмади. Ўз ҳаётини миллатимиз футболи равнақи учун бахшида этишга иродаси чидамади. У ўз миллий чемпионати ҳам бўлмаган Ҳиндистон мамлакатидаги бир футбол командасига мураббий бўлиб кетиб қолди. Бу иши билан Акрамов ўзини ҳурмат қилиб муборакбод этган халқимиз ихлосидан қолди. Ҳинд рупийсининг «жилваси» юртимиз оҳанрабосидан устун чиқдимикин, деган савол туғилади. Йўқ, бу гапга ишониш қийин, бу ерда гап бошқа масалада.
Баъзида «фалончи яхши одам эдию, лекин шайтон йўлдан урибдида» дейдилар. Шайтон ҳар бир инсон қалбига йўл топиш ҳаракатида бўлади. Шу сабабли инсон ҳар доим, ҳар дақиқа у билан олишиб, уни енгиб яшамоғи лозим. Ор-номусли, ғурурли эркакларда бу кураш айниқса кучли бўлади. Улар бутун ҳаётлари мобайнида бирор маротаба ҳам ўз ор-номусларини бой беришга йўл қўймайдилар.
Чунки ўзбекларда «кўйлак янгилигидан, ор-номус ёшликдан сақланади» деган ўта маъноли нақл бор. Афсуски, Рустам Акрамовнинг қалбига кириб олган шайтон унинг иймонидан, миллий туйғуларидан устун чиқди. Баъзан ўша шайтон эгасини эшак қилиб миниб оладида, уни ҳинду-ажам, мағрибу-машриқларга йўрғалатиб ҳайдаб олиб кетади. Ҳозир, айниқса шайтонга ҳай бериш вақтимиздир. Бўлмаса шайтоннинг гапига кириб баъзилар юртимиз юзини қора қилиши, баъзи бир номаъқул бузоқлар кўп «иш» кўрсатиши мумкин. Истар эдикки, мамлакатимиздаги барча йигитлар қиличдай кескир, иймонли ва бир сўзли бўлсалар. Рустам Акрамовда эса бу нарса етишмади. У Ҳиндистонда ўзини қандай мутахассис эканлигини тезда кўрсатиб қўя қолди Р. Акрамов бошчилигидаги команда Осиёда унча кучли бўлмаган Малайзия командаси билан учрашувда шармандаликка учради. Юртдошимиз у ерларда қандай иш олиб бораётган экан, деб унга ҳамдард бўлиб ўтирган ўзбекистонликлар унинг командаси дарвозасига малайзияликлар кетма-кет тўртта тўп ургач, ҳафсаласи пир бўлиб телевизорларини ўчириб қўйдилар. Мана Осиёда иккинчи бўлган тренернинг ҳоли ва обрўси. Энди бу «саёҳатчи» тренеримиз Ўзбекистонга қайси юз билан қайтиб келар экан ва бизнинг футболчиларимизга ҳинд футболининг қайси сир-асрорларини ўргатар экан.

Ёш ўзбек футболчиларимиз ўз маҳоратларини ошириш учун Сингапур, Бирлашган Араб Амирлиги, Малайзия ва бошқа мамлакатларга ошиқмоқдалар. Биз уларнинг ниятларига қарши эмасмиз. Лекин ўзбек футболининг қудратини Хиросимада жаҳонга кўрсатган бўлсак, наҳотки, энди назаримизни паст қилиб футболда биздан маҳорат даражаси қуйироқ мамлакатларга бош урсак. Бундай интилиш спортчи учун мантиқсиз ва ачинарли эмасми? Агарда улар Италия, Германия, Англия командаларига боришга истак билдирганларида бошқа гап эди. Афсуски, улар миллий ғурур ўрнига катта хуржунни ўйлаб юрибдилар. Давлатимиз қабул қилган қарорга мувофиқ, энди футболимиз профессионал футболга ўтаётган пайтда бундай енгилтаклик ярашмайди. Ваҳоланки, ўша пулни ўзимиздаги профессионал командаларда ўйнаб, ишқибозларимизни хушнуд этиб, ўз юртимизда топишлари мумкин. Улар ўзга юртларда бизнинг ишқибозлар томонидан кўрсатиладиган меҳрни топа олмайдилар, қалблари ногирон бўлиб қайтиб келадилар.
Бу борада Россиянинг «Алания» командасида ўйнаётган Миржалол Қосимов ҳақида ҳам бир оғиз сўз. Миржалол маҳоратли футболчи. Лекин унинг барчамизнинг кўнглимизни хира қилаётган қилиқлари ҳам бор. Агарда у футбол мавқеи юқори бўлган Европадаги мамлакатлар футбол командаларида ўйнаса ва олқишга сазовор бўлса, ўзбек ишқибозларининг қалби ғурурга тўлар эди. Афсуски, у собиқ Иттифоқ даврига нисбатан ҳам савияси бир неча бор пастлаб кетган Россия чемпионатига қатнашиб арзимас ғалабалардан мамнун бўлиб, дўпписини осмонга отиб юрибди.
У Осиё ўйинларидан кейин, Рустам Акрамовдек, кўплаб журналистларга ўзбек футболига садоқати тўғрисида сўзлаб тинмаган эди. Уни «Спартак»да тузилган шартномагина ушлаб турганини, шартнома тугагач, 1995 йили жон-дили билан Ўзбекистонга учиб етиб келишини айтган эди. Лекин мавсум тамом бўлса ҳам у ўзини тарбиялаган мураббийлари, ишқибозлари, футбол федерациясининг юзини ерга қаратиб, барчани алдаб, яна «Спартак» билан шартнома тузди. У яна, «мавсум тугагач, қайтаман» деган ваъдаларни бераяпти. Яна эски ҳаммом — эски тос. Инсон, йигит киши, мард футболчи бир сўзли бўлиш керак-ку.
Ҳозир у савияси унча баланд бўлмаган Россия чемпионатида қатнашиб «қаҳрамон» бўлиб юрибди. Уч-тўрт йил ўтади, барибир Ўзбекистонга қайтиб келади. Лекин келажакда уни Россиядагилар эслашармикан? Йўқ эсламайдилар. Улар фақат ўзларидан чиққан футболчиларнигина эслайдилар. Улар бундан миннатдор бўлармикинлар? Йўқ. «Бир ўзбек йигити келиб бизда ўйнаб, тўрва халтасини тўлдириб кетди. Бизнинг у билан орамиз очиқ, энди бошқа енгилтак футболчиларни топишимиз керак» дейдилар. Вақт келса унинг ҳолидан хабар ҳам олишликни ўзларига ор деб биладилар. Чунки ўз миллатини, миллий ғурурини топтаган йигит кимга ҳам керак. У агарда «Спартак»да иши юришса шартномани чўзиб юраверади. Агарда юришмаса, калтак еган жонивордек кўнгли ҳам, жисми ҳам чўлоқ бўлиб қайтади. Ана шу «гастроллари», шартномаси тугагач, у ўз юртига қайси юз билан қайтиб келар экан? Россияга керак бўлмай қолгач, у кимга ҳам керак бўлади?
Она бир қўли билан бешикни, иккинчи қўли билан оламни тебратади. Зеро, фарзандлари бешигини тебратаётган оналар оқ сут бериб эл-юртга меҳрли бўл деб ўстираётган ўғлонлари вақти келиб иймонидан кечиб «пул жигардан» дея ўзга юртларга сотилиб кетади деб ўйламайдилар. Лекин ҳаёт аччиқ ҳақиқати билан баъзан буни кўрсатиб қўяяпти.
Ўзбекистон Қосимовсиз ҳам яшайди, лекин Қосимов Ўзбекистонсиз яшай олармикан?!

Ўзбекистон футболи катта ўсиш, юксалиш ҳолатида. Бизнинг футбол жаҳон футболига шердек катта куч билан, виқор билан кириб келди. Ҳозирги ўсиш чоғида, албатта, бизга кучли ўйинчилар керак. Лекин «Мен Ўзбекистонда футболнинг асосий ўсиш даври ўтаётган чоғда Россия чемпиони бўлганман» деб чираниб, ўзини оқламоқчи бўлганларнинг дийдиёсига халқимиз, бўлажак футболчиларимиз қандай кўз билан қарайдилар? Ўзбекистонликлар фақат жаҳоннинг забардаст командаларида ўйнаб Ўзбекистон номини улуғ қилганларни тан оладилар. Иккиламчи командалар йиғинидан иборат чемпионатда қатнашаётганларни эмас. Барча футболчилар учун жаҳон биринчилигида қатнашиш энг катта бахт. Насиб этса ана шундай мусобақаларда қатнашишга ҳам эришармиз. Лекин ана шу чоғда ҳам биз миллий терма командамизга футболимизга садоқат кўрсатганларнигина оламиз…
А.Азизхўжаев
«Ўзбекистон овози» газетасининг 1996 йил 4 майдаги сонида
Бир ўйин тарихи. Отаси мураббийлигидаги жамоага ғалаба голини урган ўзбекистонлик легионер



