"Биринчи голни урган жамоада устунлик бўларди" — Сардор Собирхўжаев

Aslanov Jasurbek
10 сен 2026, 01:27
"Пахтакор" ярим ҳимоячиси Сардор Собирхўжаев ОКМК билан ўйиндан кейин таассуротлари билан бўлишди.

​— Ўйин ҳақида нима дея оласиз?
— Кутилганидек оғир баҳс кечди. Ўзи ОКМК ҳам доимо очиқ ва ҳужумкор футбол тарафдори бўлган жамоа. Шу сабабли қайси жамоа биринчи бўлиб гол урса, устунлик ўша томонга ўтиши аниқ эди. Биринчи голни биз киритдик ва якунда ғалабани қўлга киритди.

— Рўзиқул Бердиев ҳам аввалроқ ОКМКни Ўзбекистондаги энг яхши ҳужумкор жамоа деб эътироф этганди. Ўтган мавсумда "Пахтакор" бу ерда мағлубиятга учраган эди. Бу сафар уларга қарши ўйнаш қанчалик қийин кечди? Хавфли вазиятлар бўйича барибир мезбонларда устунлик бўлди шекилли?
— Ҳа, тўғри. Энг хавфли вазиятларни оладиган бўлсак, рақибда имкониятлар кўпроқ бўлди. Лекин биз кам сонли вазиятларимиздан унумли фойдаландик, улар эса фойдалана олишмади. Асосий фарқ шунда бўлди. Баҳс тақдирини биринчи гол ҳал қилиб берди.

​— "Обод" ва "Бунёдкор" даги фаолиятингиздан яхши эслаймиз — узоқ масофалардан ажойиб зарбалар йўллардингиз. Лекин охирги 3-4 йилда узоқдан зарба берганингизни деярли кўрмаяпмиз. Бугун ҳам иккита қулай вазиятда зарба бериш ўрнига узатма беришни маъқул кўрдингиз. Зарба беришдан тўхтаганингизга нима сабаб бўлди?
— Бунинг алоҳида бир сабаби йўқ. Шунчаки жамоадошларим қулайроқ вазиятда бўлишгани учун уларга пас беришни лозим топдим. Вазият бўлса, албатта, ўзим ҳам зарба бераман. Масалан, "Андижон"га қарши ўйинда ҳам зарба бердим, тўғри, у ерда масофа яқинроқ эди. Ҳаммаси майдондаги вазиятга боғлиқ.

​— Олдинда "Пахтакор"ни "Ал-Аҳли"га қарши ўйин кутиб турибди. Бу баҳс ҳақида қандай фикрдасиз?
— Чемпионлар Лигаси — умуман бошқа даража. " Ал-Аҳли" — охирги икки йилда барқарор ва кучли ўйин кўрсатиб келаётган жамоа. Жуда оғир учрашув бўлади. Худо хоҳласа, у ердан камида очко билан қайтиш учун бор кучимизни ишга соламиз.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia