ОЧЛ-2. Лутфуллин бошқарган ўйинда "Ал Насср" "Ал Васл"ни йирик ҳисобда енгди, Роналду 969-голини урди

Оқил Абдубарноев
19 апр 2026, 21:38
ОЧЛ-2 мусобақаси Ғарб минтақаси доирасида Бирлашган Араб Амирликларининг "Ал Васл" ҳамда Саудия Арабистонининг "Ал Насср" жамоалари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди.

Дубай шаҳридаги "Забиль" стадионида 19 апрель куни ўтказилган мазкур баҳсда саудияликлар 4:0 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритишди. Мазкур муваффақиятли натижа эвазига "Ал Насср" жамоаси мусобақанинг ярим финалига йўлланма олди.

Ўйинда ҳисоб 11-дақиқадаёқ португалиялик юлдуз Криштиану Роналду томонидан очилди. Эътиборлиси, мазкур тўп киритиш Роналдунинг профессионал фаолиятидаги 969-гол сифатида қайд этилди. Шундан сўнг, меҳмонлар ҳужумкорликни янада ошириб, 24-дақиқада Мартинес ҳамда 26-дақиқада Ал-Амри томонидан киритилган голлар эвазига биринчи бўлимнинг ўзидаёқ катта устунликка эришишди. Учрашувнинг 80-дақиқасида эса Садио Мане "Ал Насср"нинг тўртинчи голига муаллифлик қилди ва ўйинга якуний нуқтани қўйди – 4:0.

Мазкур учрашувни ўзбекистонлик рефери Рустам Лутфуллин бошқариб борди. Таъкидлаш жоизки, ушбу ҳакам яқиндагина Ўзбекистон Суперлигасининг 6-тури доирасида бўлиб ўтган "Қўқон-1912" – "Насаф" учрашувида ҳам ишлаган ва ундаги бир қатор баҳсли қарорлари билан футбол жамоатчилиги ўртасида кескин мунозараларга сабаб бўлган эди.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia