Нвадике Уче: "Ўзбекистонга қарши ўйинда гол уриб, жамоамни ғалаба сари етакламоқчиман"

Оқил Абдубарноев
27 сен 2026, 16:40
Осиё ўйинларининг эркаклар футболи мусобақасида ярим финалчилар номи маълум бўлмоқда.

Го Оива мураббийлигидаги Япония U-21 терма жамоаси чорак финалда Шимолий Кореяни кичик ҳисобда мағлубиятга учратиб, ярим финалда Ўзбекистон терма жамоасига қарши майдонга тушадиган бўлди.

26 сентябрь куни "Тойота" стадионида бўлиб ўтган чорак финал учрашувининг дастлабки дақиқаларида японлар Шимолий Кореянинг шиддатли ҳужумлари ва тажовузкор ўйини олдида қийинчиликларга дуч келишди. Бироқ 39-дақиқада яратилган имкониятдан унумли фойдаланиб, ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Михиро Сатонинг ҳаволатиб узатган тўпига биринчи бўлиб етиб келган Нвадике Уче Брайан Сеио рақиб ҳимоячиси билан курашда устун келиб, ўнг оёғида дарвозани ишғол қилди. Ушбу ягона гол кунчиқар юрт вакилларига 1:0 ҳисобидаги ғалабани ва ярим финал йўлланмасини тақдим этди.

Учрашув қаҳрамони Нвадике ўйиндан сўнг берган флеш-интервьюсида баҳс оғир кечганини, аммо жамоа ўз ўйин услубига содиқ қолгани ғалаба омили бўлганини таъкидлади. Ўз голи ҳақида эса: "Ҳимоячилар ортига ташланган тўплар билан ишлаш – менинг энг кучли жиҳатларимдан бири, шунинг учун вазиятни кутгандим ва ўхшаганидан хурсандман", – дея фикр билдирди.

Эндиликда Япония терма жамоаси 30 сентябрь куни бўлиб ўтадиган ярим финал баҳсида мусобақа фаворитларидан бири – Ўзбекистон терма жамоаси билан тўқнаш келади. Бўлажак ҳал қилувчи баҳсга тўхталар экан, 21 ёшли япониялик ҳужумчи вакилларимизга қарши қаттиқ тайёргарлик кўришини яшириб ўтирмади: "Ўзбекистонга қарши ўйинда гол уриб, жамоамни ғалаба сари етакламоқчиман. Биринчи навбатда жамоамизнинг мутлақ ғалаба қозониши шартлигини унутмаган ҳолда, бор кучимиз билан курашамиз", – дея таъкидлади у.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Soccer Digest Web