Наврўз Алимов: "Мақсадимиз - “Арал” ва “Жайхун”га футболчи етказиб бериш"

Aslanov Jasurbek
13 май 2026, 11:54
"Навбаҳор" ҳамда Қорақалпоғистон ФА ўртасидаги Ўзбекистон Кубоги баҳсидан (9:0) сўнг, меҳмонлар устози Наврўз Алимов матбуот анжуманида иштирок этди.

Наврўз Алимов: “Ёшлар қўлидан келганча ҳаракат қилди, аммо даража барибир ўз сўзини айтди. Бундай баҳсларда асосий мақсад - тажриба орттириш”.

- Сизнинг жамоангиз ОКМКга ҳам йирик ҳисобда таслим бўлган. Футболчилар бундай баҳсларда ўсишга эришганини сезяпсизми?

- Албатта. Асосийси йигитларнинг руҳи тушиб кетмади. ОКМКга мағлуб бўлганимиздан сўнг Миржалол Қосимов кийиниш хонасига кириб, таслим бўлмаслик кераклигини айтиб, миннатдорчилик билдириб, йигитларга мотивация бериб кетган.

- Ўзбекистон Кубоги шундай ёш жамоалар учун реклама майдони ҳисобланади. Шундай баҳслардан сўнг футболчиларга қизиқиш бўляптими?

- Мақсадимиз - “Арал” ва “Жайхун”га футболчи етказиб бериш. Икки йилдан бери шу вазифани бажариб келмоқдамиз ва ҳар йили янги жамоа тузамиз. Шу икки йил ичида 10 дан ортиқ футболчи етиштириб бердик.

- Футболчи Наврўз Алимов билан мураббий Алимовнинг фарқи борми?

- Ҳозир анча босиқроқман. Футболчилик пайтимда ҳиссиётларга кўп берилардим, ҳозир эса катта бўлиб қолдик. Изланишда, ўрганишда давом этиб, футболчилар етиштириб беришга ҳаракат қиламиз.

- Ўзбекистон Кубогида “Навбаҳор”ни фаворит сифатида кўряпсизми?

- “Нефтчи” ва “Навбаҳор”ни етакчи сифатида кўряпман деган бўлардим. Кубок финалида водий дербисиям бўлсин.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia