

Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо ижтимоий тармоқларида хабар қилди.
Манба маълумотларига кўра, клуб франциялик посбонга йилига 5 млн еврогача маош тўлашга тайёр — бу "Милан"даги маошлар лимити доирасидаги энг юқори ойлик, шунингдек, салмоқли бонуслар ҳам назарда тутилган. Агар янги келишув имзоланса, Меньян жамоанинг энг кўп маош олувчи футболчиларидан бирига айланади ва ҳужумчи Рафаэл Леау билан тенг даражада бўлади.
Музокаралар ҳали якунланмаган, бироқ клуб раҳбарияти оптимистик кайфиятда: ҳозирча "Милан" таклифини ортда қолдира оладиган бошқа клублар йўқ. Меньян яқин вақт ичида жавоб бериши кутилмоқда.
Дарвозабоннинг амалдаги шартномаси 2026 йилнинг июнигача амал қилади. Жорий мавсумда у "Милан" сафида 18 ўйин ўтказиб, 8 та учрашувда дарвозасини дахлсиз сақлади. Transfermarkt баҳосига кўра, Меньяннинг қиймати 25 млн еврони ташкил этади.



