

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Меҳриддин Раззоқович Абдуллаев Ўзбекистон футзал федерацияси вице-президенти этиб тайинланди.
Шунингдек, йиғилиш қарорига мувофиқ, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Хосе Мария Мендес ҳамда «Максам-Чирчиқ» футзал клуби бош мураббийи Баҳодир Аҳмедов Ўзбекистон футзал федерацияси Ижроия қўмитаси аъзолигига сайланди.
Йиғилишда 2026/2027 йилги футзал мавсумига тайёргарлик ишлари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, мамлакат миллий чемпионати рақобатбардошлигини янада ошириш, ҳакамлик сифатини такомиллаштириш, телетрансляциялар қамрови ва сифатини кенгайтириш, клубларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда профессионал бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид устувор вазифалар белгилаб олинди.
Таъкидланганидек, янги мавсумдан бошлаб Олий лигада иштирок этувчи барча клублар мустақил юридик шахс сифатида қайта ташкил этилди. Улар масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) шаклида давлат рўйхатидан ўтказилиб, мустақил бошқарув ва молиявий-хўжалик фаолияти юритиш тизимига ўтди. Бу эса клубларда корпоратив бошқарув тамойилларини жорий этиш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш ва миллий чемпионат инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши қайд этилди.
Йиғилишда янги мавсум тақвими ҳам тасдиқланди. Унга кўра, 2026/2027 йилги футзал мавсуми 2 сентябрь куни Ўзбекистон Суперкубоги баҳси билан старт олади. Мамлакат миллий чемпионатининг биринчи тур учрашувлари эса 3 сентябрдан бошланади.
Йиғилиш якунида кун тартибига киритилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, янги мавсумни юқори савияда ташкил этиш ҳамда миллий футзални янада ривожлантиришга қаратилган вазифалар белгилаб берилди.



