“Арсенал”га қарши драматик ғалабадан сўнг Кунья: “Ана шу баҳслар учун бу клубга келганман"

Iskandarov Abdulaziz
26 янв 2026
АПЛнинг навбатдаги турида "қизил иблислар" муҳим ғалабани қўлга киритди.

"Манчестер Юнайтед" "Арсенал" устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган драматик учрашувдан сўнг жамоа ҳужумчиси Матеус Кунья ўйин ҳақидаги таассуротлари, ўз голи ҳамда жамоадоши Доргунинг ажойиб зарбаси борасида фикрларини билдирди.

"100 фоиз ишонч билан айта оламан — бу мен учун “Юнайтед” футболкасидаги энг яхши паллалардан бири. Биз айнан шундай ўйинларни ўйнашни орзу қилганмиз. “Манчестер Юнайтед”га келаётганимда телевизор орқали ана шундай катта баҳсларни томоша қилардим. Бу ерда ўтказган энг ёрқин лаҳзаларимдан бири", — деди Кунья.

Бразилиялик ҳужумчи ўз голи тасодиф эмаслигини, бу ортида доимий меҳнат ётганини таъкидлади.

"Ҳар бир машғулотда айнан шундай зарбалар устида ишлайман. Атрофдагилар доим: “Жарима майдони ташқарисидан уриб кўр, сенда бу жуда яхши чиқади”, деб айтишади", — дея қўшимча қилди у.

Куньянинг сўзларига кўра, Премьер-лигада ўйин тақдири кўпинча майда нюанслар билан ҳал бўлади.

"АПЛда барча жамоалар жуда тартибли ва интизомли ҳимояланади. Айрим пайтларда сенда фақат битта имконият бўлади, холос. Ана шу ягона шансга ҳар доим тайёр бўлиш керак", — деди ҳужумчи.

Шунингдек, у жамоадоши Доргунинг голини ҳам алоҳида эътироф этди.

"Доргунинг голи? Нима десам экан… ақлбовар қилмас! Ростини айтсам, унинг голи менинг голимдан ҳам чиройлироқ бўлди, деб ўйлайман. Зарбаси шунчаки жуда кучли эди. Бу жамоада узоқдан ҳам ажойиб ура оладиган ўйинчилар кўп", — дея хулоса қилди Матеус Кунья.



Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia