Келишилган ўйинлардаги яна бир найранг. Перумал кўпчилик билмайдиган бир услуб ҳақида гапирди, 2-қисм
21 сен 2022 14:30
Янгиликлар
Келишилган ўйинлардаги яна бир найранг. Перумал кўпчилик билмайдиган бир услуб ҳақида гапирди, 2-қисм
Якунда ЎФА Этика қўмитаси "Локомотив" клуби ярим ҳимоячиси Кахи Махарадзе ва яна бир футболчи Евгений Кочневларни жиддий жазолади. ЎФАнинг тўлиқ баёнотини қуйидаги линкда ўқиб олишингиз мумкин >>>
Махарадзе 5 йилга футболдан четлатилди — Этика қўмитаси қарори
Ана шу мавзу кўтарилган пайтда "Championat.asia" сайтининг икки вакили Гайрат Хасбиуллин ҳамда камина Толибжон Қосимов Венгрия пойтахти Будапештда бўлиб тургандик. Бундан мақсад Ўзбекистон ва Венгрия U-18 терма жамоалари ўртасидаги иккита ўртоқлик учрашувини ёритиш эди. Тақдирни қарангки, сафаримиз кутилмаганда анча баракали кўриниш олди. У ерда Венгриянинг жаҳонга машҳур Пушкаш академияси директори билан танишдик, у эса бизни академияга таклиф қилди. Кейинроқ, ажойиб академияга сафаримизга бағишланган катта мақолани ҳам ўқишингиз мумкин. Ва бу ҳаммаси эмас. Биз Будапештдалигимизда Тошкентда келишилган ўйинлар билан боғлиқ Тезкор студия бўлди ва унда мен ҳам Венгриядан туриб алоқага чиқдим. Будапешт кўчаларидаги кафелардан бирида тушлик қилиб ўтирарканмиз, ҳамроҳим Гайрат ака Перумал айнан Венгрияда яшаётгани ҳақида айтиб қолди. Ўзининг "Келишилган ўйинлар қироли" номли китоби ва бир пайтлар "CNN" телеканалига берган шов-шувли интервьюси билан машҳур бўлиб кетган бу инсон 2 йилдан бери Венгриянинг Дебрецен шаҳрида яшаб келаётган ва мана шу давр ичида умуман омма назарига тушмаганди. Яъни, жимгина ҳаёт кечириб келаётганди. Ҳеч қандай интервью ва чиқишлар йўқ.
Биз эса ана шу жимлик қарига ғарқ бўлган Уилсон Раж Перумални топиш ва ундан интервью олишни ўйлаб қолдик. Буларнинг барчаси кутилмаганда ва жуда тез рўй берди. Бундай инсон билан тўғридан-тўғри алоқага чиқиш тугул, уни қидириб топишни ўзи осон иш эмас. Аммо, биз шунчаки таслим бўлишни истамасдик. Сабаби, биз у яшаётган шаҳардан бор йўғи бир неча соатлик йўл узоқда эдик. Будапештдан қуруқ қўл билан қайтиш алам қиларди. Хуллас, рус ва италиялик танишларга чиқиб жаноб Перумални излашга тушдик. Натижа узоқ куттирмади. Эртаси куни тонгда биз у билан тўғридан-тўғри телефон орқали суҳбатлашдик. Шу тариқа, биз Дебреценга борадиган бўлдик. Дебрецен Венгрия шарқида жойлашган ва аҳолиси сони бўйича Будапештдан кейинги иккинчи шаҳар ҳисобланади. Пойтахтдан у ергача поездда 3 соатлик йўл.
У айни пайтда 18 ноябрга қадар уй қамоғида бўлгани боис, биз тўғри у яшаётган уйга бордик ва ўша ерда суҳбат қурдик. Унинг уйидаги иккита ит (кучук)ни ҳисобга олмаса ҳаммаси яхши ўтди)
Перумал билан бундай ноёб ва эксклюзив интервью қилишимизда асосий ишни Гайрат Хасбиуллин ҳамда Жалолхон Иноғомхўжаев (бу ходимимиз музокараларнинг муҳим палласини олиб борди ва интервьюни инглизчадан тўлиқ таржима қилишда жонбозлик кўрсатди).
Кеча ана шу интервьюнинг Махарадзе иши билан боғлиқ жойларини эътиборингизга ҳавола этган эдик.
Бугун эса келишилган ўйинларнинг яна бир ўзига хос услуби ҳақида гап борган қисмини ўқишингиз мумкин бўлади. Анча йиллар олдин бу "услуб"дан фойдаланишган, аммо бугунги кунда бунинг имкони йўқ.
Улар (кимлар эканлигини суҳбатнинг эртанги тўлиқ вариантида билиб оласиз) стадионларда чироқни ўчириб қўйиш билан шуғулланишган. Авваллари агарда стадионда чироқ ўчиб қолса, ўйин тўхтатилиб, натижа ўша ҳолда қолар эди. Бояги гуруҳ иккинчи тайм бошланишдан бир дақиқа ўтиб агарда ҳисоб уларни қониқтирадиган бўлса, стадион чироқларини ўчириб қўйишарди. Ҳисоб эса уларга қулай ҳолатда тўхтатиларди. Ўша пайтда агар улар "ставка" қилган жамоа олдинда бўлса, иккинчи тайм бошланмасди. Кейинчалик букмейкерлар бу қоидани ўзгартиришди ва ўйин 90 дақиқа давом этиши шарт қилиб белгиланди.
- Бизда ҳам шунга ўхшаш ҳолат рўй берган. Ўзбекистон ва Иордания миллий терма жамоалари Тошкентда ўзаро ўйнашган (2013 йилнинг 10 сентябрида). Ўша учрашувнинг экстра таймларида "Пахтакор" стадионида свет ўчиб қолган...
- Бу қандай ўйин эди ва ўшанда беллашув тўхтатилганми?
- ЖЧ-2014 саралаши плей-офф босқичи доирасидаги баҳс эди. Учрашув эса бир неча дақиқалардан кейин давом эттирилган ва якунда пенальтилар сериясида Иорданиянинг қўли баланд келган.
- Ҳааа, баъзида стадионда қўшимча генераторлар бўлади. Бунга бир қизиқ ҳолатни мисол қилиб келтираман. "Барселона" ва "Фенербахче" Туркияда ўйнаши керак. Испан клублари бирор марта Туркияда мағлуб бўлишмаганди. Улар "Фенербахче"га пул тикишди. Бироқ 66-дақиқада "Барселона" 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Шундан сўнг улар стадион чироқларини ўчириб қўйишди, аммо стадионда қўшимча генератор бор экан. Ўйин давом эттирилди ва улар бор пулларидан айрилишди. Агарда чироқ ўчиб, қайта ёнмаганда барча тикилган пуллар ортига қайтариларди.
"Фенербахче" - "Барселона" ўйини ҳақида >>>>> Истанбулдаги стадионда свет ўчиб қолган ўйин
- Менимча чироқларни ўчириб қўя оладиган одам шу тизимга анча яқин инсон бўлиши керак?
- Энди бу уларни иши. Менимча бу ишни қилиш учун профессионал бўлиш керак. Сабаби бу инсонлар симларни узиб ташлашни билишлари керак. Биласизми, Боку шаҳрида мени сўроқ қилган германиялик полиция ходимига сизга айтганларимни айтиб бергандим. У менга шундай савол берди: "Симларни кесиб ташлаш хавфли эмасми?". "Мен қаердан биламан?", - деб жавоб бердим. Бу уларни иши, бизнинг ишимиз пул тикиш. Мен келишилган ўйинларни ташкил қиламан, қолганини билмайман.
P.S. Интервьюнинг кеча берилган биринчи қисмидан сўнг бизга айрим ўқувчи ва футбол мухлисларидан қолган қисмларини чиқартиришмаса керак қабилидаги фикрлар келди.
Раж Перумал билан суҳбатнинг тўлиқ қисми пайшанба, 22 сентябрь куни эътиборингизга ҳавола этилади. "Championat.asia"ни кузатишда давом этинг.
Фикрлар