

Championat.asia сайти турнинг энг яхшиларини аниқлади.
Тур мураббийи — Айбек Нурбаев (“ҚМУ Жайхун”)
“ҚМУ Жайхун” ортда қолган турда “Пахтакор фарм” меҳмони бўлиб, йирик ҳисобда зафар қучди (3:0). Нурбаев шогидрлари мазкур баҳсда анча ишончли ҳаракат қилиб, йирик ғалабага лойиқ ўйин кўрсатди. Шундай қилиб, мавсумда илк бор ғалаба қозонган мутахассис турнинг энг яхши мураббийи деб топилди.

Тур футболчиси — Абдусалом Нуриддинов (“ҚМУ Жайхун”)
Юқорида таъкидланганидек, “ҚМУ Жайхун” бу турда “Пахтакор фарм” дарвозасига жавобсиз 3 та тўп йўллади. Мазкур ғалабада жамоа таянч ярим ҳимоячиси Абдусалом Нуриддиновнинг ўрни беқиёс. У учрашувда пенальтидан гол урди ва 2 та пре-ассист қайд этди. Шу тариқа, Championat.asia сайти айнан Нуриддиновни тур футболчиси деб топди.

Тур дарвозабони — Озодбек Маърупов (“Яйпан”)
“Яйпан” якунига етган турда ўз уйида “Ғазалкент”га имкониятни бой берди (1:2). Шунга қарамай, мезбонлар посбони учрашув мобайнида камида 10 та сэйв намойиш этди. Ўтган турларда ҳеч бир посбон бунчалик кўп зарбани бартараф этмаганди. Шундай қилиб, ҳақиқий перформанс намойиш қилган 20 ёшли дарвозабон тур дарвозабони сифатида эътироф этилди.

Тур голи — Ислом Шарипов (“Каттақўрғон”)
“Каттақўрғон” бу турда “БухДУ”ни меҳмон қилиб, минимал ҳисобда ғалаба қозонди (1:0). Учрашувдаги ягона голни ярим ҳимоячи Ислом Шарипов урди, урганда ҳам буни шунчаки ажойиб тарзда амалга оширди. Унинг 28 метр масофадан жарима зарбаси орқали урган голи турдаги энг чиройлиси бўлди.




