

"Албатта, ғалаба билан барчани табриклайман. Ўйин осон ўтмади. Ўзи Суперлигада енгил учрашув йўқ. Бизнинг таркибимизни кучли деб эътироф этишлиги мумкин. Лекин бизга қарши ўйнаётган жамоалар ҳам Суперлига иштирокчилари, таркибида ўртамиёна футболчи ўйнамайди. Ҳар битта беллашув оғир ўтяпти. Шунга қарамай футболчилар характер кўрсатишди. Ўйлайманки, бугун стадионга келган мухлислар томошабоп футбол кўришди",- дейди Исломбек Исмоилов.
- Хуршид Ғиёсов ОКМКдаги иқтидорини тўлиқ кўрсата олмаётгани ва жамоага мослашиши қийин бўлаётгани ҳақидаги фикрга қандай қарайсиз?
- Хуршид Ғиёсов иқтидорли футболчи. Бир неча йиллардан бери Суперлигада барқарор ўйнаб келяпти. Бундай ҳолат футболда бўлади. Дунё футболида бор нарса. Гоҳида футболчига янги жамоага мослашишига вақт керак бўлади. Хуршид жамоага мослашиш учун ҳаракат қиляпти. Умид қиламизки, тезроқ кўникиш босқичидан ўтиб олади. Ҳозирги ҳолатда ҳам жамоага фойдаси тегяпти, ҳаракат қилярти. Аммо тўлиқ мослашишга вақт талаб этилади.
- Майда паслар билан ўйнаш тактика билан боғлиқми? Узоқ масофадан зарбалар камайиб кетяпти...
- Агар рақиб чуқур ҳимояланаётган бўлса, биз қисқа паслар билан ўйнашга мажбурмиз. "Насаф" бугун асосан иккинчи зонада кутди. Юқори прессинг қилмади. Шу боис тўпни назорат қилиш учун имкон қадар қисқа паслар билан ўйнашга ҳаракат қилдик. Зарбаларга келсак, ўйиндан олдин футболчиларга бу борада кўрсатмалар берамиз. "Насаф" бир неча йиллардан бери ҳар қандай ҳолатда ҳам яхши жамоа бўлиб келяпти. Ўзбекистондаги энг яхши мураббий ишлаяпти. Бугун рақиб ҳам узоқдан зарбалар йўллашга имконият бермади. Битта Иброҳимҳалил Йўлдошевда имконият бўлганди, у ҳам дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Футболчилар кўрсатмаларни тўлиқ бажаришга ҳаракат қилишади. Босим остида ўйнаш жуда мураккаб нарса. Қайсидир вазиятларда ҳиссиётлар имкониятларни чегаралаб қўяди. Ўйиндан олдин айтилган нарсаларни ўйин пайтида қайноқ темпда эсдан чиқариб қўйишади. Бу табиий ҳолат. Устида ишлаймиз. Узоқдан голлар ҳам уришга ҳаракат қиламиз.



