

– Ўйин ҳақида...
– Ўйлайманки, ўйин томошабоп бўлди. “Нефтчи”ни ғалаба билан табриклайман. “Нефтчи” билан ўйнашни барча йигитлар хоҳлашган эди ва менимча, бугун менинг футболчиларим учун, айтиш мумкинки, футбол байрами бўлди, чунки улар бундай ўйинни ўйнашга лойиқ эдилар. Лекин тан оламан, йигитлар бор кучларини беришди. Шунинг учун жамоам билан ва улар майдонда кўрсатган ўйин билан фахрланаман. Футбол нуқтаи назаридан ҳозирча ҳеч нарса демоқчи эмасман. Саволлар беринг, футбол мавзусидагиларига жавоб бераман.
– Ўйиндан олдин “Нефтчи” мураббийи ёрдамчиси Юрген Гёде билан учрашганингизни кўрдим. Сиз унинг қўл остида терма жамоада ўйнагансиз. У билан боғлиқ қандай хотиралар қолган? Шу ҳақда қисқача айтиб берсангиз.
– У билан муносабатларимиз жуда яхши. Охирги марта кўришганимизга балки 15-20 йил бўлгандир. У бизнинг ёшлар терма жамоасида жаҳон чемпионатида, кейин миллий терма жамоада мураббийимиз бўлган ва у ҳақда менда жуда яхши таассуротлар қолган, чунки у Ўзбекистонга ишлашга келганида, бизга интизомни сингдирган ва кўп нарсани ўргатган. Шунинг учун, кўп йиллардан сўнг у билан суҳбатлашдик, бирга чой ичишга, паловхўрлик қилишга келишиб олдик. Худо хоҳласа, у билан суҳбатлашамиз.
– Ўйин сўнгида, айниқса охирги 10-15 дақиқа ҳақида сўрамоқчи эдим, жамоангиз ҳисобда ортда бораётган эди, аммо “Нефтчи” ҳужум қилаётганди. Бу борада нима дея оласиз?
– Биз ҳисобда ортда бораётгандик, аммо “Нефтчи” ҳужум қилаётганди?
– Яъни, сизнинг шогирдларингиз кўпроқ ҳужум қилишингиз керак эди, аммо “Нефтчи” ҳужум қилди. Бу борада нима дея оласиз?
– Биз сиз билан иккита ҳар хил ўйин кўрибмиз. Ўйлайманки, 0:1 ҳисобида ютқазаётганимизга қарамай, ҳужум қилишга ҳаракат қилдик. Бу борада нима дейман? Ўйлайманки, йигитлар бор кучларини сарфлаб бўлишди ва захирадан тушган ўйинчилар ҳам борларини беришди, унутмайликки, “Нефтчи” Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони, ҳар бир позициядаги ўйинчилар танлови жуда кучли, шунинг учун “Нефтчи” ҳужум қилмаганида ғалати бўларди. Бу жуда ғалати бўларди. Лекин, шунга қарамай, биз барибир курашдик ва ўйлайманки, сиз буни тан олишингиз керак. Агар “Нефтчи” ҳужум қилмаганида, мен ўйланиб қолардим.
– Йўқ, мен айнан охирги 10 дақиқани назарда тутгандим, “Нефтчи” кўпроқ ҳужум қилди ва дарвозабон Ботти жуда кўп сейвлар қилди. Яъни, ҳисоб анча йирикроқ бўлиши мумкин эди.
– Яна такрорлайман, бу “Нефтчи” жамоаси. Нима ҳақида гапираётганимни тушундингиз деб ўйлайман.
– Ўтган йил ҳам “Нефтчи” билан икки марта тўқнаш келгансиз. Ўшанда ҳам “Нефтчи” фаворит ҳисобланарди, аммо "Бунёдкор" икки ўйинда чемпион “Нефтчи”дан тўрт очко олиб қўйган. Левченконинг “Нефтчи”си билан ҳозирги “Нефтчи” ўртасида қандай фарқ ва ўхшашликларни кўрдингиз?
– Ўйлашимча, икки хил услубни кўрдим. Левченкода жамоа жуда тартибли эди, айниқса, ҳимоя борасида, чунки барқарор жамоа эди, уларга қарши ўйнаш жуда қийин эди. Бугунги “Нефтчи” бироз бошқача, чунки бутунлай бошқа услуб, ҳужумкор, лекин ўйинчилар танлови ҳам, албатта, ўз сўзини айтади, чунки битта терма жамоа ўйинчиси чиқиб, захирадан бошқа терма жамоа ўйинчиси тушса, бу ерда гап шунчаки қандайдир тактика ҳақида эмас, балки ўйинчилар савияси ҳал қилади. Шунинг учун Мюнхеннинг “Бавария”си, “Манчестер Сити” каби жамоалар бор. Шунинг учун ўйлайманки, “Нефтчи”, “Навбаҳор” ва “Пахтакор” — бу бошқа даража. Бошқа клублардан бир поғона юқорида. Лекин, бошқа томондан, яна такрорлайман, шунга қарамай, биз бугун жуда чиройли футбол кўрсатдик, жуда интенсив. Йигитлар гол ўтказиб юборгач, 30 дақиқа вақт қолганида ҳам ҳужумларни тўхтатмади, олдинга интилди, охиригача курашди.
– “Локомотив” билан ўйиндан кейинги вазият ҳақида сўрамоқчи эдим. Абдулла Йўлдошев ва Наримон Аҳмаджонов зиддиятга боришди ва улар жазоланишди. Бундай вазиятга қандай қарайсиз? Бундан ташқари, ўйинчиларга провокацияларга берилмаслик ҳақида маслаҳатлар бердингизми?
– Биз, албатта, ўз ўйинчиларимизга маслаҳат берамиз, ёрдам берамиз, чунки у хато қилди ва буни тушунди. Провокацияларга берилмаслик керак. У ёш футболчи, бизнинг келажагимиз, Ўзбекистон терма жамоасининг келажаги, биз ундан жуда умидвормиз, лекин хатога йўл қўйди. Биз у билан гаплашдик, у тушунди, қачон бизга маош беришса, у жарима тўлайди. Қачондир. Агар беришса. Шунинг учун интизомий чоралар, албатта, кўрилади. Лекин барча ёш ўйинчиларимиз провокацияларга берилмасликлари кераклигини тушунишлари керак. У бунга илиниб қолди... ва, албатта, бунинг учун жавоб бериши керак, лекин бу футболда бўлиб турадиган ҳолат.
– Олдинда водий жамоаларига қарши ўйинлар кутиб турибди.
– Жуда қийин бўлади. Эртага нима бўлишини билмайман, чунки биз... ўзингиз биласиз, қандай вазиятдамиз. Шунинг учун мен жамоага миннатдорчилик билдирдим ва йигитлар бугун борларини беришди, эртага нима бўлишини эса билмаймиз. Мен ҳатто эртага жамоам билан нима бўлишини билмайман. Чунки уларнинг уйларида болалари ва оилалари бор, лекин биз ҳалигача... шунинг учун ҳозир менинг хаёлим кейинги рақиб “Сўғдиёна”да эмас, балки йигитларнинг олдига бориб, бундан кейин нима бўлишини айтишда. Ҳозирча бизда ечим йўқ. Мен бу ерда қоламанми-йўқми, буни ҳеч ким билмайди…
– Бугун Садриддин Ҳасановга бир тайм имкон бердингиз. Биз уни ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида порлаган юлдузлардан бири сифатида биламиз. Унинг салоҳиятини қандай баҳолайсиз?
– Мана шундай ўйинлар унинг учун катта тажриба бўлади. Агар биз ёш футболчиларга Суперлигада ўйнаш учун ишонч билдирмоқчи бўлсак, уларга шундай имкониятлар беришимиз керак. Садриддинда ва бизнинг таркибимиздаги бошқа кўплаб ўйинчиларда ўзини кўрсатиш учун катта имконият бор. Шунинг учун бундай ўйинлар у ўзини қаерда яхшилаши кераклигини, масъулиятни ўз зиммасига олиши, кўпроқ бирга-бир ўйнаши, қўрқмаслиги кераклигини кўрсатади, чунки унда истеъдод бор. Шунинг учун уни ҳозир шунчаки бироз асраш, ҳимоя қилиш ва унга ўзини кўрсатиш учун яна имконият беришдан қўрқмаслик керак. Бугун шунчаки “Нефтчи” жамоаси кучлироқ эди, шунинг учун у бироз саросимага тушиб қолди, лекин унинг фаолиятида жуда яхши келажак бор, агар у камтарин бўлиб қолса, кучли ўйинчи бўлади.



