

The Times нашрининг хабар беришича, халқаро футбол ташкилоти чипталар сотувидан қарийб 5 миллиард доллар ишлаб топган — бу 2022 йилдаги натижадан беш баробар кўп демакдир (Катарда 929 миллион доллар фойда кўрилган эди).
Шу билан бирга, Халқаро футбол федерацияси дастлаб бюджетга фақатгина 3,3 миллиард доллар киритган эди. ЖЧ-2026 дан олинган умумий даромад миқдори эса тахминан 15 миллиард долларни ташкил этди.
Бу йилги мундиаль доирасида Катардагига қараганда 40 та кўп — 64 та ўрнига 104 та ўйин ўтказилди. Фойданинг кескин ўсиши асосан чипталарнинг динамик нархланиш сиёсати ва ФИФА ўз платформасидаги ҳар қандай қайта сотувдан оладиган 30 фоизлик улуш билан боғлиқ. Инсайдерларнинг таъкидлашича, АҚШ қонунчилиги шундай тузилганки, агар мухлислар чипталарни қимматроқ нархда сотиб олишга тайёр эканлигидан ФИФАнинг ўзи фойдаланмаганида, маблағлар шунчаки олибсотарлар, агентликлар ва чипта платформаларига кетиб қоларди.
The Times сўровига жавобан ФИФА вакили 5 миллиард доллар ҳақидаги маълумотни тасдиқламади, бироқ жаҳон чемпионатидан тушган маблағлар 211 та ассоциацияга қўшимча тўловлар сифатида йўналтирилишини маълум қилди.
"ФИФА 2026 йилги жаҳон чемпионатидан олинган даромадларни ўзининг навбатдаги йиллик ҳисоботида эълон қилади. Ушбу рақамлар зарур аудит жараёнларидан ўтиши керак ва шу сабабли ҳозирча омма эътиборига ҳавола этилмайди", — дейилади ташкилот жавобида.



