Эмилиано Карас: "Барибир биз кўпроқ нарсага қодир эдик деган туйғу бор"

Абдулвосит Бектемиров
13 окт 2026, 01:39
Элит ОЧЛ 2-туридан ўрин олган "Пахтакор" - "Ал Қодисия" учрашувидан сўнг (1:1) мезбонлар мураббийи Эмилиано Карас ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

"Яхши, томошабоп ва кўплаб яккакурашларга бой ўйин бўлди. Ҳеч ким ютқазишни хоҳламади. Иккала дарвоза олдида ҳам етарлича голли вазиятлар юзага келди. Биринчи бўлимда рақибнинг қарши ҳужумини ўтказиб юбордик ва ўз дарвозамиздан гол олиб чиқдик. Аслида йигитларни бунга, тезкор ҳужумчиларнинг бўш зоналарга кириб боришига тайёрлаган эдик, аммо, афсуски, битта қарши ҳужумни ўтказиб юбордик. Рақибда марказий ҳимоячиларимиз орасидан ёриб кириш орқали яна бошқа вазиятлар ҳам бўлди. Лекин йигитлар биринчи бўлимдаёқ ҳисобни тенглаштиришди. Афсуски, ВАР бу голни бекор қилди. Ўйлайманки, 1:1 ҳисобида иккинчи бўлимдаги ўйин картинаси бироз бошқача бўларди.

Иккинчи бўлимда яратилган вазиятлар бўйича рақибдан устун келдик. Биринчи бўлимда ҳам имкониятлар бўлганди аммо, уларни мантиқий якунига етказмадик. Дарвозага зарба бермадик, хавф солмадик, тўпни оширмадик ва узатмадик. Биз гўёки тўпни дарвозага киритиб қўймоқчи эдик. Иккинчи бўлимда ҳужумда тўғрироқ ўйин намойиш этдик: ҳаводан узатмалар, тўп оширишлар қилдик. Шунинг натижасида пенальти ишладик ва гол юзага келди. Ўйин охирида ҳам вазиятлар бўлди. Айтганимдек, ҳеч ким ён беришни хоҳламади. Ўйин очиқ курашлар остида кечди: гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа ҳужумлар. Бизнинг иккита марказий ҳимоячимиз ва уларнинг... ҳар бири ютишни хоҳлади, шунинг учун ҳеч кимга, ҳатто савол ҳам йўқ. Эҳтимол, якунга кўра биз ғалабага лойиқ эдик, лекин футболда натижа муҳим.

Мен яқин шарқда кўп бўлганман. Иқлим ёқимли эмас, ўтган ўйинда бизга айнан тетиклик етишмади. Бугунги ўйинга келсак, трибунадан қандай кўринганини билмайман, лекин захира ўриндиғида бу асабларни эговловчи ўйин бўлди. Жуда кўп хавфли вазиятлар содир бўлди. Рақибнинг ҳужумчилари жуда сифатли ва агар улар фақат битта гол урган экан, қайсидир маънода ҳимоямиз яхши ўйнади.

Захирадан майдонга тушган йигитлар озгина тезлик қўшишди. Чунки қанот ўйинчилари ва марказий ҳужумчилар чарчаб қолишганди. Янги ўйинчилар тушди, ҳужумда бироз бошқача тезлик пайдо бўлди. Ва бизда кўпроқ тўғридан-тўғри ҳужумлар, тўп оширишлар, йирик марказий ҳужумчимизга узатмалар бошланди. Ва асосан, шунинг ҳисобига биз пенальти ишлаб олдик ва рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятлар яратдик.

Улар 3-5-2 схемасида ўйнашди ва бу икки ҳужумчини зарарсизлантиришимиз керак эди. Биз учта марказий ҳимоячи билан ўйнашга қарор қилдик, чунки "Ал Қодсия" ҳимоячилар ўртасидаги бу зоналарга юқори тезликда жуда зўр очилади. Узатмаларда тайминг жуда яхши, улар жуда хавфли. Ўйин давомида нимадир ўзгартириш режалаштирилмаган эди. Ўйин боришига қараб қарор қабул қилдик, босимни кучайтириш керак эди. Пуралиганжи ўрнига Сардор тушди ва у бегона дарвоза олдида кўпроқ вазият яратиш учун бироз юқорироққа сурилди. Яъни биз кўпроқ ҳужумкор ўйинга умид қилдик. Ва охир-оқибат, ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлганимиз яхши бўлди. Барибир биз кўпроқ нарсага қодир эдик деган туйғу бор, ҳаммани биринчи ғалаба билан хурсанд қилишимиз мумкин эди, лекин ўхшамади.

Яхши кайфият билан, ўйинга бўлган жуда катта иштиёқ билан келдик. Футболчиларнинг доим шундай барқарор ўйнашларини жуда хоҳлардим. "Барқарорлик — маҳорат белгиси" деган ибора бор. Менимча, ҳар бир ўйинчи ўз максимумига кўтарилиши керак. Шундагина жамоада ҳам, ҳар бир ўйинчида ҳам ўсиш бўлади. Вазиятлардан фойдаланиш борасида ишлаяпмиз. Ўйлайманки, йигитлар барибир ўз зиммаларига кўпроқ масъулият олишлари, дарвозага кўпроқ хавф солишлари, дарвоза сари кўпроқ зарба беришлари, кўпроқ тўп оширишлари, тўпни жарима майдончасига кўпроқ етказиб беришлари керак. Чунки ҳар қандай тўп ошириш, узатма, зарба — бу рақибга босим ўтказади, дарвозабонга, ҳимоячиларга босим беради. Ҳозир қанча голлар рикошетлардан, хатолар туфайли урилмоқдa. Шунинг учун шунчаки тез-тез зарба бериш керак. Шундагина голлар келади. Бизда ўйинчилар кўп, ҳаммага ишонч билдириш керак. Чинеду чемпионатдаги охиридан олдинги ўйинда ўйнади, тахминан 70 дақиқа ҳаракат қилди. Яъни биз ҳар доим алмаштириб турамиз: бири ўйнайди, иккинчиси тушади. Чунки биринчи навбатда ҳужумчиларни алмаштириш керак", - дея фикр билдирди Эмилиано Карас.

karas 22.JPG

Ўхшаш янгиликлар


Абдулвосит БектемировМуаллиф