Бугун менинг туғилган куним!
26 фев 2018 16:06
Янгиликлар
Бугун менинг туғилган куним!
15 ёшлик даврингизни бир эслангчи. Вақтингизнинг ҳеч бўлмаса бир қисми ҳаёт ташвишлари тўғрисида ўйлаш билан ўтармиди? Эътибор беринг, ташвишларни ўйлаш, уларга ечим топишни айтганим йўқ ҳали.
Кимда қандай бўлган билмадиму, шаҳсан мен 15 ёшимда 9-синфни битириб, коллежда ўқиш қандай бўларкин деб, коллеж футбол жамоалари ўртасида кўпроқ футбол учрашувлари ташкил этилармикин деб ҳаёл суриб юрардим. Ўша пайт мени ўйлантирган баъзи ташвишларни айтсам, тўғриси, кулиб юборсангиз керак. Ҳаёт катта муаллим, лекин унинг қийин дарслари ҳар ким учун турли хил вақтга тўғри келаркан.
Уни-буни қўйинг, бугун ким учундир замонамизнинг энг кучлиларидан бири, яна кимгадир "энг қонхўр ҳимоячиси" ПЕПЕ ҳақида гаплашамиз.
Тўлиқ исми: Кеплер Лаверан Лима Феррейра (Пепе).
Туғилган санаси: 1983 йил 26 февраль.
Терма жамоа: Португалия
Клуб: "Реал Мадрид"
Амплуаси: Ҳимоячи
- Кеплер, нима қиляпсан, томинг жойидами? 15 ёшлик ўғлига юзланди ойиси, Пепе эса жавлон уриб ер қазиш билан оввора эди. - Ойижон, мен балиқ боқаман, менга бу жудаям ёқади. Хўрсинганча уйга кириб кетган ойисига қахрамонимиз албатта ёлғон гапирганди. У ер қазишнию, сув ташиб юришни ўлгудек ёмон кўрарди. Лекин Кеплер балиқни қаердан топиш, унинг овқати қаердан олса арзонроққа тушиши ва кимга балиқларни қимматга сотиш мумкинлигини яхши биларди. Шу сабабли, ўзининг микробизнесини йўлга қўяди болакай. "Биз ҳеч ҳам оч қолмаганмиз, нонга пулимиз доим бўлган. Лекин фақат нонга. Ота-онам эрта тонгдан, кун ботгунга қадар тинмай ишлашган. Масалан, ойим мен ва уч қизи учун овқат тайёрлаб улгуриш учун соат 4да турарди. Бироз улғайиб, балиқ ва товуқ сотиб кўп бўлмасада пул ишлай бошладим. Бизга пул кераклигини тушунардим", - болалигини эслайди Пепе.
Барчанинг ҳаётида бўлганидек, унда ҳам қизиқарли воқеалар юз берган. Аниқ мақсади бўлишига қарамай, бир бор Пепе йўлда дўстини учратади, у "Реал" формасида, елкасида эса Стив Макманаман ёзуви. Узоқ музокарадан сўнг, бор балиқ эвазига Пепе ўша вақтдаги катта орзуларидан бирига етади. Уйга қуруқ қўл билан, Макманаман формасини ҳисобга олмаганда, қайтганини кўрган ота-онаси ҳам фарзандини койимайдилар. У бунга лойиқ эди.
"Дадам доим бир гапни айтарди: "Сен оиламиз аёлларини ҳимоя қилишинг керак". Шунинг учун бўлса керак, маъсулиятсизлик билан анча эрта хайрлашганман. 12 ёшимда мени маҳаллий "Коринтианс Алагоано" жамоасига қабул қилишди. 2 йил ўтиб, 14 ёшимда мен стипендия ола бошладим, лекин ўзимга фақат йўл кира учун олиб қолиб, қолганини ойимга озиқ-овқат учун ишлатишлари берардим, ёки опаларим пардози (косметика воситалари)га кетарди. Аввал бошидан иқтидорли бўлмаганман, тенгдошларим орасида ҳам ортда қолиб юрардим. Лекин бугунга келиб, бир дўстим қоровул, бошқаси ишсиз уйда ўтирибди" - чинакамига ачиниш билан сўзлайди Пепе.
Бунақаси бўлиши мумкин эмас, қандай қилиб у бу даражага етди дейсизми? Ҳаммаси оддий, у ота-онасига кун келиб оиласи уни телевизорда кўришларига ваъда беради. Ҳар нима бўлганда ҳам, дадаси ва ойисини уялтириши мумкин эмасди.
10 ёшида 18(!) ёшдаги "футболчилар" билан ўйнаган, қўрқмаган. Бирор марта ҳам оёғимни тепиб синдиришсачи деган фикрга чалғимаган.
"Кейинроқ, "Коринтианс" клубига ўтганимдан сўнг, индивидуал машқларга эътибор берганман. Қумда югуриб, сакраш машқлари сувда бажариларди. Натижа ўзини узоқ куттирмади ва мен жамоадошларимдан тезроқ югура, баландроқ сакрай бошладим". Ота-онаси ва 3 опаси бирорта ҳам ўйинни қолдирмай Кеплерни стадиондан қўллаб туришган. Футбол учрашувидан кейин эса оила музқаймоқ егани соҳилга борган. Баъзан ойиси унга футбол - бўлмағур иш, яхшиси ўқишга жиддий эътибор бериш зарурлигини таъкидларди. Бир йил мобайнида физиотерапевтлик сир-асрорларини ўрганган Пепени Португалиянинг "Маритиму"сига таклиф қилишади ва ўқиш буткул тамом бўлади.
"Брага" билан ўйнагандик, мен хатто гол ургандим. Эсимда биз узоқ вақт ғалаба қозона олмагандик, мураббий мени ҳужумга қўйди. "У фақат ишлашни билади, олдинга ташлайчи, рақиб ҳимоячиларини тинкасини қуритар, деган бўлса ажабмас. Мураббийга бу борада юзланишганда: "Маритиму"да 6 бразилиялик жам бўлганди. Пепе уларнинг энг кичиги эди, лекин зарур пайт ўз ҳаққи учун ҳеч кимдан қўрқиб ўтирмасди. Иш хатто муштлашишга борган вазиятлар ҳам бўлган, аммо Кеплер умуман бош эгмасди" деган.
Ҳимоячини кўпчилик "Порту"даги ўйинлари орқали танигани рост гап. Лекин анча йиллар аввал Пепе "Спортинг"да пайдо бўлиши керак эди аслида. Кўрикда бўлган футболчи бир ой давомида машғулотларда ҳаракат қилади, ўзи каби ёш Роналдо билан дўстлашади, аммо кейин клуб мутасаддилари унга чиқиш эшикларини кўрсатиб юборишади.
Футболчи табиийки тушкунликка тушиб қолади, шу кайфият билан Мадейрога қайтади. Лекин ўша кунларда унга "Порту" президенти қўнғироқ қилади: "Ҳой бола, яхшилаб гапларимни эшит, кўп ҳам сиқилавермай, ўз устингда ишлашдан тўхтама. Шундай ўйнаб тургин, сени биз оламиз..." Ҳимоячи ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетади, тасаввур қиляпсизми, уни яқиндагина УЕФА Кубогида зафар қучган жамоага деярли таклиф қилишди. Чемпионлар Лигасидаги ғалабага улгурмай қолган Пепе, кейинчалик Суперлига олтин медалини, Португалия Кубоги ва Суперкубогини қўлга киритади.
Аввалига Пепе Португалияда ўзини бегонадек ҳис қилади. Атрофдагилар ўша-ўша португал тилида (Бразилия аҳолисининг 99% аҳолиси айнан португал тилида гаплашиши ҳеч кимга сир эмас), гапиргани билан маданият умуман бошқа. "Адаптация"га 3 йил вақт керак бўлди ва 2005 йили бразилиялик биринчи бор Португалия фуқаролигини қабул қилишга рози эканлигини билдирди. Кеплернинг бу қарорга келишида унинг қиз ўртоғи - София катта роль ўйнайди. Айтишади-ку, ҳар бир буюк қахрамон ортида кучли аёл туради деб. Улар Портуда танишиб қолишади ва бугунги кунгача биргалар. Билмаганлар учун айтиб ўтамиз, Пепе ва Софиянинг икки фарзанди, бири-биридан чиройли қизлари бор: Анджели (27.08.2012) ва Эмили (13.05.2014).
София тиббиёт олами вакиласи, айнан шунинг учун "Реал" ҳимоячиси фаолиятини якунлаганидан сўнг хусусий клиника очиш ниятида. Келажакка асраб қўйилган иккинчи мақсад: дунё бўйлаб саёҳат. Ҳимоячининг отаси машина хайдовчиси бўлганини инобатга олсак, бу истак қаердан пайдо бўлганини билиш қийин эмас.
Кеплер Португалия фуқароси паспортини олганида ҳам ота-онаси ажабланиб, бунга қаршилик кўрсатишмаган.
"Португалия менга жуда кўп нарса берди. Бразилияда мен ота-онам билан бир хонада ухлардим ва умуман ҳеч нимам йўқ эди. Ҳеч қачон португалга айланганимдан афсусланмаганман ва бундай бўлмаса ҳам керак", - дейди кейинроқ Пепе. У иккинчи ватани терма жамоаси учун дебют ўйини Евро-2008 саралаш босқичига тўғри келади. Ўшандан буён Португалия иштирок этувчи бирор йирик мусобақа Кеплер Лаверан Лима Феррейрасиз ўтмайди. Ҳозир у 33 ёшда ва тан олинг, жаҳоннинг энг кучли ҳимоячилари қаторидан жой эгаллай олди. Куни-кеча якунига етган Евро-2016 да яккакурашларда устун келаверган Пепе (статистик маълумотларга кўра - 25 бор) номдор Боатенг, Хуммельс ва Погбани ортда қолдирди ва турнирнинг энг яхши кўрсаткичини қайд этди. Финал ўйини "энг яхши футболчиси" айнан Пепе бўлгани ўша куни ҳам у майдонда чин дилдан меҳнат қилганини исботлайди.
"Қонхўр ҳимоячи" таҳаллуси Кеплерга "Реал"да насиб этди. Қироллик клуби 9 йил олдин марказий ҳимоячи учун "Порту"га 30 миллион тўлаган. Шустер, Пеллегрини, Рамос ва Моуриньо ундан рақибларни ваҳимага солувчи қурол сифатида фойдаланишди.
Вазият фақат анча оғир-босиқ Карло Анчелотти даврига келиб ўзгарди. Биринчидан, қоида бузишлар сони икки баробар камайди. Иккинчидан, қизил карточкалар (деярли) буткул йўқолди. Учинчидан, Пепе рақибларни ўзи кутиб олиш ва қоида бузишга мажбур қилишни ўрганиб олди. Интервьюларининг бирида ўйин услуби ўзгаришида нафақат мураббий балки унинг турмуш ўртоғининг ҳам хиссаси бор эканлигини таъкидлаганди футболчи.
"Мен чинакамига катта бўлдим ва ақллироқ бўлдим. Бунинг учун менинг Софиямга ташаккур. У доим мен тарафда, ҳар қандай вазиятда ҳам у мени қўллаб-қувватлашига ишонаман. Аммо мени ноҳақ деб ҳисобласа у буни яшириб ўтирмайди ва ўзимга, юзимга очиқ айтади. У ёнимдалигидан бахтлиман ва умид қиламанки, биз доим бирга бўламиз".
Турли клубларда кўплаб совринларни қўлга киритган Пепе шу йил терма жамоа таркибида ҳам бош совринга эга чиқди. Турнир аввалида мухлис ва мутахассисларнинг фикрига кўра, ғолибликка давогар жамоалар кўп эди. Германия, Испания, Франция, Англия... Лекин Португалия ғалаба қозонади деганлар кўп эмас эди. Амалда эса Пепе бугун "Европа чемпиони" деган номни қўлга киритди ва унинг исми тарихда қолади.
Гапимиз аввалида таъкидлаганимиздек, инсон ҳаёт давомида ўзгариб бораверади. Вақт ва ҳаёт дарсларидан қочиб бўлмайди! Асосийси кимлар ва нималар таъсир қилгани эмас, қийинчиликда кун кўрадиган оиладан, оддий балиқ сотувчисидан, дунё танийдиган футболчи даражасига чиқа олди Пепе. Қойил қолмай илож йўқ. Ўрнак олишга арзирли ҳаёт йўли. Бунда албатта оиласи, жумладан ота-онасининг ҳар қандай ишда уни қўллаб турганликларини эътироф этиш зарур чамамда.
Пепе тўғрисида яхшигина маълумотга эгаман деб ўйлайсизми? Унда яна 1-2 дақиқа ажратишингизни сўраймиз.
Пепе "Реал Мадрид"нинг энг тез уч футболчисидан бири! (У жамоада фақат Роналдо ва Бейлдан ортда қолиши мумкин)
Футболчининг сўзларига кўра, "Маритиму" асосий таркибидаги дебютини россиялик Анатолий Бышовец қўл остида ўтказган.
2009 йил 32-тур учрашувида "Хетафе"га қарши баҳсда Пепе рақиб ўйинчисини ўз жарима майдончасида йиқитади ва майдонда ётган рақибини тепкилай бошлайди. Майдонни қолганлардан эрта тарк этган Пепе кейинроқ 10 та ўйинга четлатилади.
Пепенинг севимли хоббиси — ов қилиш.
Пепе ва турмуш ўртоғи Софиянинг икки қизи бор: Анджели ва Эмили.
Балки кўп ўқиган, кўп эшитгандирсиз, бу гапларни ўқиб энсангиз қотиши ҳам мумкиндир. Лекин сўзимиз охирида шуни сўраб қолардим, фарзандларингиз билан кўпроқ суҳбатлашинг, иложи борича яқинроқ бўлинг. Ота-она фарзандига ёмон нарсани раво кўрмаслигини тушуниб етгунига қадар, уни койиб, ўзингиздан совутманг. Ёш ўқувчиларимизга эса ота-онангизни гапларига қулоқ тутинг, вақтида уларнинг қадрига етинг деган бўлардик. Зеро, инсон оила аъзолари учун куйиб-пишади, ҳар не иш қилса ҳам улар учун қилади.
Сўнгги пайтларда Пепенинг Хитой клубига ўтиб кетиши ҳақидаги гаплар пайдо бўлди. Қайсидир манбаа футболчи хитойликлар билан келишиб қўйди деса, бошқаси йўқ, у "Реал"да қолади демоқда. Нима бўлган тақдирда ҳам, Пепе оддий балиқ сотувчисидан жаҳон даражасидаги футболчига айланди. Ўз орзуси томон дадил қадам босди ва ниятига етди.
Туғилган кунинг муборак бўлсин, Кеплер Лима!
Сайтимиз ўқувчиларига эса ишда ва шаҳсий ҳаётда омад ёр бўлсин деб қоламиз. Омон бўлинг, азизлар!
Омонжон Тўхтамирзаев
Бизнинг расмий Телеграм каналимиз:
https://telegram.me/joinchat/ABZZKDwZeeD_3ALjRNIgqA
Фикрлар