

"Бутун Фарғона халқини чемпионлик билан табриклайман. Худо хоҳласа, бундан ҳам юксак марраларга биргаликда эришамиз", – деди Эргашев.
Дарвозабондан чемпионликни қўлга киритиш ёки уни ҳимоя қилишдан қайси бири қийинроқ экани сўралди.
"Албатта, чемпионликни ҳимоя қилиш қийинроқ, чунки машаққатли йўлни босиб ўтдик. Ҳаммамиз юзимиз ёруғ бўлганидан хурсандмиз", – деди футболчи.
Шунингдек, Эргашев биринчи бўлимда 0:2 ҳисобида ортда қолган жамоа танаффусдан кейин вазиятни ўзгартиришга қандай ҳаракат қилгани ҳақида гапирди.
"Тўғриси, буни сўз билан таърифлаш қийин. Иккинчи бўлимда жамоани руҳлантириб, бутун ўйинни қўлга олишга ҳаракат қилдик. Якунда ушбу дуранг орқали олдимизга қўйган мақсадимизга эришдик. Бугун барчани чемпионлик билан табриклайман", – деди у.
Дарвозабон Жамшид Искандеровнинг иккита пенальтини амалга оширган пайтдаги ҳиссиётларини ҳам эслади.
"Буни тасаввур қилиш қийин. Тўғрисини айтганда, жуда ҳаяжонли дамлар бўлди. Буни сўз билан таърифлаб бера олмайман", – деди Эргашев.
Эслатиб ўтамиз, "Нефтчи" "Динамо"га қарши баҳсда Жамшид Искандеровнинг иккита голи эвазига 2:2 ҳисобида дурангга эришди ва мавсум якунланишига бир тур қолганида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди.



