Бордо"нинг Франция 6-лигасига ўтказилиши бўйича апелляцияси рад этилди

Aslanov Jasurbek
15 июл 2026, 19:59
"Бордо"га нисбатан жазо кучида қолди.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойи охирида Миллий бошқарув назорати дирекцияси (DNCG) клубни 2026/27 йилги мавсум учун миллий даражадаги барча мусобақалардан четлаштирди. "Бордо" 2026/27 йилги мавсум учун бюджетни 30 июнга қадар тасдиқлаши керак эди – жирондинликлардан қўшимча 9 миллион евро киритиш талаб қилинганди. Бироқ, на клубнинг амалдаги эгаси Жерар Лопес, на потенциал харидорлар 30 июнга қадар тегишли кафолатларни тақдим этишга улгуришмади.

Шу муносабат билан "Бордо" Биринчи минтақавий дивизионга – Франциянинг кучи бўйича олтинчи лигасига ўтказилди. Клуб ушбу қарор устидан шикоят қилди.

Апелляция бўйича тинглов бугун бўлиб ўтди – унда Жерар Лопес, клуб бош директори Арно Сент-Андре, шунингдек, юристлар ва қайта тиклаш режасини кузатувчи комиссар иштирок этди. Улар бир соатдан сал кўпроқ вақт давомида сўзга чиқишди.

"Бордо" ҳамон қўшимча маблағ жалб қила олмади. Шу боис, DNCG апелляция қўмитаси клубни олтинчи дивизионга ўтказиш тўғрисидаги қарорни кучида қолдирди.

Foot Mercato нашрининг Sud Ouest манбасига таяниб хабар беришича, бугунги тингловда Лопес охирги чорани тақдим этди: клубни сотиб олиш учун тендер эълон қилиш ва "Бордо"ни барқарор молиялаштиришга кафолат бера оладиган инвесторни топиш. У аллақачон потенциал инвесторлардан қизиқиш билдирган бир нечта хабарни олган.

Франциянинг олти карра чемпионида санкциялар тўғрисидаги қарор устидан Франция Олимпия қўмитасига шикоят қилиш ҳуқуқи ҳали ҳам бор.

"Бордо" сўнгги икки мавсумни Франциянинг кучи бўйича тўртинчи дивизионида ўтказди – 2024 йилда молиявий муаммолар туфайли клуб қуйи лигага тушириб юборилганди.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Foot Mercato

Сўнгги янгиликлар

Барча ›