UZ

Сўнгги янгиликлар

17:07Омар Момани ПСЖнинг "Аталанта"га қарши ўйиндаги камбэкига атаб карикатура чизди  1 16:44Мората - "Ювентус"нинг ҳужум чизиғи учун номзодлардан бири  3 16:20"Милан" "Ювентус" футболчиси учун 40 миллион евро тўлашга тайёр  3 15:57"Наполи" Регилон учун 15 миллион евро таклиф қилди. "Реал" эса 25 млн хоҳламоқда  1 15:33"Манчестер Юнайтед" Эдегор билан шартнома имзолашга тайёр  3 15:10Карикатура: "Аталанта" - ПСЖ ўйинига аталган карикатура  4 14:48Муртозаев ва Абдураимов "Машъал"да ўйнайди  2 14:33Арда Туран: "Месси футболдаги ҳамма нарсани билади. Роналду зўрлигини эса унинг жамоадошлари ва яқинлари айтишади"  33 14:10МЮ яна "Вест Хэм" хавбекига қизиқмоқда  2 13:51Октябрь ва ноябрь ойида терма жамоа йиғилиши керакми ёки Суперлига давом этиши. Бош мураббийлар қандай фикрда?   11 13:48"Бизнинг футбол жаҳон чемпионатига чиқишга муносиб ҳам эмас". Диёр Имомхўжаев "Бунёдкор", ОЧЛ ва Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳақида гапирди  56 13:40"Ювентус" Хаверцни харид қилишга тайёр  7 13:18"Ливерпуль" сафар либосларини намойиш этди  10 13:00Спортчилар ижтимоий тармоқларда  1 12:47ПСЖ президенти: "Неймар ва Мбаппе ҳеч қачон кетишмайди"  16

Бир клуб тарихи: "Қизил иблислар" Янгиликлар

Бир клуб тарихи: "Қизил иблислар"

"Championat.asia"да "Бир клуб тарихи" рукни давом этади.

“Ла-манш” бўғозидан ўтиб, Британия оролига қадам ранжида айласангиз, қироллик анъаналари уфириб турувчи туманли диёр билан юзлашасиз. Атлантика океанининг мавжли тўлқинлари ювиб турувчи оролнинг шимолий–ғарбий бағри яқинидаги Манчестер шаҳри эса “рицарлар юрти”нинг мафтункор ва йирик мегаполисларидан биридир. Шаҳар табиати ва об-ҳавосининг тозалиги билан альбиондаги бошқа “city”лардан ажралиб туради. Аҳолиси хушчақчақ, очиқ-кўнгил ва албатта британча тартиб қоидаларга қатъий амал қилувчи инсонлардан иборат. Манчестер сўзини эшитган ҳар бир инсон ёдига биринчи навбатда машхур футбол клуби келиши турган гап. Зеро, Манчестер жумласи, ўз ёнидаги “жуфти” Юнайтед сўзи билан янаям жарангдорроқ янграйди. Бу номлар бири-бири билан уйқаш бўлиб, ғалабалари, машхурлиги ва тарихийлиги билан бутун дунё фанатларини юрагидан муқим жой олган. 141 йиллик улкан ўтмиш ва олтин ҳарфлар ила битилган фаолият. Хуллас, бу — “Манчестер Юнайтед”.

Манчестер шаҳри кўриниши

3 асрни кўрган “Қизил иблислар”нинг фаолиятига назар соладиган бўлсак, жамоада нафақат Британиядаги, балки, дунёдаги энг машҳур футболчилардан тортиб, топ даражадаги мураббийлар фаолият олиб борганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. “Қизиллар”нинг эришган натижалари ҳам анча салмоқли. Жумладан, мамлакат биринчи дивизионининг 7 карра ғолиби, Премьер-лига баҳсларининг 13 мавсумдаги чемпиони, 12 бора Лига кубоги совриндори, 5 та биллур соврин соҳиби, 21 марта суперкубок эгаси. Қолаверса, ЕЧЛнинг бир неча бор соҳиби, УЕФА кубоги ва суперкубоги ғолиби, клублар ўртасидаги Жаҳон чемпиони ҳамда қитъалараро кубок ғолиби. Мақтанишга арзигулик ютуқлар, шундай эмасми?



“Glory, Glory, Man United!”

Клуб мухлислари эса ҳамиша ўзларини жентелменлардек тутиши билан ном қозонган. Улар турк мухлисларига ўхшаб аргессивлик қилишмайди ва италиялик тиффозилари каби жаҳлдор эмаслар. ХХ асрнинг ўрталарида манчестерлик фанатлар британча оқсуяклик ила стадионга ташриф буюра бошлашган: ўша инглизча классик смокинг, қўнғирранг бабочка ва албатта қўлларида қимматбаҳо асо. Ушбу прикид бугунги кунга қадар манчестерлик мухлисларнинг ташриф қоғози бўлиб қолган. МЮ ишқибозлари бутун ўйин давомида ўз суюклиларини руҳлантирган ҳолда клуб мадҳияси “Glory, Glory, Man United!”ни баралла жўр бўлиб куйлашади. Қуйида сизни манчестерликларнинг тарихи билан яқиндан таништириб ўтамиз. Эътиборингиз марказида “қизил иблислар альманхи”.

МЮ жонкуярлари


Клуб тарихи


“Қизил иблислар” 1878 йилда “Ньютон Хит” номи остида бир гуруҳ темирйўлчи ишчилар томонидан ташкил этилган. 1902 йилдан эътиборан “Манчестер Юнайтед” номи остида фаолият олиб бормоқда. Ўша вақтдаги жамоа бош мураббийи Эрнест Мангнеллдан биринчи навбатда жамоани яхши ижрочилар билан тўлдириш талаб этилган. Мангнеллнинг бош мураббийлигида ўтган 10 йил давомида “қизиллар” биринчи дивизионда икки бор чемпионликни нишонлашган (1908, 1911 йилларда) ва кубок баҳсларида бош совринни қўлга киритишган (1909 йил). ХХ аср бошларида манчестерликларнинг энг яхши ижрочиларидан бўлган Билли Мередит, Герберд Бержес, Сенди Тернбулл ва Жимми Беннистер каби футболчилар клубнинг ғалабаларига муносиб ҳисса қўшганлар. Клубнинг биринчи уй учрашувларини қабул қилган “Норд Роуд” ўйингоҳида бўлиб ўтадиган ўйинлар ҳамиша мухлислар билан тўлган ва шаҳар аҳолисининг футболга меҳри бошқача бўлган. Манчестерликлар ўйини 1920 йилларга келиб бироз пасайди. Жамоа бир неча бор қуйи лигаларга тушиб кетган ҳолатлар бўлди. Умуман олганда ўша вақтларда инглиз клубларининг деярли барчасида молиявий қийинчиликлар мавжуд бўлган. 1931 йилга келиб “қизил иблислар” банкрот ҳолатига тушиб қолади. Клуб бу жараёндан базўр чиқиб кета олди. Манчестерликлар осмонида “қора булутлар” сузиб юрган вақтлар бир неча йилларга қадар чўзилди. 1945 йилда жамоа бош мураббийи этиб тайинланган Сэр Мэтт Басби клубда айтарлича ўзгариш қила олди. Унинг қўл остида манчестерликлар 26 йил давомида тўп тепишди. “Қизиллар” Басби бошчилигида 5 марта чемпионлик нашидасини суришди (1952, 1956, 1957, 1965, 1967 йилларда) ва 2 бора мамлакат кубогида ғалаба қозонишди (1948, 1963 йилларда). 1968 йилда эса халқаро майдондаги биринчи соврин қўлга киритилди. Европа чемпионлар кубоги (ҳозирги ЕЧЛ) финал баҳсида Португалиянинг “Бенфика” жамоаси мағлуб этилди.

1902 йилги “Қизил иблислар”


Мэтт Басби даври


1958 йилда эса клуб учун қайғули ҳолат юз берди. Европа Чемпионлар кубогида Белградда “Црвена Звезда” клуби билан бўлиб ўтган ўйиндан қайтаётган клуб самолёти Мюнхенда ҳалокатга учрайди ва жамоанинг тўққиз нафар аъзоси вафот этади ҳамда омон қолган ўйинчилар турли даражадаги жароҳатларга йўлиқишади. 1960 йилда Басби жамоага бир нечта кучли ижрочиларни қўшиб олади. Денис Лоу ва Пет Креранд сингари юлдузлар жамоага жуда тез кўникиб кетишади. Ундан ташқари, жамоа юлдузлари Бобби Чарльтон, Билл Фоулкс, Денис Лоу ва Денис Вайоллет сингари ўйинчилар “қизиллар”нинг қолган ўйинчиларини ҳам руҳлантирган ҳолда, ғалабалар сари бошлашар эди. 1971 йилда Мэтт Басби жамоани тарк этади ва унинг ўрнига жамоа бош мураббийлигига келган Томми Дохерти клуб билан айтарли ютуқларни қўлга кирита олмади. Фақатгина, 1977 йилдаги Англия кубогидаги ғалабани ҳисобга олмаганда бошқа бир титулга эга чиқа билмади. Балки, жамоани қуйи лигага равон бўлишига сабабчи бўлди. 1975 йилда “қизил иблислар” яна кучлилар сафига қайтганига гувоҳ бўлганмиз. 1981 йилда жамоа “рул”ини қабул қилиб олган Рон Аткинсон ҳам 5 беш йиллик фаолиятида икки бор кубок баҳсларида биллур совринни қўлга кирита олди ҳолос (1983, 1985 йиллар).

80 йиллардаги таркиб


Янги давр ва ғалабалар шукуҳи


1986 йилда клуб бош мураббийлигига шотландиялик Алекс Фергюсоннинг тайинланиши эса “қизил иблислар” учун йирик муваффақиятлар билан эсда қолди. Гарчи, шотландиялик мураббий бошчилигидаги биринчи мавсумда клуб турнир жадвалинининг 11 поғонасидан ўрин олган бўлса ҳам, кейинги мавсумларда ўзларини ҳар томонлама кўрсата билишди. 1991 йилда Алекс жамоа учун халқаро майдондаги биринчи совринини қўлга киритди. Кубок эгалари кубоги финалида Йохан Кройф бошчилигидаги Каталониянинг “Барселона” клубини Марк Хьюзнинг дубли эвазига мағлубиятга учратишди. УЕФА суперкубогида эса Белграднинг “Црвена Звезда” клуби мағлуб этилди. 1992 йилда янги ташкил этилган Премьер-лига ўйинларида чемпионлик масаласи ҳал қилинди. Шунингдек, ўша мавсумда мамлакат лига кубогида ҳам зафар қучилди. ХХ асрнинг сўнгги ўн йиллигида “қизил иблислар” шарафини ҳимоя қилган ижрочилар жуда ажойиб ўйин кўрсатишган. Жумладан, Петер Шмейхель, Пол Паркер, Денис Ирвин, Ли Шарп, Эрик Кантона, Брайан Макклер, Райан Гиггз, Андрей Канчельскис, Рой Кин, Никки Батт, Дэвид Бекхэм, Пол Скоулз, Клейтон Блэкмор, Гарри Уолш, Гарри Невилл, Лес Сили ва Марк Хьюз сингари футболчилар “қизиллар”нинг ютуқларига муносиб ҳисса қўшишди. Кетма-кет чемпионлик масаласи ижобий ҳал қилинди (1994, 1996, 1997, 1999, 2000, 2001, 2003 йилларда). 1999 йилда клуб ажойиб мавсумни ўтказди. Премьер-лигадаги чемпионлик ва кубокда ғалабага эришилди. Халқаро майдонда эса УЕФА Чемпионлар лигасида “Бавария” мағлубиятга учратилди ва Қитъалараро кубок финалида Бразилиянинг “Палмейрас” клубидан Рой Киннинг ягона голи эвазига устун келишди. Фақатгина, ўша йилги УЕФА суперкубоги баҳсида Римнинг “Лацио” клубига имкониятни бой беришди. Шундан сўнг манчестерликлар 2007, 2008, 2009 ва 2011 йилларда чемпионликни нақд қилишди. 2004 йилда мамлакат кубогини қўлга киритишди ҳамда Англия лига кубоги ва суперкубок баҳсларида бир-неча бор шоҳсупанинг энг юқори ўрнига кўтарила олишди.

“Безори” Кантона


Москва кўз ёшларга ишонмайди


2008 йилги мавсумда жамоа халқаро майдонда бир нечта “фронт”да кураш олиб боришига тўғри келди. Ўша йили “қизил иблислар” ЕЧЛ финалига қадар етиб боришди. Мусобақа финишида Премьер-лигадаги азалий рақиблари Лондоннинг “Челси” клубига қарши чемпионлик масаласини ҳал қилишди. Москвадаги “Лужники” ўйингоҳида бўлиб ўтган учрашувда Фергюсон шогирдлари биринчи бўлиб ҳисобни очишди. Ўйиннинг 26 дақиқасида Роналду томонидан киритилган голга, биринчи тайм охирида “аристокралар” юлдузи Фрэнк Лемпард жавоб қайтарди. Баҳснинг асосий ва қўшимча дақиқаларида мувозанат бузилмади ва бош ҳакам Любош Михел жамоаларни лотореялар сериясига таклиф этди. Пеналтилар баҳсида манчестерликлардан Карлос Тевес, Майкл Каррик, Оуен Харгривз, Нани, Андерссон ва Райан Гиггз зарбаларда адашмади. Аксинча, Роналдунинг зарбаси голга айланмади. “Челси” таркибида ўн бир мертлик нуқтада Жон Терри ва Николя Анелька адашди ва “қизил иблисларга” чемпионликни тақдим этишди. Лотореялар серияси якунига етгандан кейинги жараёнда Роналду ҳамманининг эътибори тортди. Унинг қувонч аралаш йиғиси барчани диққат марказида бўлди. Рони ўша тунда ғалаба кўз ёшлари ила Москвани ишонтира олди ва жамоаси билан кўҳна қитъанинг энг нуфузли турнирида чемпионликга эришди. Қолаверса, ўша йилнинг кузида ҳамюртимиз Равшан Эрматов бошқарган клублар ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати финалида Эквадорнинг “ЛДУ Кито” клубини Рунининг ягона голи эвазига мағлубиятга учратишди. УЕФА суперкубоги баҳсида эса Санкт-Петербургнинг “Зенит” жамоасига имкониятни бой бериб қўйишди.

2008 йилги финалдан сўнг. “Йиғлоқи” Рони кубок билан


Фергюсоннинг кетиши, "Special one" ва янги шаккланган “қизиллар”


2009 ва 2011 йилги мавсумларда манчестерликлар яна чемпионлик маслаласини ижобий ҳал қилиши билан бирга, ЕЧЛ финалига қадар етиб келишди. Ўхшашликни қаранг-ки, иккала финалда ҳам “Барселона”га қарши майдонга чиқишди ва ҳар икки учрашувда ҳам мағлубиятга учрашди. 2013 йилда клубни чорак асрдан зиёдроқ бошқарган Алекс Фергюсон тарк этди ва жамоани янги бош мураббий Дэвид Мойесга топширди. Ундан кейин эса бошқарувга Луи Ван Гал келди. Голландиялик мутахассис жамоада икки йиллик фаолият олиб борди ва фақатгина мамлакат кубогидаги ғалаба билан чекланди. 2016 йили клубни қабул қилиб олган Жозе Моуринью бошчилигида манчестерликлар мамлакат лига кубогини қўлга киритди. 2017 йил УЕФА кубоги финалида Амстердамнинг “Аякс” клуби устидан қозонилган ғалаба билан ўз совринлари каталогини бойитишди. Шундан сўнг, “Special one” ҳам жамоа билан узоқ ушланиб қолмади ва салбий натижалар ортидан жамоа билан хайрлашди. Бугунги кунда “қизил иблислар”ни клуб ўтмишининг машҳур ижрочиси Оле Гуннар Сульшер бошқармоқда. Жорий мавсумда жамоанинг ишлари у даражада яхши кетяпти деб айтиб бўлмайди. Клуб Премьер-лигада 14 ўйинда иштирок этиб, 18 очкони қўлга киритган ва турнир жадвалининг 10 поғонасидан жой олган.

Special one


Клубнинг эришган натижалари:


Англия биринчи дивизиони чемпиони: (7 марта)
1908, 1911, 1952, 1956, 1957, 1967 йиллардаги мавсумларда.
Премьер-лига чемпиони: (13 марта)
1993, 1994, 1996, 1997, 1999, 2000, 2001, 2003, 2007, 2008, 2009, 2011, 2013 йиллардаги мавсумлар.
Англия кубоги соҳиби: (12 марта)
1909, 1948, 1963, 1977, 1983, 1985, 1990, 1994, 1996, 1999, 2004, 2016 йиллардаги мавсумлар.
Англия Лига кубоги ғолиби: (5 марта)
1992, 2006, 2009, 2010, 2017 йиллардаги мавсумлар.
Англия суперкубоги ғолиби: (21 марта)
1908, 1911, 1952, 1956, 1957, 1965, 1967, 1977, 1983, 1990, 1993, 1994, 1996, 1997, 2003, 2007, 2008, 2010, 2011, 2013, 2016 йиллардаги мавсумлар.
ЕЧЛ ғолиби: (3 марта)
1968, 1999, 2008 йиллардаги мавсумлар.
Европа лигаси соҳиби: (1 марта)
2017 йилги мавсумда.
Кубок эгалари кубоги ғолиби: (1 марта)
1991 йилги мавсумда.
УЕФА суперкубоги ғолиби: (1 марта)
1991 йилги мавсумда.
Қитъалараро кубок соҳиби: (1 марта)
1999 йилги мавсумда.
Клублар ўртасида Жаҳон чемпиони: (1 марта)
2008 йилги мавсумда.



Финаллар финали

Британиялик машҳур бир сиёсатчи шундай деган экан: “Муваффақият — бу нуқта қўйилди дегани эмас, муваффақиятсизлик — бу тамом дегани эмас: аҳамиятга эга ягона нарса — бу курашни давом эттиришга бўлган жасоратдир”. Мазкур иқтибос Каталонияда бўлиб ўтган финал ўйинига нақадар мос келишига гувоҳ бўлишингиз мумкин. 1999 йил 26 май санаси Каталониянинг “Камп Ноу” ўйингоҳида УЕФА чемпионлар лигаси финал беллашуви бўлиб ўтди. “Бавария” ва МЮ клублари 90 245 мухлис қаршисида майдонда саф тортишди. Алекс Фергюсоннинг “қизил армия”сига қарши, Отмар Хитцфельд томонидан ўзига ҳос “рецепт” тайёрланган эди. Ушбу баҳсда содир бўлган воқеаларни мухлислар ҳамон эсларидан чиқармаган эрсалар ажаб эмас. Ўша оқшом ва ўша финал: ингилизлар қувончи-ю, немисларнинг қайғуси ва стадиондаги аншлаг. Унча-бунча нодир санъат асарлари акс этган театрда қўйилган спектакльда ҳам сиз бу ўйинда олган “энегрияни” олмаслигингиз тайин. Барчаси, шунчаки — драматика эди. Италиялик машхур арбитр Пьерлуджи Коллина жамоаларни чемпионлик масаласини ҳал қилиб беришга чақирувчи ҳуштаги янграши билан, хақиқий финаллар финали бошланди. Ўйининг 6 дақиқаси “қизиллар”нинг новегиялик ҳимоячиси Ронни Йонсен инглизлар жарима майдончаси яқинида Карстен Янкерга қўполлик ишлатади. Вазиятдан немислар унумли фойдалана билишди. “Бавария”нинг энг айёр ижрочиларидан бири Марио Баслернинг йўллаган зарбаси қаршисида “қизил иблислар” сардори ва дарвозабони Петер Шмейхель ожиз қолди. Бутун ўйин давомида немислар “ҳужум ёмғирини” уйиштиришди. Айниқса, мюнехликлар футболчилари Карстен Янкер, Александр Цинклер ва Йенс Йеремислар тинимсиз инглизлар мудофаасини диққат марказида бўлди. Аниқ ҳисоб-китобни ҳуш кўрувчи немислар майдонни ҳар бир қарич ерини тўлиқ назоратда ушлашди ва рақибга тактик жиҳатдан ўйин бермадилар. Қолаверса, кучли прессинг эвазига иложи борича ўйиндаги ҳисобни ушлаб қолишга ҳаракат қилишди ва инглизларни майдон марказини ўзида кутиб, рақиб ҳужумларини “брак”га чиқаришга ҳаракат қилишди. Бу ҳолатдан чиқиб кетиш учун Алекс Фергюсон ажойиб иккита ўзгаришни амалга оширди. Ўйиннинг 67 дақиқасида Йеспер Блумквистни Тедди Шерингемга ва 81 дақиқада Энди Коулни Оле Гуннар Сульшерга алиштирди. Ҳа, бу ўзгариш Сэрнинг “дастхати” эди. Ўйиннинг асосий вақти тугади ва “Бавария” ҳамон олдинда. Ҳакам томонидан ўйинга қўшимча беш дақиқа қўшиб берилди ва ҳаммаси ўшандан кейин бошланди. “Қизил иблислар” бурчак зарбаси ишлаб олди. Барча “Бавария” жарима майдони ичида жам бўлишди. Ҳатто, дарвозабон Петер Шмейхель ҳам сўнгги нажотни излаб, рақиб дарвозаси олдида изғиб юрарди. Бурчакдан тўп оширилади ва бироз пала-партишликдан сўнг Райан Гиггз зарбаси тўғри Шерингемнинг оёғига бориб тушади. Теддининг нозик зарбаси ва Гол! Оливер Канн эса қўлларини тепага ишора қилганча қотиб қолади. Мазкур ракурсни тўла ҳазм қилиб улгурмаган мюнхенликлар иккинчи “зарба”ни қабул қилиб олишди. Яна Бекхэмнинг ҳаволатиб узатиб берган бурчак тўпи ва бу сафар Сульшернинг якуний зарбаси, ҳисоб 1:2...

Сэр Алекс Фергюсон “Куч билан эмас, ишонч билан иш тут” ибораси негизида катта маъно борлигини исботлай билди. “Бавария” футболчилари майдон марказидан тўпни бошлаши билан ҳакамнинг финал хуштаги янгради. Барча карахт аҳволга эди. Ҳа, тақдир мюнхенликлар билан очиқчасига ҳазиллашди. “Бавария” футболчилари йиғидан ўзларини тийиб тура олишмади. Ҳимоячи Самуель Куффур кўзларида ёш билан майдон чимини муштлаганча ички кечинмаларини яшира билмади. Лотар Маттеус эса тақдирлаш маросимида ҳатто кумуш медални тақишни ҳам истамади.
Ўша вақтлардаги “Баврия” клуби раҳбариларидан бири Франц Беккенбауер мазкур баҳсни шундай эслайди: “Ўйиннинг сўнгги дақиқалари давом этаётган вақтда мен ёнимдаги шерикларимни ғалаба билан табрикладим ва пастга тақдирлаш маросимига йўл олдим. Майдонга тушдим ва таблодаги ҳисобга ишонолмадим!”.

УЕФА президенти Леннарт Юханссоннинг ушбу баҳс ҳақида хотирлаган сўзи: “Ўйин сўнггида турнир кубоги “Бавария” клуби ленталари билан безатилиб қўйилган эди. Аммо...”

Сэр Алекс Фергюсон эса ўйин хақида шундай фикр билдирган: “Жин урсин футболни..!”

“Қизил иблислар” ўзларининг иккинчи ЕЧЛ ғолиблигини ана шундай беллашувда қўлга киритишди ва футбол баҳси сўнгги сонияларга қадар давом этишини ҳаммага исботлаб беришди. “Ҳеч қачон, ҳеч қачон дема!” ибораси нақадар тўғри эканлигига барчани ишонтира олишди.

Каталония финалидаги ғалаба акси


Шотландча интизом ёҳуд “Хаммурапи қонунлари”


Сэр Алекс Фергюсоннинг “қизил иблислар” устозлигида ўтказган 27 йиллик фаолияти давомида “темир интизоми” ва бир сўзлиги билан ном қозонган. Жамоа шарафини ҳимоя қилувчи ҳар қандай футболчига, у ким бўлишидан қатъий назар биринчи галда ўзи ўрнатган қонунларга сўзсиз бўй сунишга мажбур эканлигини уқтирар эди. Клубдаги энг майда деталларгача ўзи ҳал қилиб, шахсан у томонидан ишлаб чиқиган ички қонунлар биринчи даражада бажарилишини шогирдларидан талаб қилган. “Манчестер оркестри” фақат сернинг дирижёрлигада “ижро” этилган ва фақат унинг “батутта”сида белгилаган кўрсатмаси эвазига ҳал қилинган. Бир сўз билан айтганда шотландияликнинг талаблари олдида “Хаммурапи қонунлари”ги бандлар ҳам “хижолат” бўлган. “Қария”нинг қўлида не-не юлдузлар ўйнамаган ва кимлар “қайта тарбияланмаган” дейсиз. Жумладан, “безори” француз Эрик Кантонадан тортиб, ирландиялик “қулоқсиз” Рой Кинлар ҳам Фергюсон олдида ўз характерларини кўрсата олмай қолишган ва кейинчалик тарбияли футболчи ва сардор сифатида барчага ўрнак бўлишган. Албатта, бунда Алекснинг клубда ўрнатган шотландча интизоми асосий ролни ўйнаб берган. Алекс Фергюсон ўзи томонидан ўрнатилган тартибни бузган ўйинчини кечириб ўтирмас эди. Шундай ҳолатлардан бири сифатида Дэвид Бекхэм билан бўлиб ўтган ҳодисани келтириб ўтиш жоиз. Ўша вақтлардаги дунё футбол юлдузи ва МЮнинг энг алиштириб бўлмас футболчиси бўлган Дэвидни бутса билан “сийлаган”и ҳаммамизнинг ёдимизда. Айнан ўша даврларда Бекхэмнинг ортидан рекламачилар чамадонда миллионлаб доллар кўтариб юрарди, машҳур клублар даҳшатли миқдорда шартномалар таклиф қилар эди. Қолаверса, Бекснинг ўзи мода ва футбол қироли бўлиб, дунёдаги энг олигарх футболчилардан бири бўлган. Фергюсон эса шундай ижрочини ҳатто битта кийилган бутсачалик кўрмагани, унинг нечоғлик қатиятли инсон эканлигидан дарак беради. Кунларнинг бирида “Командор” футболчиларга шундай талаб қўяди: “Агар кимдир, жамоа либосини ўйин давомида ечса ёки рақиб билан алмаштирса, ўша футболчи клубда бошқа ўйнамайди!” Талаб битта – эътирозга ўрин йўқ эди. Премьер-лиганинг навбатдаги учрашувиларидан бирида жамоа ҳужумчиси Руд ван Нистелрой рақиб жамоа ўйинчиси билан либос алишади ва бу иши оқибатида Алекснинг ғазабига дучор бўлган. Шундай ҳолатлардан бири Дуайт Йорк билан ҳам содир бўлган. Ўйиндаги ягона голни киритган тринидадлик футболчи шодлигини клуб либосини ечган ҳолда голни нишонлайди ва бу мураббийга ёқмайди. Ҳозирда “қизиллар”ни бошқараётган Сульшер ўша вазиятни кўриб, ҳужумчига шундай деган эди: “Эх, Йорки бекор қилдинг!”. Мазкур иши орқасидан мавсум сўнггида Дуайт Йорк “Блекберн Роверс”га равона бўлади. Шунингдек, клуб раҳбарияти ҳам шотландияликнинг жамоада ўрнатган “темир интизоми”га қаршилик кўрсатишмаган. Фергюсон эса эришган натижалари билан барчаси тўғри йўлга қўйилганлигини исботлай олган. Ахир, Премьер-лиганинг 13 карра ғолиби, Анлия кубогининг 5 бора ғолиби, 4 марта Лига кубоги соҳиби, 10 та суперкубок, ЕЧЛ ғолиби, Кубок эгалари кубоги совриндори, УЕФА суперкубоги, Қитъалараро кубок ва Клублар ўртасидаги жаҳон чемпиони бўлган мураббийдан яна нимани талаб қилиш мумкин. Фергюсон “қизиллар”ни 27 йил давомида 1500 та учрашувга олиб чиққан. Мазкур баҳслардан 895 тасида ғалаба қозонган, 338 та учрашувда дурранг қайд этилган ва 267 бор мағлубиятга учраган. Тўплар нисбати 2769 га 1365. Ғалабалар коэффициенти эса 59,67ни ташкил қилган.

СЭР


Барчаси МЮ хақида


Клуб раҳбарлари:

Жоель Глейзер ва Аврам Глейзер.
Клуб ижрочи директори:
Эд Вудворд.
Клуб ўйингоҳи:
“Олд Траффорд” 74 879 сиғимга эга.
Клуб сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчи:
Райан Гиггз. 963 ўйин (168 та гол). 1991-2014 йилги мавсумларда.
Клуб сафида энг кўп гол киритган футболчи:
Уэйн Руни. 253 та гол (559 та ўйин). 2004-2017 йилги мавсумларда.
Клубни энг узоқ бошқарган мураббий:
Сэр Алекс Фергюсон. 1500 та ўйин. 1986-2013 йиллардаги мавсумларда.
Клубнинг энг йирик ғалабаси:
10:0. 1956 йилги мавсумда Европа чемпионлар кубогида “Андерлехт” клуби устидан.


Бугунги мақола орқали “қизил иблислар” томонидан яратилган бетакрор тарих кўзгусини ёритишга ҳаракат қилдим. “Туманли альбион”да буюк ўтмиш ярата олган ва ғалабалари билан ишқибозларни мамнун этган жамоа хақида қанча ёзсангиз ҳам, клубга берилган тавсиф миқдори бир қадар оздек туюлаверади. Мамлакатимизда ҳам манчестерликларнинг ашаддий мухлислари талайгина ва улар ҳозир шу матнларни ўқимоқда деб умид қиламан. Каминанинг клуб хақида ёзганлари шулардан иборат. Сизлар хотираларингиз билан ўртоқлашган ҳолда МЮга қандай тариф берган бўлардингиз?

P.S: Мақоладаги статистик маълумотлар хорижий сайтлардан олинган фактлар асосида тайёрланган. Саҳифадаги матнлар эса мақола муаллифининг шахсий имҳоси.

Фаррух Дониёров

Рейтинг: +37   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика

CA ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг