

Биринчи иштирок, ваҳимали рақиблар ва номдор юлдузлар... Бу омилларни четга суриб айтадиган бўлсак, Жаҳон чемпионати бир ҳақиқатни кўрсатди: тўғри тайёргарлик ва майдондаги тўғри ёндашув билан ҳар қандай рақибга қарши ўйнаш мумкин! Колумбия билан иккинчи бўлим ёки Конго ДР билан баҳснинг биринчи бўлими йигитларимизнинг потенциали қанчалик юқори эканини исботлади. Демак, бизда база бор, куч бор. Хўш, бу борада таниқли собиқ футболчи Азамат Абдураимовнинг фикри қандай?
Конго ДР билан ўйин мураббийлар штабига кўплаб саволларни қолдирди
— Албатта, терма жамоамизнинг Жаҳон Чемпионатига йўлланма олгани — бу бутун ўзбек футболининг улкан ютуғидир. Бу ерда, Америкада катта футбол байрами муҳити айниқса яққол сезилади ва биз энг зўр футбол мамлакатларининг бир қисмига айландик. Хьюстон ва Атлантадаги стадионларда ўтирганимда, юртимиз байроғи ёзилиб, Ўзбекистон мадҳияси янграганда, футболимиздан жуда катта фахрланиш туйғусини ҳис қилдим! Бу унутилмас эди!
Иккинчи томондан, терма жамоанинг иштироки ва йигитларимизнинг ўйини яхши таассурот қолдирди, деб айта олмайман. Дастлабки иккита ўйинни четга суриб турайлик, у ерда рақиб биздан икки бош баланд эди. Мағлубиятларсиз ғалабалар бўлмайди ва бу тажриба ҳам бизга керак бўлади. Аммо Конго ДР билан ўйин кўплаб саволларни қолдирди ва бу саволлар, авваламбор, терма жамоа мураббийлар штабига қаратилган. Стадион трибуналаридан йигитларнинг қанчалик ҳаракат қилгани кўриниб турди. Сардоримиз Элдор Шомуродов менда жуда катта ҳурмат уйғотди. Мен унинг қандай ҳаракат қилганини, бутун 90 дақиқа давомида ўзини ўйинга қандай бағишлаганини кўрдим. Худди шу гапни бошқа футболчилар ҳақида ҳам айтиш мумкин, йигитларнинг кўзлари ёниб турарди ва биринчи бўлимни бекорга ютганимиз йўқ. Аммо иккинчи бўлимда нима бўлганини эса жиддий таҳлил қилиш керак. Бу вазиятда Каннаваро бошчилигидаги мураббийлар штаби на тактика танлашда, на руҳий тайёргарликда, на футболчиларни алмаштиришда ўзини кўрсата олди.
Каннаваро италянча "автобус"ни қўя олмади
— Ҳозир, воқеаларнинг иссиғида Каннаваро штабининг ишига баҳо бериш қийин. Бунинг учун вақт ўтиши, ҳис-туйғуларимиз босилиши ва техник кўрсаткичларга назар солиш керак. Биз қаерда имкониятни бой бердик, ўйиннинг қайси компонентларида оқсадик?
Ва менинг фикримча, Каннаваро мураббийлар кенгаши олдида тайёргарлик қандай ўтгани, у ёки бу футболчилар нима учун таркибга жалб этилгани, қандай тактик ишланмалар устида ишлангани, қаерда хато ва камчиликларга йўл қўйганимиз ҳақида албатта ҳисобот бериши керак.
Каннавародан энг катта ҳафсалам пир бўлган жиҳати шундаки, у жаҳон футболидаги энг яхши ҳимоячилардан бири сифатида бизга ҳимоядаги ўйинни шакллантириб бера олади, деб ўйлагандим. Йигитларимизга ўз маҳоратини ўргатади, футбол юлдузлари билан ўйинларда уларга ишонч бағишлайди, деб умид қилгандим. Оддийгина қилиб айтганда, Италия футболи ўзининг шу жиҳати билан машҳур бўлган — ҳимояда футболчилар сони ҳисобига "автобус” қўйишни ҳам Каннаваро ва унинг штаби уддалай олмади. Ҳимоядаги таркибни тўғри танлай билишмади, дарвоза чизиғи эса бутунлай муваффақиятсизликка учради.
Жаҳон ва Осиё футболидаги ўрнимизга тик ва ҳаққоний қарашимиз керак
— Лекин сўзимнинг якунида шуни таъкидлашни истардимки: Конго ДР билан ўйиннинг биринчи бўлими барчамизга унутилмас ҳис-туйғулар, йигитларимиз ва ўзбек футболи учун фахрланиш туйғусини тақдим этди! Демак, биз гол ура оламиз, ўйинни назорат қила оламиз, ўзимизга ишона оламиз ва муваффақиятга эриша оламиз. Шунинг учун, менимча, ЖЧ якунланганидан кейин қилинган ишларни чуқур таҳлил қилишимиз, жаҳон футболида ва Осиё қитъасида ҳозирда эгаллаб турган ўрнимизга тик ва ҳаққоний қарашимиз лозим. Жаҳон чемпионати бизнинг даражамизни ва энг зўр футбол мамлакатларига мос келишимиз учун ҳали қанчалик кўп ишлашимиз кераклигини кўрсатиб берди.


