

Ўйиндан кейин "Жайхун" бош мураббийи Айбек Нурбаев матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Биринчи навбатда "Шўртан" жамоасини бугунги ютуқ билан табриклайман ва кейинги баҳсларда омад тилайман. Ўйинга келадиган бўлсак, учрашув жамоамиз устунлигида кечди. Ҳар иккала таймда устун эканимизни намойиш этдик, йигитларга эътирозим йўқ. Футболчиларимизга озгина тажриба ва концентрация етишмади. Шундай ўйинларда тажрибасизлик панд бериб қўяди. Майдон ёки об-ҳавони баҳона қилиш керак эмас. Ўз олдига юксак вазифаларни қўядиган жамоа бу гапларни айтмайди. Биз ҳам шу майдонда машғулот ўтказамиз ва уй учрашувларини ўйнаймиз. Боримизни беришга ҳаракат қилдик, озгина омад келмади.
- "Жайхун" Ўзбекистон Кубоги гуруҳ ўйинларида иштирок этиб, кейинги босқичга чиқди. Шу ҳақда фикрингиз?
- Менга Кубокнинг формати ёқди. Учта яхши ўйин ўтказдик. Кубок орқали Суперлига жамоалари билан ўйнадик. Бу ҳам яхши, бизга тажриба бўлди. Тақвимга назар ташласак, дам олишга деярли фурсат бўлмаяпти. Кетма-кет ўйинлар ўтказдик. Пролигада ҳам, Кубокда ҳам осон жамоани кўрмадим. "Металлург", "Шўртан", "Қизилқум" - булар яхши жамоа.
- Кубокнинг 1/8 финалида ким билан ўйнашни хоҳлайсиз?
- Гуруҳдан иккинчи ўрин билан чиқдик. Бу дегани кейинги босқични сафарда ўтказамиз. Тўғриси, бизга унчалик фарқи йўқ. Ўзимга қолса "Нефтчи" билан ўйнашни хоҳлардим. Чунки "Нефтчи" ҳозир жуда кучли жамоа ва бу жамоага қарши майдонга тушиш қизиқ бўлади. Ислом Исмоилов раҳбарлигидаги мураббийлар штаби ҳам яхши иш олиб боряпти.



