"Арсенал" Хулиан Альварес бўйича норасмий музокаралар ўтказди: Унинг товон пули 500 миллион евро!

Aslanov Jasurbek
24 янв 2026
Лондоннинг "Арсенал" клуби "Атлетико Мадрид" ҳужумчиси Хулиан Альваресга қизиқиш билдирмоқда.

Бу ҳақда "ESPN" нашри хабар тарқатди.

"Арсенал" спорт директори Андреа Берта (у "Атлетико"да 12 йил фаолият юритган) ҳужумчининг агенти Фернандо Идальго билан аъло даражадаги муносабатларни сақлаб қолган. Маълумотларга кўра, лондонликлар вакиллари аргентиналик футболчининг атрофидагилар билан норасмий музокаралар ўтказиб, унинг трансфери қанчалик реал эканлигини ўрганишган.

Хулиан Альвареснинг амалдаги шартномасида 500 миллион евро миқдоридаги товон пули кўрсатилгани тахмин қилинмоқда. Бироқ "матрасчилар" келаси ёзда ҳужумчи учун 100 миллион евродан кўпроқ маблағ талаб қилишлари айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Альварес 2024 йилнинг ёзидан бери Мадрид клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. Жорий мавсумда у барча турнирларда 28 та ўйинда майдонга тушиб, 11 та гол ва 5 та голли узатмага муаллифлик қилди. Унинг "Атлетико" билан шартномаси 2030 йилгача мўлжалланган. "Transfermarkt" ҳужумчини 100 миллион еврога баҳоламоқда.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: ESPN