Англия кубоги ўйини тўр тешилиши сабабли кеч бошланди

Оқил Абдубарноев
14 фев 2026, 18:50
Англия кубоги доирасидаги "Бертон Альбион" – "Вест Хэм" ўртасидаги учрашув бошланиши дарвоза тўридаги тешик сабаб кечиктирилди.

Шанба куни "Пирелли" стадионида бўлиб ўтиши лозим бўлган тўртинчи раунд баҳси маҳаллий вақт билан соат 12:15 да старт олиши керак эди.

Бироқ масъуллар "Вест Хэм" дарвозабони Альфонс Ареола ортидаги тўрда муаммо борлигини пайқаб, ўйинни вақтинча тўхтатишга мажбур бўлишди.

Оқибатда тешик боғлаб қўйилди ва учрашув режалаштирилган вақтдан тахминан тўрт дақиқа кеч бошланди.

Қизиғи, ушбу кечикиш "Вест Хэм" мухлисларининг ўйин олдидан ўтказган норозилик акциясига ҳам кўпроқ эътибор қаратилишига сабаб бўлди.

Пирелли стадиони устида баннер илиб учган самолёт парвоз қилди. Баннерда қуйидаги ёзув бор эди:
"Sullivan & Brady out – no more BS" ("Салливан ва Брейди кетсин – бас қилинг, етарли бўлди").


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: The Sun