

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Сўзим аввалида лирик чекиниш қилмоқчиман. "Қўқон-1912"даги биринчи иш кунимдан бери клуб раҳбарияти, вилоят ҳокимлиги ва албатта мухлислар шаънига мени ҳеч ким қўллаб-қувватламади деб ҳеч қандай ёмон сўз гапирмадим. Бу менинг юракдан чиқаётган сўзларим. Мен жамоа учун жуда қайғураман. Афсуски, шунақа ҳолатга тушиб қолдик. Бу нима билан боғлиқ билмайман. Бизга шунчаки омад кулиб боқмаяпти. Бу муаммони ҳал қилиш учун бир нечта йўлни синаб кўрдик.
Бугун кўрсатган ўйинимиз уйда авалги баҳснинг копияси бўлди. Деярли бир хил футбол кўрсатдик. Мен йигитларга совуқон бўлиб тартибли ўйнашимиз кераклигини айтдим. Ортиқча нарса хоҳламадим. Рақибни ҳам яхши ўрганиб чиққандик. Суткалаб ухламасдан рақиб ўйинларини кўрдик, кўзларим қизариб кетди. Бир нарса тушунмаяпман: илгари видео таҳлиллар бўлммасди. Ўз пайтида бизга ҳеч ким рақибнинг ўйинларини қўйиб берган эмас. Мураббийлар фақат гапирарди. Ҳозир эса ҳаммага видео кўрсатамиз. Керакли гапларни айтамиз. Жамоа билан мулоқот қиламиз. Лекин омад йўқ.
3 декабрь куни Наманганда ўйинимиз бор, кейин 6 декабрь куни ўтиш ўйинида майдонга тушамиз. Йигитларга охиригача профессионал бўлиб қолиш кераклигини айтдим. Мен жамоа учун боримни бердим. Клубдаги ҳамма билан муносабатим яхши деб ўйлайман. Ҳар қандай ҳолатда ўзимдан масъулиятни олиб ташламайман. Ҳозирги вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қиламиз. Биринчи рақамли вазифа биз учун "Қўқон-1912"ни Суперлигада олиб қолиш. Токи бош мураббий эканман астойдил ишлашда давом этаман.
- "Қўқон-1912"нинг ўтиш ўйинлари орқали Суперлигада қолишини неча фоизга баҳолайсиз?
- Билмадим. Фоизларни билмайман. Лекин клуб билан шартномам бор ва ҳар бир ишга масъулият билан ёндашаман. Бунинг учун футболчилар ҳам бизга энергия беришлари керак. Энергия фақат мураббийдан чиқса бунинг фойдаси йўқ деб ўйлайман. Мен учун бошқа жамоалар, бошқа ўйинлар, Осиё чемпионлар лигаси бўладими ё бошқами, умуман қизиғи йўқ. Мен учун фақат битта нарса қизиқ: "Қўқон-1912"ни Суперлигада олиб қолиш.



