"Андижон"нинг сенсацион мағлубиятига ким айбдор?
03 май 17:45
Янгиликлар


"Андижон"нинг сенсацион мағлубиятига ким айбдор?
Ўзбекистон Кубоги соҳиби бўла туриб, университет жамоасига ютқазиш ва мусобақани муддатдан аввал тарк этиш худди фантастикадек туюлади, бироқ "Андижон" учун эмас. Александр Хомяков шогирдлари бир неча кун аввал Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичи доирасида Қарши давлат Университети қошидаги "Лочин" жамоасига имкониятни бой берди ва муддатдан гуруҳ босқичида қолиб кетадиган бўлди.
"Бургутлар" дастлаб "Сурхон"га ўз ўйида 2:3 ҳисобида имкониятни бой берган эди. "Сурхон" ғалаба голини 89-дақиқада киритиб, ғалабани илиб кетган эди. Дастлабки турдаги мағлубият туфайли, "Андижон" гуруҳдан чиқиш вазифасини бироз қийинлаштириб юборган эди, аммо иккинчи турдаги рақиб квартетдаги энг кучсиз жамоа бўлишини билган, андижонлик футболчилар керадиган ортиқ хотиржамликка бериб юборган шекилли. Учрашувда 85-дақиқага нурсиз дуранг қайд этилаётган эди, аммо иккинчи бўлим стартидан аввал "Лочин" сафидаги энг машҳур ва маҳоратли футболчи Зафар Полвонов ўрнига ёш Оғабек Маҳмадаминов ҳисобни очди. Маҳмадаминов "Андижон"нинг янги легионери Миомир Дуричковичнинг палапартиш ҳаракатларидан сўнг юзага келган ҳимоядаги хатодан унумли фойдаланиб кетди. "Андижон"нинг жавоби эса ўзини кўп куттирмади. Олег Зотеев рақиб жарима майдончаси ичида йиқилди ва пенальти ишлади, 11 метрли жарима зарбасидан эса Мирзад Механович унумли фойдаланди. Қолган дақиқаларда меҳмонлар босим қила бошлади ва водийлик жамоа сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб кетадигандек туюлаётган эди, аммо 90+2 дақиқадаги аутдан бошланган ҳужум Суҳроббек Тошкенбоевнинг рақиб посбони билан бирга бир вазият билан якунланди. Тошкенбоев тўпни Валижон Раҳимов оёқлари орасидан ўтказган ҳолда дарвозани ишғол этди.
Гуруҳдаги иккинчи баҳсда "Сурхон" Термизда "Динамо"ни қабул қилди. Анваржон Ҳожимирзаевнинг ягона голи самарқандликларнинг ғалабасини таъминлади. Шу тариқа, Вадим Карленович шогирдларининг навбатдаги ғалабасидан сўнг "Андижон" плей-оффга чиқиш учун барча назарий имкониятларини йўқотди.
Сўнгги йилларда Кубок баҳсининг финал учрашувига қадар етиб келган клублар кейинги мавсумда муваффақиятсиз иштирок этаётгани гувоҳи бўлдик. Ўзбекистон Кубоги 2023 йилги мавсумидаги финалчилар "Насаф" ва ОКМК, ўтган мавсумдаги иштирокини гуруҳ босқичидаёқ якунлаган эди. Кетма-кет уч мавсум давомида ғолиблик шоҳсупасини ҳеч кимга бермаган "Насаф" гуруҳ босқичида фақатгина бир очко тўплаб, гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаган эди. Бироқ, "Насаф" ўтган мавсумда "Навбаҳор", "Динамо" ва "Андижон" жамоалари билан гуруҳдан ўрин олган ва ушбу квартет "ўлим” гуруҳи деб дея аталган эди. "Аждарлар" дастлабки учрашувда "Навбаҳор"га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлишади, кейинги баҳсда эса "Динамо" билан 3:3 ҳисобидаги муроса кўчаси танланган бўлса, сафарда ўтказилган "Андижон"га қарши баҳснинг сўнгги дақиқаларида гол ўтказиб юбориб, мусобақани эрта тарк этади.
2023 йилги мавсум финалчиси ОКМК эса ўтган мавсумни Про-Лигада ўтказган "Бухоро" ва "Машъал", шунингдек "Арал" клубининг академияси билан плей-офф йўлланмаси учун курашган эди. "Кончилар" дастлаб "Машъал"га 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйишади. Иккинчи турда эса "Арал" академияси ўта йирик 16:0 ҳисобида таслим этилади. Гуруҳ босқичини якунлаб берувчи "Бухоро"га қарши кечган баҳсда, футболда жуда ҳам ноёб ҳодиса рўй беради. "Бухоро" дарвозабони Ширинбой Абдуллаев 90+4 дақиқада рақиб дарвозасини ишғол этади ва учрашув 2:2 ҳисоби билан якунланади. Қосимов жамоаси тўрт очко билан гуруҳда қолиб кетади.
Хомяков фактори
Тажрибали мутахассис "бургутлар"ни уч мавсумдан буён бошқариб келмоқда ва ўтган мавсумда жамоа тарихидаги энг катта ва энг муҳим соврин - Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди. Хомяков ўзига хос ўйин услуби билан "Андижон" жамоасини “гранд” жамоаларнинг "қўрқинчли туши"га айлантирди. Клуб жорий мавсумда ўз тарихида илк маротаба халқаро майдонда дебют қилади. Шунингдек, Хомяков футболчилари курашувчан характери билан ажралиб туради. Шу сабабли, "бургутлар" ўзидан кучлироқ жамоалардан очко тортиб олади ва сўнгги дақиқаларда гол уришлари билан машҳур. Ушбу хислатлар туфайли клуб ўтган мавсумда даҳшатли "камбэк" эвазига Кубок финалида ғалаба қозонган эди.
Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам. “Гранд” жамоаларга қарши яхши ўйнайдиган "Андижон" ўзи билан тенг бўлган ва ўзидан кучсизроқ рақибларга қарши кечадиган учрашувларда кўп очко йўқотади. "Енгилмас руҳият" айнан ўртамиёна жамоаларга қарши баҳсларда йўқолиб қоладигандек. Масалан, Суперлига доирасида "Пахтакор"ни мағлуб этган ва "Насаф"дан очко тортиб олган "Андижон", мавсум давомида "Қўқон-1912"ни енга олмади, "Динамо" ва "Сўғдиёна" каби тенг даражали рақибларга эса енгилди. Назаримда, водий жамоасининг асосий камчилиги ҳам шу ерда. Хомяков шогирдлари ўртамиёна жамоаларни мағлуб эта олмагани туфайли мусобақа жадвалининг экваторидан тепага чиқа олмайди.
"Андижон" ўзидан кучсизроқ рақибларга очко улашишининг бир нечта сабаблари бор. Асосий сабаб бу жамоанинг тактик услуби, жамоа асосан иккинчи рақам бўлиб, рақибни қарши ҳужумларни жазолашга ўрганиб қолган. "Навбаҳор", "Насаф" ва "Пахтакор" каби клубларга қарши ушбу услуб жуда маъқул келади. Рақибнинг позицион ҳужумдаги хатосидан сўнг тезкор қарши ҳужум билан жавоб беради. Фаворит бўлмаган жамоаларга қарши эса бундай услуб етарлича самарали бўлмаслиги мумкин. Сабаби ўртамиёна жамоалар ёки аутсайдерлар ҳам тўпга эгалик қилишни хўш кўришмайди ва асосан тўпни рақибга берган ҳолда, ҳимояланиш билан банд бўлишади. Позицион ҳужумни ташкил этишда қийналадиган "Андижон", ҳимояланишга тайёр рақибга қарши ўйинда биринчи рақамли жамоа бўлишга мажбур бўлиб қолади. Бундай ўйин сценарийси эса "Андижон" ўта ноқулай. Шу сабабли "бургутлар" рақиб дарвозасига йўл топишда қийналишади ва жуда кам гол уришади. Футболда эса гол урмасдан ғалаба қозонишнинг иложи йўқ.
Ўтган мавсумларда ўзининг ёрқин ўйинлари билан жамоага кўплаб очколар келтирган футболчилар жорий мавсумда кутилганидек самарали ўйин намойиш эта олишмаяпти. Масалан, жамоа сардори бўлган ва ҳимоядаги барқарор ўйин намойиш этган Владимир Бубанья жамоани тарк этди. Бубаньянинг марказий ҳимоядаги шериги бўлган Ильдар Маматказин ҳам "Андижон"ни тарк этди. Уларнинг ўрнини босиши керак бўлган футболчиларда эса адаптация жараёни ҳали ҳамон давом этмоқда. "Лочин"га қарши кечган иккинчи голдаги ҳимоядаги хато яққол мисол бўла олади.
Шунингдек, ўтган мавсумда ёрқин ўйинлари билан ёдда қолган Фарҳод Соҳибжонов ва Бектемир Абдуманноновлар янги мавсумни омадсиз бошлади. Фарҳод Соҳибжонов янги мавсумда фақатгина Суперлига доирасидаги "Машъал" ва Кубокдаги "Сурхон"га қарши баҳсларда асосий таркибдан жой олган эди. "Қўқон-1912" ва "Навбаҳор"га қарши баҳсларда захирадан ўйинга қўшилган. Суперлигадаги "Сўғдиёна" ва "Динамо"га қарши кечган сўнгги учрашувларда Соҳибжонов захира ўриндиғида қолиб кетмоқда.
"Навбаҳор"га қарши Кубок финалининг иккинчи бўлимида майдонга тушиб, учрашувда иккита голга ассистентлик қилган Бектемиров Абдуманнонов ҳам мавсумни ўз даражасидагидек бошлай олмади. Абдуманнонов янги мавсумдаги тўққиз учрашувда ҳали бирорта гол урмади ва голли пас амалга оширмади. 22 ёшли ярим ҳимоячи ўтган мавсумнинг май ойига қадар Суперлигада бешта ассист қайд этган эди.
"Андижон" сўнгги дақиқалар қурбони бўлмоқда
Ўтган мавсумдан буён "Андижон тайм" деган иборани машҳур бўлишига сабаб бўлган жамоа, янги мавсумда ўзи сўнгги дақиқалардаги голлар қурбони бўлмоқда. Дастлаб жамоа "Сурхон"га қарши баҳснинг 89-дақиқасида гол ўтказиб юборди ва якунда 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Орадан уч кун ўтар-ўтмас, "Динамо"нинг ёш футболчиси Фирдавс Абдураҳмонов 90+13-дақиқадаги "бургутлар" дарвозасини ишғол этди ва ўз жамоасига ғалаба келтирди.
Барча ҳайратга солган "Лочин"га қарши баҳсда ҳам Хомяков жамоаси сўнгги дақиқаларда ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди. Сўнгги уч ҳафта давомида "Андижон" нақд уч ўйинда сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юборди ва имкониятни бой берди.
Хулоса
Водий клуби кетма-кет тўрт учрашувда мағлуб бўлди. Жамоада кичик инқироз даврида. ОКМКга қарши кечадиган бугунги баҳс жамоанинг кайфиятига таъсир қилиши мумкин. Агар "бургутлар" ғалаба қозонишса, сўнгги вақтлардаги омадсиз натижалар бироз унутилиши мумкин бўлади. Хомяков жамоаси сенсацион тарзда Ўзбекистон Кубогини тарк этди. Энди жамоа фақатгина иккита фронтда иштирок этади. Шахсан мен "Андижон"дан Осиё Чемпионлар Лигаси 2 мусобақасидаги муносиб ва муваффақиятли иштирокини кутяпман. Жамоанинг халқаро майдондаги муваффақиятли муносиб иштироки Ўзбекистоннинг ОФК клублар рейтингидаги поғонасига ижобий таъсир қилиши мумкин.
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар
Европаликларга ухшаб хар 3 Кунда уйнаса екан нагрузка деса